Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 11 Декабр 2017 Кӯришлар: 53
Печат

 

beshik 2017 07Қарийб бир ойдан буён боғ четида қандайдир иш билан машғул. Қалам билан ниманидир белгилайди, арралайди, қоғоздаги эскизни чўпга тушириб, уни қочов билан ўяверади, ўяверади… Унинг нима қилаётганлигини бирор киши билмайди, сўрамайди ҳам. Агар кимдир ҳовлига кирса ёки боғ четидан ўтиб қолса, ишора билан салом беради ва паст овозда  "Ҳорма, ишлар билан" дейди. У ҳам аранг жавоб қайтаради  ёки бошини қимирлатибгина  қўяқолади.

Ҳаттоки, уйдагилари ҳам нима қилаётганлиги, ёғочдан  нима ясаши ва ёки нима учун ясашини сўрамайдилар. Фақат бир-икки мартагина отаси (кейинчалик билишича  бобосини ота, деб юрган экан) "болам, шу ишларинг нега керак? Ўзинг касал бўлсанг, бунча ўзингга азоб берасан, соғайиб кетгунингча дамингни олгин",-деб уни бу ишларидан қайтармоқчи бўлганди, бироқ у отасига маъноли қараш қилиб:

- Йўқ, мен, албатта, шу ишни қилишим керак,-деди.

Отаси унинг қатъий жавобидан қандайдир мантиқу маъно англагандек, қайтиб бирор нарса демади.

Ҳатто, унинг ўзи ҳам бу фикр миясига қаердан ўрнашиб қолганлигини билмайди. Бироқ  ўзи ясаши лозим бўлган нарсани ясамоғи керак.

Касали кундан-кунга кучайиб борарди. Ўлганнинг устига тепган деганларидек, уч-тўрт кундан буён оғир-оғир йўталмоқда. Кеча кечаси, ўн тўрт кунлик ой зулмат пардасини йиртиб нур таратаётган, дайди итлар акиллаётган, дераза ортидаги ариқ шилдираб оқаётган, қурбақалар гоҳ-гоҳида "вақ-вақ"лаб, бойўғли "ҳув-ҳув" қилаётган ва барча қишлоқ аҳли ором уйқуда бўлган пайт у бедор  эди. Чунонам йўталардики, касал ўпкаси нафас олишга тоза қийналарди. Нафас олиш тезлашгани боис, бошида оғриқ туриб, кўз олди қоронғилашиб кетди. Судралиб-судралиб жойидан қўзғалди-да, термосдаги қора чойдан қуйиб, новвот солди ва асал аралаштириб, бир-икки ҳўплади.

Асал ва новвот аралашган иссиққина чой шамоллаган ўпкасига ёқиб тушди, гўё йўтали камайгандай бўлди.  Тез-тез нафас оларди. Аста-секин кўрпага ўралиб, қалдирғоч ин қурган уйнинг шифтига назар солди. Хаёли узоқ-узоқларга кетди. Шунда у ўзи билмаган ҳолда, қалтирай бошлади. Танасининг қалтироғи кучайгандан-кучайиб борарди. Тишлари тақилларди. Иссиғи кўтарилган  эди.

Озғин, тинимсиз қалтираётган қўллари билан яна ўша термосдан чой қуйди. Икки-уч ҳўплам ичди-ю, тезда кўрпа ичига ўраниб олди. Ўн-ўн икки дақиқадан сўнг, танасидан тер оқа бошлади.

Вужуди ёнарди…

Ва шу тарзда анча вақтдан сўнг, уйқуга кетди…   

Қўшнининг хўрози қичқирган пайт, онаси челак олиб, тиззалаб ўтириб, сигир соғишга киришди. Челакка «шир-шир» этиб тушаётган сутнинг овозини эшитиб, тезда ўрнидан турди-ю ташқарига чиқди. Юз-қўлини ювиб, ўша томон юрди.  Янги соғилган иссиқ сутнинг ҳиди димоғини қитиқлади.

Балки бир неча кундан сўнг, сутнинг ҳиди димоғига урмас, бузоқнинг қозиғидан бўшалиб, онаси арқонини тортиб, юлқалашини кўрмас, балки шу ҳидлар бу дунёда у ҳидлаётган охиргиларидандир, сутнинг челакка тушаётган овози унинг қулоқларини эркалаётган энг сўнгги  товушлардир, балки… 

- Тилав! Болам сенмидинг, овоз ҳам чиқармайсан, қўрқитиб юбординг-ку, ахир, - онасининг бу гапи тўзғиган хаёлини ўзига қайтарди.

Онаси сигирни соғиб бўлди. Челакни Тилавга бериб, бузоқни ҳайдовга қўйиб юборди. Шу пайт Тилав лабини челакнинг четига қўйиб, уни тепага кўтарди. Янги соғилган сутни очкўзлардек симирди.

-Бўлди, бўлди, касал бўлиб қоласан! -деб челакни қўлидан олди онаси.

Тилав онаси уйга кириб кетгандан кейин, майдалаб қовулган беқасам тўнини  қўлига олиб, ҳовли бўйлаб айлана бошлади. Қуёшнинг ҳаётбахш нурлари аста-секин атрофни қамраб оларди.

Оҳ, янги куннинг бошланиши, қанчалар гўзал. Янги ҳаёт бошланиши…

Қуёшнинг иссиқ тафти секин-аста унинг танасига янги куч-ғайрат бағишлади. У дарахт кундасига омонатгина ўтирди.    

Ҳали ҳаётда кўп нарса кўрмаган. Гарчанд, эркатой бола бўлиб, кам-кўстни кўрмасдан, қийинчиликларсиз вояга етган бўлса ҳам. Обрў-эътиборли отаси, мунис ва меҳрибон онаси, тўртта тоғни талқон қиладиган акалари ва иккита бир-биридан гўзал опаси бор эди. Ўқиши ушбу дардга гирифтор бўлишига сабаб бўлган шум хабарни эшитмагунга қадар соғлом, бардам, тетик эди, бола бечора.

Ҳужжатларини пойтахт университетларидан бирига топшириб, талабалик бахтига муяссар бўлгандан сўнг, ўртоғи Фаридун ва яна икки курсдоши билан талабалар ётоқхонасининг бир ҳужрасида яшай бошлади.

Отаси доим бир гапни такрорларди: "Тилавжон, қишлоқда электр ишларини тушунадиган кишининг ўзи йўқ. Болам, электрикликка ўқигин, эрта-ю кеч бирор-бир хонадоннинг чироғи ўчиб қолса, дарров тўғрилаб берасан. Одамлар уйига нур олиб кирасан, ёруғлик тарқатасан. Бу, албатта, савоб иш, болам. Бир ойдан буён отхонанинг чироғи йўқ. Холиқнинг ўғлига ўн марталаб айтдим, ялиндим, келмади. Кўрдингми, болам, ўша тирранча  шу касб ортидан обрў, эътибор, ҳурмат қозонди. Агар бундай олиб қарайдиган бўлсак, жандапўш Хурсанд Холиқ ўғли қаерда-ю, мен-Эшон Акбархон ибн Жунайдулло Астрободий ўғли қаерда?"

Ўша шум хабарни эшитган кун бошқа ҳеч бир кунга ўхшамасди.  Бу кун "Эгизак" минораларини портлатишгану дунёнинг бир қитъаси мотамда эди, гўё. Унда саҳроларнинг қум тўфони шаҳарда тўзғиб, одамлар кўзу оғзини тўлдириб, барчани гунгу кар қилган эди, назаримда. Қон босиму юрак касали бор кишилар касалхоналарга жўнатилди. Бу кун фалак идорасини бир неча соат Шайтон қўлига олгандек эди.  Тилав ҳам ташвишли ҳолда, ётоқхонага келиб, эшикни очмоқчи бўлганди, кутилмаганда болаларнинг "Тилав… Тилав…" деган сўзлари қулоғига чалинди.

У  булар мени ғийбат қилишаётгандир, деган фикрда тўхтаб, эшикка қулоқ тутди.

- Бечора Тилав, бобо-ю  момосини отам-онам дейди,- дегин?

-Ҳа…

-Қандай?

-Ушбу воқеани Нилону Нажвода барча билади, Тилавдан ташқари. Лекин одамлар ўлимларидан олдин агар бошлари дор остида бўлса ҳам, бу ҳақдаТилавга ҳеч нарча демасликни бир-бирларига ваъда қилишган…

***

Тилавнинг ота, деб юргани аслида бобоси бўлиб, қишлоқнинг обрўли кишиларидан эди. Унинг отаси Эшон Акбархон Эшон Жунайдуллоҳ Астрободий авлодидан бўлиб, бу водийнинг халқи унга мурид эди. Унинг отаси Ворисбек Астрободий - ушбу водийнинг амири бўлиб, Шўролар ҳукуматидан олдин барча унга бўйсунар эди. Шажаранинг давомчиси бўлган бу киши зотидан фақат Тилавнинг отаси бўлиб, ҳукуматнинг юқори лавозимларида ишлаган, ҳозиргача қишлоқ аҳли унга ҳурмат билан "Раис", деб мурожаат қиладилар. Чиройли ва барчанинг ҳаваси келадиган фарзандларни ўстирди. Халқнинг унга ҳаваси келарди. Ўғил-қизлари олдинма-кетин улғайишди. Уларнинг одоб ва ахлоқлилиги барча ҳамқишлоқларининг назарига тушишига боис бўлганди.

Уларга қўшни бўлиб Қосим Қудрат яшарди. Унинг Нурсултон исмли ақлдан озган ўғли бўлиб, қаерга хоҳласа бош суқиб, қайси уйга истаса, кириб кетаверарди.  Халқ ундан ҳазар қилмасди. Ўзларини унинг ёнида ноқулай ҳис этмасдилар.

 Нурсултоннинг ёши ўн олтига  тўлган вақтда кимнингдир уйида тасодифан ёки бўлмаса кимнингдир ҳаракати билан  бемаъни бузуқ филмни томоша қилди-ю унинг носоғлом фикру зикри ўша томонга кетди.

Шундай қилиб, Нурсултон кунларнинг бирида раиснинг ҳовлисига кирди. Кунда устида ғужанак бўлиб, қайсидир инглизча  ишқий роман устида ноз уйқудаги Заҳрога кўзи тушди.

Дод-вой, нола-ю фиғон товушини эшитган қўшнилар раиснинг ҳовлисига келишди. Заҳро ёйилган сочлари, кўзлари тўла ёш билан ўзини кўрпача устига ташлади. Дераза пардасини юзига тортиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади.

Раис қаердандир пайдо бўлди. "Болам", деб бақирди бор овозида. Отасининг важоҳатли овози Заҳрони чўчитган эди. Ўрнидан сапчиб турди-ю хонадан ташқарига чиқди. Қорда оёқяланг юриб,  ўзини оғилхона ичкарисига урди. Раис ҳозир Тилав ўтирган кунданинг устига келиб ўтирди. Кўзлари тўла ёш билан ҳалқнинг ҳузурида бола сингари зор-зор йиғлади…

Нурсултоннинг отаси Қосим, онаси Ҳабиба шармандаликларидан нима қилишларини, нима дейишларини билмасдилар. На йиғлашларини балардилару ва на бу ҳодиса ҳақида бирор нарса дейишни. Ниҳоят, Қосим журъат қилиб синиқ овоз билан деди:

-Раис, биз билан сиз кўп йиллик қўшнимиз…

-Биламан Қосим, биламан…

-…Лекин бўлиб ўтган воқеа мени ва етти пуштимни сизнинг олдингизда уятга қўйди, уятга…

-Йўқ, Қосим, бундай дема!

-Мен тонг саҳарда юкларимни йиғиштириб, оиламни олиб, қишлоқдан кўчиб кетаман.  

-Сенинг кўчиб кетишинг нимани ўзгартиради Қосим?

-Мумкин сизни?..

-Йўқ, кетма, Қосим! Ўғлинг касал. Бунда сенинг гуноҳинг йўқ.

Лекин шу пайт ҳеч ким кутмаган, бировнинг хаёлига келмаган воқеа содир бўлди. Нурсултоннинг катта акаси Нуриддин шу кеча Фатҳуллонинг қизига унаштирилиб, нон ушатилганди, раиснинг олдига келиб тиз чўккаллаб ўтирди-ю, унинг қўлини тутиб, деди:

-Раис амаки!

-…

-Мен Нурсултоннинг ишидан уятдаман…

-Сенинг нима гуноҳинг бор, болам?

-Йўқ, бу доғнинг етти пуштимизда қолишини истамайман. Мен Заҳро билан оила қураман, йўқ деманг, амаки, ваъда бераман уни бирор нарсага зориқтирмайман, илтимос, амакижон, йўқ деманг.

-Ахир, болам, сен Фатҳуллонинг қизига фотиҳа қилиндинг-ку.

-У чиройли ва фаросатли қиз. Уни мендан бошқа киши ҳам олиши мумкин. Лекин Заҳронинг ҳаёти куяди…

Раис лом-мим демасдан ўрнидан турди-ю ташқарига чиқди.

Нуриддин тўпланган халқ томонга юзланиб, деди:

- Бу воқеани барчангиз эсингиздан чиқаринг, ғийбатни бир томонга йиғиштириб қўйинг…

"Шаҳарнинг дарвозасини ёпса бўлади-ю, ҳалқнинг оғзини ёпиб бўлмас". Энди барча Заҳро, Нуриддин ва Нурсултон ҳақида гапиришарди. Бир гуруҳ Нурсултонга лаънат айтса, яна бир гуруҳ Нуриддинга раҳмат дерди. Заҳронинг Нурсултондан ҳомиладор эканлиги тўғрисидаги гап тарқалган пайт, Нилон кўчалари ёнарди-ю Нажво кўчалари портлагандек эди, гўё.

Шундай қилиб, одамларнинг бу хонадон ҳақидаги гаплари тўққиз ой давом этди. Бола дунёга келди.

Ўғил.

Лекин Заҳро у томонга қиё боқиб  қарамади. Қўлига ҳам олмади. Ҳатто, бирор марта  бола оғзига кўкрак тутмади.

Онаси:

-Эй қиз, бундай қилма, боланинг уволи уради. Сут кўкрагингда қотиб қолади, касал бўласан.

Лекин Заҳро эшитмасди.

Сутини ёнғоқ томирларига, ҳозир Тилав нимадир ясаётган ёнғоқ томирларига соғиб ташларди.  Соғаверганидан кўкрагида оғриқ пайдо бўлганди. Лекин шунга қарамай соғаверди, соғаверди… Сути қуримагунча соғаверди. Олти ой тўхтовсиз соғди. Сут тўхтади. Бу вақт ичида Тилавни бир марта ҳам бағрига олмади. Бешигини ҳам тебратмади.

Ҳатто, Нуриддин билан оила қурган пайтда ҳам, Тилавни бирга олиб кетмасликка шарт қўйди. Ота-онасига ҳеч қачон Тилавнинг онаси эканлиги тўғрисидаги ҳақиқатни ошкор қилмасликларига қасам ичирди.

- Фарзандингиздек катта қилишни истасангиз, марҳамат, агар хоҳламасангиз, Қоратоғ чўққисидан пастга улоқтиринглар,-деди тўй куни Заҳро.

Заҳро биринчи фарзандини дунёга келтиргандан ва Нуриддин билан тўйлари бўлиб ўтгандан сўнг, Қоратоғ ортидаги Нажво қишлоғига кўчиб кетди.

Тилав ота уйига онда-сонда келадиган ва ҳар келганида, ноқулай ҳис этадиган Заҳрога эса, "опа", деб мурожаат қиларди.

***

-Уфф, ана шунақа,-деди Фаридун ҳикоясини якунига етказиб. Тилавнинг бошига осмон қулагандай бўлди. Миясига қон қуйилди. Ётоқхонанинг ҳовлисига чиқди-ю, ўриндиққа ўтирди.

Неча соат ўтирганини билмайди, лекин ҳеч нарса ҳақида ўйламаганлигини аниқ билади. Хаёлидан бирор нарса ўтмади. У карахт бўлиб қолганди… Ўнг қўли чўнтагида эди, ўзига келган пайт ҳам шундай ўтирибди…

Тилав иш жойига қайтди. Бир ойдан буён ёнғоқ ёғочидан, ўша Заҳро олти ой давомида сутини соғиб ташлаган ёнғоқдан нимадир ясарди. Нима ясаётганлигини ўзи биларди, холос, лекин ишидан рози эканлиги кўриниб турарди. Тахталарга гул ўйиб, алиф суртиб, қуёшга қўйганлиги, гулларнинг жуда чиройли чиққанлигидан маълумки, ўзининг сўнгги мақсадига етишига бир-икки кунгина қолган.

Фаридун бор ҳақиқатни очиб ташлагандан кейин, дунё Тилавнинг кўз ўнгида буткул қоронғилашиб кетди. Туну кун ғам чекди. Ўзига эътибор бермайдиган бўлиб қолди. Ўша йилги қишда  неча кун устма-уст терлаб, бир-бир йўталди. Ўн тўрт кун давомида иситмаси 39-41 даражага чиқиб-тушиб турди. Кечалари ўзига-ўзи гапириб чиқади. Йўтал бу кеча қарийб бир соат азоб берди. Совуқдан йўталарди. Иситмаси 40-41 даража. Фаридун тез ёрдам чақириб келди. Ҳушига келган пайт сил касалига йўлиққанлигини айтишди…

Ота-онасининг айби билан сил касалига дучор бўлди. Ақлдан озган отаси билан йиллар давомида девордармиён  яшади. Онаси "Қоратоғ чўққисидан ташланглар", деганди уни. У барчасини кечирди. Девона бўлган отасини ҳам, шафқатсиз  онасини ҳам. Лекин кеч бўлган эди.

Қанийди, унга ҳақиқатни бошида, ҳеч бўлмаганда, ўспиринлик вақтида айтишганида эди, онасини бир марта бўлса ҳам тўйиб-тўйиб қучоғига олган бўлармиди...

***

- Э, болам, бешик ясабсан-ку, нега бунча катта?-  деди бобоси ясаган бешигини ҳовли ўртасига кўтариб келаётган Тилавга қараб. Тилав бешикни ерга қўйди-да, чуқур нафас олиб, деди:

-  Икки метру 20 сантиметр.

-Оҳ, ўғлим-эй, бир ой жон куйдириб, қаттиқ ёнғоқ ёғочидан бешик ясадим,-дегин. Лекин нега энди 2 метру 20 сантиметр?

-Керак бўлади…

Бобоси-ю момосининг димоғига ўғилларининг бу хатти-ҳаракатидан нохушлик шамоли урилди. Айниқса, момосини шунчалик ҳам қўрқув чулғаб олгандики, бирор нарса дея олмади. Юрак урушини ҳис қиларди. У катта, чиройли ва ўймакорлик усулида ясалган бешикдан кўзларини узолмай  қолди.

Тилавнинг "она", деган овози уни ўзига келтирди.

-Ҳа,- деди тил учида момоси.

-Бу бешикка керак бўлган кўрпача-ю болиш, қўл ва оёқ боғичи, ёпинчиқ топинг. Мен уч соатлардан кейин келаман.

-Мен уч соат ичида бу бешикка ёпинчиқ тика олмайман.

-Бирор ёпинчиқ ташланг, бўлади. Мен кетдим.

-Қаёққа?

-Бир жойга.

 У отхона томон юрди. От эгарланган эди. Отнинг юганини оғзига солди-ю бир учини эгар қошига боғлади. Отни бўшатиб, миниб олди. Дарвоза олдига келган пайт момоси:

-Бу аҳволда қаёққа бораяпсан?

-Ишларим бор.

-Наҳотки, тунги шалвару майка билан кўчага чиқсанг. Эгнингга бирор тузукроқ нарса кийиб ол.

У отни ортга қайтарди-ю устун михига илиб қўйилган тўнни олиб, устига ташлади. Дарвозадан ташқарига отилиб чиқиб кетди.

Уч-тўрт ҳафтадан буён тузукроқ кийим ҳам кийган эмасди. Унинг баданига дағал кийимлар озор бераётганди. Пахтадан тикилган кенг шалвардан бўлак бошқа  нарсани кия олмайди. 

Уч ой илгари, касалхонадан жавоб бўлган пайт, жинси шим ва камар сотиб олганди. Фақат бир неча мартагина кийди, холос. Шу вақт ичида шунчалар озиб кетдики, шимини ушлаб турадиган камарини ўн бир марта тешди.

Нилон қишлоғи ортда қолди. Нажво томон  елиб борарди у. Бу қишлоқда Заҳро яшарди.   Нилону Нажвони Қоратоғ ажратиб турарди. Қишлоқлар ораси ярим соатлик йўл эди…

Тилав Заҳронинг дарвозаси ёнига келиб тўхтади. Дарвозани итариб, ичкарига кирди ва "опа", деб овоз чиқарди. Учинчи марта Заҳронинг уйига келиши эди. Нимага бобоси ва момоси уни Заҳронинг уйига кам олиб келишларини билмасди.  Ҳақиқат шунда эдики, уларнинг ўзлари ҳам кам келишарди. Масалан, у охирги тўрт-беш йил ичида қачон келганлигини эслолмайди. Заҳро ҳам кам келарди. Наҳот, Нурсултон Тилавнинг отаси Заҳронинг номусини топтаган кундан буён, ҳаёт бошқача тус олган, муҳаббат ҳам бўлиниб кетган бўлса?

Заҳро ташқарига чиқди-ю озиб кетган Тилавни бу аҳволда кўриб, ташвишланди.

-Нима гап, Тилавжон?- деб сўради.

-Ҳеч нарса, уйга борар экансиз.

Заҳро ота ёки онаси қазо қилиб, Тилав хабарга келган, деган фикрга борди. У  минг хавотирда шошилганича кийиниб ташқарига чиққан пайт Тилав:

-Опа, отга мининг, тезроқ, кетамиз,-деди.

Заҳро ҳамон ҳайрон, жимгина отга мингашиб, Тилавнинг камаридан маҳкам ушлади.

Онанинг қўллари Тилавнинг танасига иссиқлик, куч-қувват бағишлади. Бу қўллар ёз қуёши иситмаган танани иситиб борарди. У аста отнинг жиловини бўшатди ва унга қамчи босди. У Нилонга тез етиб боришни истамасди. Бутун вужуди билан ҳис этиб келаётган онасининг иссиқ нафасини туймасликни хоҳламасди. Онасининг қўллари камарини қўйиб юборишини истамасди, сира истамасди…

У сассиз ҳайқирарди: - "Эй, Нилон, узоқлаш. Эй, Худо, сел юбор, Қоратоғ йўлини ёпиб қолсин. Мен ва онам ўртада қолиб, Нажвога қайтолмасдан, Нилонга етолмай қолайлик. Эй, Қоратоғ, онам мени сенинг чўққингдан ташлашни орзу қилган тоғ. Агар мени ташлаб юборганда, еб ютадиган ваҳший тоғ. Эй, бу ишга йўл бермаган Худо! Нилону Нажво йўлини узайтиргин, узайтиргин. Майли, нилонлик оталар, Нажвода яшайдиган ўғилларидан, фарзандларидан узоқда бўлсинлар. Майли, оналар ўғилларини кам кўрсин токи, меҳрлари зиёда бўлсин. Муҳаббатнинг маъносини мендек англаб етсин! Лекин мен ва онам, қари Саман отим билан йўлимизни давом эттирайлик. Майли, онамнинг иссиқ нафаси танамга тегиб турсин…"

Шу пайт Тилавнинг томоғида дардли йўтал пайдо бўлди. Барча томирлари узилиб кетгандек, гўё.  Йўталиш баробарида тўнининг ички ёқаси, унинг осмон ранг астари қизариб қолди.  Иккинчи марта йўталди. Заҳро, ҳаттоки, бир марта бўлса-да, Тилавжон, нега йўталаяпсан?- деб сўрамади ҳам.  Лекин Тилав камарини ушлаб турган онасининг қўллари  оғзидан келаётган лахта-лахта қонга тегиб кетишлигидан ўзини эҳтиёт қиларди. Балки пора-пора бўлган касал ўпкасидан чиқаётган қонни кўриб, хижолат тортмасин, деганидир.

Нилон дақиқа сайин яқинлашиб борарди.

***

Улар ҳовли ичкарисига киришди. Заҳро отдан тушди-ю ота-онасини кўриб, бир оз кўнгли таскин топди. Хайрият, улар ҳаёт эканлар. Лекин уларнинг ҳайратда қолган чеҳраларини кўриб, бироз хавотирланди.

Тилав отни боғлаб  судралиб келди. Бешикнинг олдига етди-ю тўнини ечди.  Оқ майкасига ёпишган қонни кўрган бобоси, момоси ва "онаси" таҳликага тушишди.

-Болам, нима бўлди?

У ҳеч нарса демасдан майкасини ечди, қон жойларини бир-бир тозалаган бўлди ва:

-Она!-деди.

-Лаббай,- деди момоси ва у томонга қадам ташламоқчи бўлганди, Тилав:

-Сиз эмас, момо, ўзимнинг онам. Мени дунёга келтирган онамни айтаяпман!

-Нима дединг, болам?- деди момоси  гапни бошқа томонга бурмоқчи бўлиб, лекин Тилав:

-Онам, ўзимнинг онам ясаган бешигимга боғласин. Мен ҳамма гапни биламан. Тушунтириб узр-маъзур қилиб ўтиришга вақтим йўқ.

Тилав ўзи бешикнинг ичига кириб, чўзилиб ётди.

-Онам - Заҳро! Қўл-оёғимни боғланг, ҳаётимнинг энг сўнгги дақиқаларида мени тебратинг, алла айтинг, алла!

Тилавнинг кўзларида ёш қалқиди. Учаласи бешик тепасида доира олиб турди. Лекин Заҳро на олдинга қадам ташларди-ю на орқага. Ич-ичидан эзилиб, йиғларди...

-Йиғламанг она, қўл-оёғимни боғланг, алла айтинг, алла! Ҳаётимнинг охирги лаҳзаларида  бир бор алла айтинг, онажон!

Мен бу бешикни унда умримнинг охирги лаҳзаларигача тебратишингиз, ўлимимдан кейин эса, шу бешиктобут билан қабристонга олиб боришлари учунгина ясадим. Қабристоннинг синиқ тобути билан эмас, ўзим ясаган бешиктобут билан. Бу гулларнинг ўзига хос рамзлари бор. Ўқийми? Чиндан ҳам ўқийми? Э, йўқ, ўқимайман. Йиғлайсизлар! Қуюб йиғлайсизлар! Мен бешиктобут  ясаган бу ёнғоқ, менинг эмизикли акам ёки синглим. Йўқ, аниқ акам. Лаънати кучли, жуда қаттиқ эди. Мен нималар деяпман? Она, яхшиси келинг! Шу бешикка боғланг, шу бешиктобут билан олиб боришсин қабрга.

Отаси Заҳронинг елкасига қўл узатиб, олдинга юр, деган ишора қилди. Заҳро мажбур олдинга юрди-ю, бешикнинг ёнига чўккаллаб ўтирди.

Аввал оёқ боғлагич билан Тилавнинг оёқларини гўдакнинг оёғини боғлагандек боғлади, кейин қўлларини қўл боғлағич билан.  Ва бешикни тебрата бошлади.

-Она, кўнглингизда нима бўлса, ўшани айтинг.

-…

-Алла айтинг, алла!

Заҳро лабларини қимирлатиб паст овозда сўзларни оҳангга солиб куйларди. Аста-секин овози кўтарилди. Шунчалар кўтарилдики, Нилоннинг барча аҳли ҳовлига тўпланди.

Заҳро Тилавга нисбатан қандай нафратда бўлганлигини айтди, айтди, айтди… Ўша пайт ақлсиз бола эди. Кейинчалик оналик меҳрини ҳис қилди, лекин кеч бўлганди, қўрқди. Ҳар бир айтган сўзининг  орасида баъзида баланд ва ширали овоз билан "аллаёёёё, аллаааа", дерди. Қанчалик яхши кўришини айтди. Ўзини ҳеч қачон "Қоратоғ чўққисидан ташланглар", дегани учун кечиролмаслигини айтди…

Ва ҳар бир сўзининг орасида "аллаёёёё, аллаааа", дерди…

Чарчади. Нафаси бўғзига тиқилди. Бошини кўтариб, нафасини ростламоқчи бўлди. Нилоннинг барча аҳли боши устида тўпланганлигини кўрди. Нуриддин ҳам шу ерда эди.

Тилав ҳам аллага қулоқ соларди-ю, йиғларди.

-Она,- Тилавнинг бу сўзи барчани тинчлантирди.

-Жоним айлансин, Тилавжон болам.

-"Болам". Биринчи марта мени болам дедингиз.

-Бундан кейин кўп айтаман…

-Онажон! Юзингизни юзимга босинг.

Заҳро секин эгилди, юзининг бир четини  Тилавнинг юзига қўйди.

Эй, Худо! Онасининг юзида ўша ҳид бор эди. У бешик ясаш вақтида шу ҳидни ёнғоқдан туйганди.

Дарахт онасининг ҳидини берарди. Мағизларидан ҳам онасининг ҳиди келарди.

Эй, Худо! Қанийди, у онасининг ҳиди эканлигини билганда, ёнғоқни муқаддас, деб биларди…

Афсус!..

Бу ҳид Тилавни ўзи билан тинч ва осуда дунёга олиб кетди.

Она астагина бешикда ётган 22 ёшли боласига қулоқ тутди. У жимгина ухларди.

Заҳро юзини Тилавнинг юзидан олди. Лекин Тилав  қайтиб уйғонмади…

Одили НОЗИР.  

 

Тожик тилидан Зуҳриддин УМАРОВ таржимаси.

КАЛЕНДАР

« Январ 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31        

МАҚОЛАЛАР

Тўғри йўлдан адашиш оқибати

 

Саразм қишлоқ жамоатига қарашли Чимқалъа қишлоғида туғилган Шамсиддин Туранов 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм эълон қилиниб, кучга кирди. Ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмаган, куч-ғайратини Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги, оиласини таъминлаш учун сарфлаши мумкин бўлган йигит энди узоқ муддатга бола-чақасидан айри яшашга, жазо муддатини ўташга мажбур.

Муфассал...

Ногиронларга эътибор

 

Ҳар йили жаҳонда декабр ойининг учинчисида Халқаро ногиронлар куни қайд этилади. БМТ 1992 йил мазкур санани имконияти чекланган кишиларга ёрдам қўлини чўзиш ва уларнинг муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида жорий этди. Мамлакатимизда ҳам ногиронларга ғамхўрлик кўрсатиш юксак савияда йўлга қўйилган.

Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб, Мўминобод ноҳиясининг

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
504
Мақолаларни кӯрганлар сони
127422

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1090399
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
723
1884
9598
1069838
29917
34624
1090399

Сизнинг IPнгиз: 54.167.126.106
Бугун: 21-01-2018 12:04:55

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015