Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 29 Декабр 2016 Кӯришлар: 3108
Печат

 

sh shokirМунглиғ мусофирман,

Келмайсан йўқлаб,

Бардавом йўлларда тўзиб ётган нур.

Тўкилиб боряпман, йироқ - ёвуқлар

Қасдлашиб келганда жонимга довур.

Бу вайрон

Кўнглимнинг кўчаларида

Мен сендан ўзга бир олам кўрдимми,

Келмайсан,

Чор-ночор ғуссаларингдан

Эгилган бошингга бало бўлдимми?..

Кўксимда фарёдлар

Кўкарган чоғлар,

Тупроққа ийланиб бормоқда жоним.

Қасдлашиб келмоқда йироқ-ёвуқлар,

Фақат сен келмайсан, балогардоним…

 

***

Журъатим етмайди бир бор дараклаб,

- «Ҳолинг не кечди?» - деб сўрамоққа ҳам.

Сочлари супурги, қўллари косов,

Қай бир ёт ҳовлида юрган муслимам.

Ўзим ҳам дардимни қилмасман ошкор,

Яшайман осойиш топгандай буткул.

Билмайсан, кўксимда минг йилдан буён

Гуркираб ўсмоқда битта фарёдгул…

 

***

Мадоринг қуриди,

Кўз ёшинг тинди,

Ит қувган соқовдай ўтиб кетди вақт.

Бизни ўз йўлига бошлайди энди,

Бизнинг йўлимизга юрмаган қисмат.

Энди йўқламасман,

Кутмасман атай,

Ўжар шамоллардай беқарор қизни.

Сен ҳам соғинмайсан,

Ўзинг айтгандай,

Юртма -юрт санғиган бир қўнимсизни…

Садақа тегмаган гадодай бекас,

Сенсиз кўчаларда турмасман карахт.

Майли,

Бизга насиб қилмаса, қилмас,

Ўшал алмисоқдан қолиб кетган бахт.

Қайтмагин довдираб,

Йўлингдан озиб,

Сенга бахт беролмас ўлгунича ҳам

Барча гуноҳини бўйнига олиб,

Сазойи бўлмоққа шай турган одам.

 

***

Хўжанд суви сокин оққан ерларда,

Жонимни аёзлар чаққан ерларда,

Ёғиб адо бўлди ҳорғин хазонлар,

Устма-уст ёғилган саволлар янглиғ.

Нигорон кунларим сарғайиб ўтди,

Беором тунларим қарғаниб ўтди,

Юпун қолиб кетди дарахтлар, эсиз,

Боши очиқ қолган аёллар янглиғ.

Рўшнолик кўрмаган дунёларимни,

Ижобат бўлмаган дуоларимни,

Топтаб ўтиб кетди ялмоғиз кунлар

Оёқости бўлган хазонлар янглиғ.

Энди бир соғиниб, эсламас ҳеч ким,

Мени бир соғиниб, изламас ҳеч ким.

Хўжанд суви сокин оққан ерларда

Қўним топмай кетган шамоллар янглиғ.

 

***

Баҳор қайга кетди

Хатсиз, хабарсиз,

Бу музтар қалбларга назар солмасдан?

У кетган йўлларга термулиб унсиз,

Юзлари сарғайган

Тупроқлардайин

Йигирма саккиз йил яшадим,

Ҳаргиз

«Мен озодман», дея мақтанолмасдан.

Салкам ўттиз йиллик

Ярми изтироб,

Ярми исён билан босилган йўлман.

Худо ярлақаган пешонасида

Фароғат балқиган мўътабар, қутлуғ,

Муслима қизларнинг

Юзлари мисол

Бир мунаввар тонгни соғинган қулман…

Тўрвасин бошининг остига қўйиб,

Беозор кўз юмган

Дарвиш сингари

Ўлмоқ менга насиб этмайди, тайин.

Ахир бу дунёдан

Зор кўнглим тўлиб,

Озод бўлолмадим Асқар Маҳкамнинг

Қабри узра қўнган қушчалардайин…

Кўнглим - ярим менинг,

Фарёдим - бутун,

Тўлиб бораётган

Сабр косамдай

Ҳовучим тўладир дуога лим-лим.

Бедорликда кечган,

Зорликда кечган,

Салкам

Ўттиз йиллик тоқатим учун

Бир ҳовуч озодлик ҳадя эт, Тангрим!

 

***

 Қаҳратон заҳмини

Аритдим дилдан,

Баҳор йиқиларкан остонамга жим.

Дуога қўл очган дарахтлар билан

Тирикликни байрам қилгали келдим.

Тиловат қиларкан

Заҳматкаш замин,

Мағрур ва дарбадар бошимни эгиб,

Истиғфор айтгали, биру бор Тангрим,

Мен ҳам гуноҳларим ювгали келдим.

Бош эгиб боргувчи

Ғариб остонам,

Бир кун дуоларинг бўлгай ижобат.

Суйиб соғинганим, муштипар онам,

Бир умр ёнингда бўлгали келдим.

Кўнгил учун минг бор

Тирилдим ўлиб,

Менинг суйгуларим, куйдиргуларим,

Йўқсил юрагимдан боримни юлиб,

Пойингизга тўкиб қўйгали келдим.

Ночор ваҳмларни

Аритдим дилдан,

Баҳор йиқиларкан остонамга жим.

Мен ҳам тиловатгўй дарахтлар билан

Тирикликни байрам қилгали келдим.

 

Шуҳрат ШОКИР, Исфара шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30            

МАҚОЛАЛАР

«Мен элимнинг юрагида яшайман…»

 

1993 йилнинг эрта кузи. Далаларда пахта қийғос очилган. Иш қизғин. Ҳовли четидаги азим чинор япроғи «чирт» этиб узилди-ю, майин шабада қанотида оҳиста-оҳиста қалқиб ерга тушди. «Хазонрез ҳам бошланди. Келаси йил шу кунларда, Худо хоҳласа, Равшаналим келиб қолади. Эҳ-е, келса-чи, қишлоққа тўй бериб, ўғлим яхши кўрган қизни келин қиламан».

Нонуштага ҳозирланаётган Анзират ая самоварга ўтин ташларкан

Муфассал...

Пиёзимиз ўта аччиқ, картошкамиз жуда қиммат…

 

Ўтган ҳафта Восе ноҳиясида бўлганимизда, бизга деҳқонлар жорий йил пиёз экилган майдонларни кенгайтирганликлари ҳақида айтишди. Қурбоншаҳид қишлоғи Ҳулбук қалъаси ёнидаги бозорда бир килограмм пиёзнинг нархини сўрадик.

- Тўрт сомоний, - жавоб берди қопдаги пиёзлари ўртачадан кичик бўлган сотувчи.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2601612

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10314717
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
2156
6675
40146
10210212
50229
161581
10314717

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.122
Бугун: 08-11-2026 12:50:16

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015