Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 11 Май 2018 Кӯришлар: 241
Печат

 

a said 2018Абдулло Саид 1968 йилнинг 5 майида Хатлон вилоятининг Бохтар (ҳозирги Кўшониён) ноҳиясида таваллуд топган. Хўжанд Давлат дорилфунунининг ўзбек филологияси куллиётини тамомлаган. Тожикистон Журналистлар иттифоқи аъзоси, матбуот аълочиси. Шеърлари республика ва қўшни мамлакатлар вақтли матбуоти ҳамда бир қатор алманахларда нашр этилган.

Унинг республикамизда яшаб, ижод қилаётган забардаст туркзабон қаламкашлар сафидан мустаҳкам жой олганига анчагина бўлиб қолди. Соф лиризм, қуйма иборалар, гўзал фалсафий мушоҳада, орифона ташбеҳлар шоир истеъдодининг чўнг қирраларидир. Эллик - камолот ёш устида турган Абдулло Саид шеърлари билан танишар экансиз, бунга амалда ишонч ҳосил қиласиз, деган умиддамиз.

Искандар Маҳмадалиев, ёзувчи.

 ЭЪТИРОФ

Эй отам, эй онам, эй жигарбандим -

Нурли юзларидан балққанлар қуёш.

Сизсиз, юртимизнинг энг шарафманди,

Ватанга эрк берган, кийдирганлар тож.

 

Эй акам, эй опам, эй жигарбандим,

Эй, оқу қорани таниган каслар.

Сизнинг ичингизда йўқдир номарди,

Йўқдир ватанфуруш, хоин - каргаслар.

 

Эй укам, эй синглим, эй жигарбандим -

Мустақил юртимнинг бунёдкорлари.

Ҳар бирингиз жўмард, абжир ва танти -

Осмонўпар тоғлар бургут, сорлари.

 

Сизлар бор экансиз, Ватан ободдир,

Харобалар дўнар гулзор, чаманга.

Ва Сизнинг туфайли кўнгиллар шоддир,

Файзу футуҳ келар юртга - Ватанга!

 

ҲАСБИ ҲОЛ

Бир нуқтадан кўзин узолмай,

У зил-замбил хаёлга ботар.

Унинг ўйчан нигоҳларида

Армон ётар, изтироб ётар.

 

Билмам нелар ўтди бошидан?

Этиб қўйди майин табассум.

Эҳтимолки, шу он ўйида

Ёшлик топган бўлса тажассум?

 

Чопқиларди беғам, бепарво,

Болаликда кезиб кўчалар.

Отасидан тингларди қисса -

Шоҳ Машрабдан узун кечалар.

 

Сўнгра мактаб остонасига

Ўн йил қадам қўйди покиза.

Ортиқов ва Саид муаллим

Унинг учун бўлди андаза.

 

Шоир бўлмоқ осонми сенга,

Дард чекмасанг йиллабу ойлаб.

Шеър деб, Хўжанд сари йўл олди,

Кўч-кўронин портфелга жойлаб.

 

Шодиеву Абдуқуловлар,

Мамадову Абдуқодиров.

Сўз илмидан этдилар огоҳ

Миясини илмга ботириб…

 

Гарчи бугун элликда ёши

Умр ато айламиш Худо.

Оғир экан турмушнинг тоши

Яхши шоир чиқмади, э-воҳ!

 

Шу ёшгача ориқ бўлса ҳам,

Битта тўплам чиқаролмади.

Жилд-жилд китоб ёзган шоирлар

Сафларидан жой ололмади.

 

Не бўлса ҳам этар шукрона,

"Фарзандарим - асалларим", - дер.

"Назрулло-ю Азиз, Дурдона -

Бемисл, зўр асарларим", - дер…

 

Не яшади элликка кириб,

Эҳ, неларни кўрмади боши.

Не бўлса ҳам сўнмаса басдир,

Юрагида иймон қуёши!

 

Бир нуқтадан кўзин узолмай,

У зил-замбил хаёлга ботар...

 

МУҲОФАЗА

Гар кўнгилда саф турсалар,

"Ҳуваллоҳ, Ҳу"нинг аскари.

Сендан йироқ кетгай қочиб,

Шайтони лаин лашкари.

 

Қутқу сололмас кўнглинга,

На-да кейин, на илгари.

"Аллоҳ" десанг, бўлғай ғариб

Шайтони лаин лашкари.

 

Дилингни забт этай, дея,

Минглаб чақиримдан нари -

Орзу қилар, пайт пойлагай,

Шайтони лаин лашкари.

 

Зикруллоҳ бўлгил сен, мудом,

Қўйгил қадам Роббинг сари.

Яқин йўлолмас ҳеч қачон

Шайтони лаин лашкари!

 

***

Севгимни яшириб яшадим,

Тоғлардан, тошлардан - баридан.

Гуллардан-гулзордан яширдим,

Гулдан накҳат сўрган аридан.

Севгимни ор билан ўраб,

Кафанини номус-ла бичдим.

Бомдодда, тонг пайти - азонда,

Кўнглимни бир Худога ечдим…

Яшириб бўлмади Худодан.

 

ҲИДОЯТ

Кимки ўзни таниса,

У Роббини танигай.

Англамаса гар ўзни,

Ҳар қадамда панд егай…

Муҳаббати илоҳни,

Кўнгилга чуқур жойлаб,

Хушнуд этиб арвоҳни,

Ҳар тун тиловат айлаб.

Изла қалбдан Ўзингни,

Сукутларга ўраниб.

Ўзни Дилдан сўрагин,

Ўзни Ўздан сўрагин…

 

***

Бир улкан шаҳар бор ичимда,

Фуқаросин бари бахтиёр -

Кўзларида акс этар қуёш,

Қалбларида нур бор, зиё бор.

 

Бир улкан шаҳар бор ичимда,

Қонунлари - инсоф, адолат.

Ва бу юртга дориёлмагай,

Разолату зиллу залолат…

Бир улкан шаҳар бор ичимда…

 

***

Бугун ҳаёт бошқа, замон бошқача,

Юртда сурур бошқа, даврон бошқача.

 

Кўнгилга ин қурмиш эзгу интиқлик,

Кўнгил қўмсар ёрни армон бошқача.

 

Ёрнинг назарида чексиз раҳмат бор,

Бу бемор қалбима дармон бошқача.

 

Ўтур жаранглатиб қўнғироқларин -

Дилнинг саҳросидан карвон бошқача.

 

Муҳаббат, адолат истагимиздир,

Бу роҳга элтувчи сорбон бошқача.

 

Ердан топмаганни кўкдан истадик,

Кўк сари қўйилган нарвон бошқача.

 

Шукр, озод юртга эришдик биз ҳам,

Истиқлол аталмиш қўрғон бошқача.

 

Абдулло, юртингга фидо айлагил,

Лозим ўлса бошни қурбон бошқача.

 

***

Қуёшдан нур эмиб,

Бир сурур эмиб,

Нурли нуқталарга тикарман кўзим.

Сукунат бағрида яшолмам энди,

Энди тоқатларга берсин-да тўзим.

Қуёшдан бир тилсим, ҳайрат энаркан,

Бардош берарканман нурлар тиғига.

Томирда аждодлар қони гупуриб,

Юракда жасорат, ғайрат туғилгай.

Сезаман вужудда Рустамнинг кучин,

Алпомишнинг сўнгсиз вафосини ҳам.

Тинглайман пир - Румий чилдирмасининг

Кўнёда чиқарган садосини ҳам…

Қуёшдан нур эмиб…

КАЛЕНДАР

« Сентябр 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30

МАҚОЛАЛАР

ДИННИ НИҚОБ ҚИЛГАН ЭКСТРЕМИСТЛАР…

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг мамлакат Олий Мажлисига юборган навбатдаги Паёмини барча ватандошларимиз қатори биз Имом Абуҳанифа (р.) номли Тожикистон Ислом олийгоҳи ўқитувчилари жамоаси ҳам ҳамжиҳатлик билан ойнаи жаҳон орқали томоша қилиб, сўнгра чоп шаклидагисини мутолаа қилдик. У кишининг ҳар бир айтган маъноли сўзларида ҳаёт акс этаётганини

Муфассал...

Қор ёғса…

       Қор ёғишини энг гўзал табиат ҳодисаларидан бири сифатида кимлардир жуда интизорлик билан кутадилар. Бунинг боиси шундаки, қор улар учун қандайдир, фақат ўша кишиларнинг ўзигагина маълум бўлган бир мўъжизага сабаб ёки туртки бўлади.

Агар бошқа фасл бўлганда, балким, улар баҳор келиб, илк дарахтлар гуллашини, ёзнинг иссиқ кунлари тезроқ етиб келишини, куз фасли келиб, пахта терими бошланишини ёки бошқа кўплаб воқеа-ҳодисаларни кутган бўлишармиди?

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
560
Мақолаларни кӯрганлар сони
254216

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1604406
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1841
996
8753
1587452
37719
67032
1604406

Сизнинг IPнгиз: 54.225.59.14
Бугун: 20-09-2018 05:05:10

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015