Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 04 Апрел 2020 Кӯришлар: 2668
Печат

 

j ergash 2020СОҒИНЧ

Ҳеч бири келтирмай хаёлга,

Берарми талабга жавоблар.

Истаган шеър ёзиб, уволга

Нашрдан чиқар гоҳ китоблар.

 

Зоҳирда жалб этса чиройи,

Ҳар ким ҳам ўқишни хоҳлайди.

Лек омил топмаса киройи,

Қайтиб ҳеч қайрилиб боқмайди.

 

Илҳом ҳар кўнгилга келмагай,

Кутсанг-да, кечалар уйқусиз.

Ёзганинг мукаммал бўлмагай,

Илоҳий маҳорат, туйғусиз.

 

Бир китоб бағридан изладим,

Варақлаб сеҳрга бой сатр.

Сўзга чўнг эътибор сезмадим,

Ижодкор ёқмади негадир…

 

Мен суйган шоирлар рўйхати,

Сеҳридан кўзларинг ёшланар,

Ҳар сўзнинг беқиёс қудрати,

Неъмат Иброҳимдан бошланар.

 

Билсам-да, бермагай Оллоҳим,

Бу фоний дунёга қайтариб,

Шоирни излайди нигоҳим,

У йўқки, шеърият ҳам ғариб.

 

Унча вақт ўтган йўқ, ҳозирдан,

Армоним безовта қиляпти.

Кўнглимга қадрли шоирдан,

Яна шеър ўқигим келяпти.

 

УЗМАНГ КЎНГИЛ

Яхши ният боридан узманг кўнгил,

Бир умр такроридан узманг кўнгил.

 

Мақсад ичра эзгулик пинҳон эса,

Асло дил асроридан узманг кўнгил.

 

Тилга не гар келса, изҳор этмангиз,

Вақт ҳам меъёридан узманг кўнгил.

 

Элга манзур қадрингиз нодонга ҳайф,

Бул ҳаёт бозоридан узманг кўнгил.

 

Кулса нодон эътибор берманг, мудом

Халқнинг назаридан узманг кўнгил.

 

Ҳар машаққат ортидан роҳат келур,

Безарар озоридан узманг кўнгил.

 

Айбингиз фош этса ёв, деб ўйламанг,

Яхши дўст рафторидан узманг кўнгил.

 

Ота-она, барча хешу ақрабо,

Суҳбату дийдоридан узманг кўнгил.

 

Дўстлар, Муҳтож дилим шод айлабон,

Ушбу хушгуфторидан узманг кўнгил.

 

ИСТАДИМ

Мен ҳорғин кўнглимга мажол истадим,

Беғубор ҳаётдан висол истадим.

 

Бу фоний дунёда бир лаҳзалик жон,

Умрим бўлмасин, деб увол истадим.

 

Садоқат, вафога омад ҳамиша,

Хиёнат, риёга завол истадим.

 

Севгидан гўзал ёр қилмадим талаб,

Содиқ бир меҳрибон аёл истадим.

 

Ошиқлар хулқидан изладим ҳаё,

Отабек, Кумушга мисол истадим.

 

Кимнингдир дўстлигин тан олдим ошкор,

Кимгадир ниқобсиз жамол истадим.

 

Ҳар лаҳза ёмондан кутдим яхшилик,

Бағри қум саҳродан ниҳол истадим.

 

Мен неки истадим холис, беғараз,

Эл аро келтирмай малол истадим.

 

Дейдилар орзуга айб йўқ, Муҳтож,

Мен шундай айби йўқ хаёл истадим.

  

АҲЛИ ИШҚ ДЕГАЙЛАР…

Ошиқмас десам гар оғринма, дилим,

Вафога итоат этмаганларни.

Аҳли ишқ демоққа бормайди тилим,

Севгининг қадрига етмаганларни.

 

Шарқда ҳам омонат орият, ҳаё,

Сулувлар қалбида бири қолмади.

Юлдузларга кўчди қароқдан зиё

Туркона кўзларнинг сири қолмади.

 

Ўзга ёр васлига етишмоқ осон,

Бирига қаноат қилмаса кўнгил.

Алданган муҳаббат ўртада сарсон,

Хиёнатнинг эса, оёғи енгил...

 

Хижолат ўртайди, ой маъюс боқар,

Юлдузлар оройиш билан овора.

Қай бир зот ўзганинг эшигин қоқар,

Ишқ қайда, нафсига излар у чора.

 

Дунёнинг бузилиб бориши шундан,

Хиёнат бор дилга вафо сиғмайди.

Зинокордан фарзанд туғилса, ундан,

Нобакор чиқади, солиҳ чиқмайди.

 

Мен нечук аҳли ишқ дейман ҳалоллик,

Садоқатдан айро вужуд - танларни.

Аҳли ишқ дегайлар ўшанга лойиқ,

Муқаддас вафога юкинганларни.

 

АЁЛ

Дунёдан ёш ўтса бир аёл,

Кўнглим аро минг гап ўтади.

Қоғоз узра тўкканим яққол,

Нидоларга ўхшаб кетади.

 

Асли ҳаёт - тошқин дарёнинг,

Гирдобида минг хилда жонинг.

Шўрлик аёл ушбу савдонинг,

Азобига яраб ўтади.

 

Гар фироққа айлаб пояндоз,

Висол йўлин банд этса аёз,

Кўзлар тўла соғинч, эътироз,

Қароғида кураб ўтади.

 

Нидо қайда, тонг бундан огоҳ,

Тун - кечалар юлдузлар гувоҳ,

Дил дардин у сокинлик - паноҳ,

Бардошига ўраб ўтади.

 

Тақдирда бор умрининг нақдин,

Машаққатга айлабон тақдим.

Ўзи қолиб, фарзандлар бахтин,

Яратгандан сўраб ўтади.

 

Елкасига чўкса ҳам дунё,

Гард қўндирмас бардошга, аммо

Фарзанд ўтса, дил ғамдин адо,

Девор янглиғ нураб кетади...

Жўра Эргаш,

 Душанбе шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30            

МАҚОЛАЛАР

Миллат пешвосининг бунёдкорлик сиёсатини қўллаб…

 

Тожикистон ичимлик сувига бойлиги билан дунё мамлакатлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Сув бор жойда ободлик ва тараққиёт бўлади. Парвардигор томонидан бандаларига неъмат қилиб берилган сув ва унинг хусусиятлари тўғрисида асрлар оша гапириб келинади. Айни замонда, дунёнинг турли ҳудудларида сув танқислиги кузатилаётир, айниқса, Африка қитъаси мамлакатларида бу ҳолат кўзга яққол ташланади.

Муфассал...

Ҳар кимки ҳаётда яшнаган порлаб…

 

ШОИР ҚАДРИ

Қай кун ишқ аҳлини эзса жудолик,

Ботирлар кучида сезса адолик,

Қай кун одамларни енгса танҳолик,

Ўшанда билинар шоирнинг қадри.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2611100

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10347901
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4527
4983
31354
10274571
83413
161581
10347901

Сизнинг IPнгиз: 216.73.217.95
Бугун: 14-11-2026 14:08:57

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015