Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 20 Октябр 2016 Кӯришлар: 2664
Печат

 

a alimahmadovНазм азалдан кўнгил мулки бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Шоир учун ҳар бир инсоннинг ўзи бир китоб. Шеъриятга ошно кўнгиллар оташин сўзлар мубталосига айланиб юришади. Абдуқодир Алимаҳмадовни Турсунзода шаҳрида шеърият, қўшиқ шайдоларининг кўпчилиги яхши танишади, иззат- икром этишади. Абдуқодир Алимаҳмадов узоқ йиллар Турсунзода, қолаверса, республикада донғи кетган «Навбаҳор» ансамблига раҳбарлик ҳам қилган.

Ўзининг-да, дилтортар панд-насиҳат, ишқ, одамийликка йўғрилган қўшиқлари бор. Чорак асрдан буён у киши мунтазам шеърият, назм шайдоси. Шоирнинг туркум шеърлари республика ва маҳаллий матбуотда чоп этилган.

Айни кунларда Абдуқодир Алимаҳмадов шеърларини яна бир бор саралаб, китоб нашр этиш тараддудида. Биз эса, назмни кўнгил мулкига жо этган шоирнинг эзгу ниятлари ижобат бўлишини истаб, ижодий баркамоллик  тилаб қоламиз. Қуйида шеърхонлар эътиборига шоирнинг бир туркум шеърларини ҳавола этамиз.

 

ТОЖИКИСТОН

Тожикистон – она-юртим,

Зилол сувлар сарчашмаси.

Қир-адирлар гулу гулзор,

Тинмас қушлар нағмаси.

 

Баланд тоғлар, гул водийлар,

Завқинг келар, кўрган сари.

Бунда аҳил барча миллат,

Оға-ини халқнинг бари.

 

Бадахшондан бошланади,

Тинчлик куйин сардорлари.

Дуога қўл очишади,

Рашту Хатлон боболари.

 

Билки, Норак, Сангтўда-1,

Достон бўлди тилдан-тилга.

Кўча  кўйлар чароғондир,

Илҳом солар қувноқ дилга.

 

Жўшиб-жўшиб куйлашади,

Ҳофизлар шўх яллалар.

Болажонлар бешикларда,

Онажонлар аллалар.

 

Меҳнат қилар кенг далада,

Ўзбек, тожик, қирғиз иноқ.

Тиллар бошқа, диллари бир,

Бири - рафиқ, бири - ўртоқ.

 

Келганларга пешвоз чиқар,

Кўнгли очиқ ёшу қари.

Топганини баҳам кўрар,

Меҳмоннавоз халқнинг бари.

 

Тўйлар ўтар шинамгина,

Тўла-тўкис дастурхони.

Очиқ чеҳра қувонч билан,

Сийлашади ҳар меҳмонни.

 

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА НАЗИРА

Минг риёзат чекдиму  кўнглимга бир ёр топмадим,

Бўйга тенг топдим вале, дилга дилдор топмадим.

 

Тунлари бедор эрурман, йўқ дилимга дилнавоз,

Бу заиф кўнглим олувчи, ўзга ғамхор топмадим.

 

Бормикан дунёда шафқат, бу ғариблар ҳолига,

Термулиб жон олувчи, ул кўзи хуммор топмадим.

 

Найлайин зебо санамлар, ишваси ҳаддан зиёд,

Хаста кўнглимни олувчи, сўзи даркор топмадим.

 

Ёр учун гуллар териб, боғлай десам гулдасталар,

Қанча истаб боғ аро ул, бир гули бехор топмадим.

 

Қошлари гўё камондир, киприги дилга нишон,

Абдуқодир қанча истаб, бир беозор топмадим.

 

АЁЛ

Узоқ  узоқларга элтади хаёл,

Нақадар буюк зот биз учун аёл.

Янграса то абад она алласи,

Бу дунё ҳеч қачон топмагай завол.

 

Оналар ўйлагай фарзанд камолин,

Сарф этар йўлига жони-ю молин.

Дунёнинг тинчлигин тилаб Аллоҳдан,

Кўришни истайди бахту иқболин.

 

Оналар юраги ҳамиша ўйғоқ,

Эзгулик истайди истамас фироқ.

Дунёнинг ҳар буржи ҳар гўшасида

Янграгай алласи мунгли ва титроқ.

 

Ўзимга гоҳида бераман савол,

Онага тик боқсак,  бўлмасми увол?!.

Ҳиндими ё араб, инглиз  ё  фаранг,

Мақсади биттадир, бари бир аёл.

 

РАҚҚОСА ХИРОМ ЭТСА…

Торларда бармоқ ўйнар,

Ҳофиз чин дилдан куйлар,

Рақсига монанд куйлар,

Раққоса хиром этса.

 

Эгнида ҳарир кўйлак,

Чарх урар нозик билак,

Чин дилдан тилай тилак,

Раққоса хиром этса.

 

Яйрайди кўрса диллар,

Ободдир ҳатто йўллар,

Пойида тикон гуллар,

Раққоса хиром этса.

 

Абдуқодир ол қалам,

Қолмагай  дилда алам,

Раққосга йўқдир ситам,

Раққоса хиром этса…

КАЛЕНДАР

« Июн 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30          

МАҚОЛАЛАР

Пушаймон

 

Воқеий ҳикоя

Зариф Маъсума билан бир неча йил аҳду паймон қилишиб, ота-онаси розилиги билан оила қурди. У оиласи билан тинч, хотиржам яшарди. Маъсума ақлли, чиройли, ҳамма ҳавас қиладиган қиз эди. Шу орада, улар икки фарзандли бўлишиб, ҳаётлари бир текисда ўтиб борарди.

Муфассал...

Пекан ёнғоғи – табиат эҳсони

 

Ҳар бир минтақанинг ўзига хос иқлими бўлиб, у ерда етиштирилаётган нозу неъматлар ҳам ўша иқлимга мослашиши табиий ҳолдир. Мисол тариқасида шифобахшлиги ва тўйимлилиги билан донг таратган Исфара қандаклари, Панж ноҳияси худудидаги Шакардаштнинг хандон пистаси, «Дўстий»нинг ширин-шакар анорлари ва Қабодиён ноҳияси ҳудудидаги Кофарниҳон дарёси айланма соҳилида, айнан, Жангал қишлоғи иқлимига мослашган пекан ёнғоғини кўпчилик

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2422050

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9669990
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3752
3969
15381
9632917
37073
132053
9669990

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.102
Бугун: 11-06-2026 22:34:29

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015