Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 16 Январ 2020 Кӯришлар: 327
Печат

 

m vohidov 2020Таниқли актёр ва бошловчи Маҳмуджон Воҳидов жуда қисқа - 38 йил умр кўрган. Афсуски, у бизни айни ижодий камолот даврида фожиали тарзда тарк этди. Мумтоз актёр ўзининг қисқа умри мобайнида театр ва кино, концерт эстрадаси, радио ва телевидениега катта янгиликлар билан кириб келиб, халқимизнинг маданий жиҳатдан ривожланишида ўз ҳиссасини қўшди.

Бетакрор актёр ҳаёти ва фаолиятига оид олимлар, актёрлар, адиблар,

жумладан, Акбар Турсун, Иброҳим Усмонов, Низом Нуржонов, Камол Айний, Фазлиддин Муҳаммадиев, Лойиқ Шерали, Низом Қосим, Саидали Маъмур, Атахон Сайфуллоев, Нурулло Азимов, Рустам Воҳидов ва бошқалар қалам тебратишган.

Маҳмуджон Воҳидов 1939 йилнинг 10 октябрида Шайдон шаҳарчасида, деҳқон оиласида дунёга келган. У 1956 йил мазкур шаҳарчанинг 2-ўрта мактабини ҳамда 1960 йил Москва шаҳри Луначарский номидаги Давлат театр санъати институтини битириб, дастлаб Хўжанд шаҳри А. С. Пушкин номидаги мусиқали драма театри актёри сифатида фаолият юритган. Кейинроқ, 1960 йилдан умрининг сўнгги лаҳзаларигача А. Лоҳутий номидаги Давлат академик драма театри саҳнасида турли ролларни ижро этиб келган.

У Митя ва Незнамовни Н. Островскийнинг "Камбағаллик айб эмас" ва "Гуноҳсиз гуноҳкорлар", Ромеони У. Шекспирнинг "Ромео ва Жулетта", Бейлини Ғ. Абдуллонинг "Ҳуррият", Азизни М. Байжиевнинг "Дуэл", Бежанни Хушкинобийнинг "Бежан ва Манижа", Эзопни Фигейредунинг "Эзоп", Рўдакийни С. Улуғзоданинг "Рўдакий", Мамбетни Ч. Айтматов ва Қ. Муҳаммаджоновларнинг "Фудзияма чўққилари", Усмонхожани Ж. Икромийнинг "Гарнизон таслим бўлмайди", Хизрхонни Ғ. Абдуллонинг "Севги ҳайқириғи" спектаклларида яратган эди.

Таъкидлаш жоиз, унинг ижодий маҳорати 1959 йилда диплом иши саналган "Камбағаллик айб эмас" спектаклида Митя ролини ижро этаётганда Луначарский номидаги Театр институти ўқитувчиларини ҳайратлантиради. "Советская култура" газетаси М.Воҳидовнинг Митя ролини ижро этганлиги хусусида ёзади.

М. Воҳидовнинг актёрлик фаолияти А. Лоҳутий номидаги театр саҳнасида ривож ва равнақ топди. Илк бор 1957 йили Москвада Тожикистон маданияти ҳафталигида қатнашиб, Чайковский номидаги концерт залида Мирзо Турсунзоданинг "Олтин мамлакат" шеъри ҳамда узундан-узоқ гулдурос қарсаклардан кейин А. Воситзоданинг "Катта йўл ёқасида" шеърини ўқиб, муваффақиятга эришди. Ўша вақт ширали майин овози, тенгсиз шавқ-завқи ҳаммани ўзига мафтун этди.

М. Воҳидов бир актёр театри йўналишига асос солган. Н. Нуржоновнинг "Маҳмуджон Воҳидов" китобида ёзилишича, Маҳмуджоннинг саъй-ҳаракати туфайли, "Ўзим билан мулоқот" спектаклининг тожикча ва русча вариантлари саҳналаштирилди. Бу борада актёрнинг ўзи иш дафтарида шундай дея қайд этган: "Мен Хайёмни кашф қилганим йўқ. У тўққиз юз йилдирки, кашф этилган. Мен унинг рубоийларини ўқиб, тирик санъаткорлар дарди ва изланишларини кўз олдимга келтирдим. Унинг сўзлари ёрдамида биз ўзимизнинг изтироб ва ҳаяжонимизни ошкор этамиз". "Мен саҳнада Хайём образини эмас, балки илм ва маданият арбоби образини яратдим" деганди, Акбар Турсун билан суҳбатда.

Россиялик театршунос И. Иняхин "Ўзим билан мулоқот" спектаклига юқори баҳо бериб, М. Воҳидовнинг овози ва нутқ маданиятини махсус қайд этган: "Актёр овози оҳангдор ва қулоққа хуш ёқади. Товуш пардалари тўлқинининг ўзгаришини ҳис этасиз. Актёр, нафақат, камерага хос жилвалардан фойдаланарди, балки матн гоҳ-гоҳида тожик тилида янграши шеърлар жозибасини янада оширарди. Яширишга ҳожат йўқ, биз ҳам театрга бораётганимизда шубҳалангандик. Маҳмуджон Воҳидов чиқиш қиладиган кеча зал одамга тўлган эди. Сукунат ҳукм сурарди. Андиша ҳаяжон билан тўқнашарди. Ва буларнинг барчасини келишган йигит ижод этарди... У ўзи билан - олий даражадаги шеър билан суҳбатлашарди, сирлашарди, қувонарди, ғазабланарди, нафратланарди. Ва у билан бирга биз ҳам изтироб чекиб, ҳаяжонланардик".

Актёр "Тожикфилм" киностудияси билан чамбарчас ҳамкорликда бўлган. У, жумладан, Шариф ("Зумрад"дан, 1961), Ражаб ("Ҳасан аравакаш"дан, 1965), райком котиби Қодиров ("Жўра-саркор"дан, 1965), Тулод ("Рустам достони"дан, 1971), Аҳмад Дониш ("Зулматдаги юлдуз"дан, 1972), Олим ("Йўлак сирлари"дан, 1973) ролларини ўйнаган, бир қатор сериаллар дубляжларида иштирок этган.

"Радиотеатр" ривожланишида хизмати - катта. Актёр у ёки бу радиоспектакл ёки радиоинсценировкада рол ижро этаётганда, театр саҳнасида образ яратаётгандек муносабатда бўларди. Радиода актёрлик қилишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. У театр, кино, телевидение, эстрадада ўзигагина хос бўлган маҳоратдан фойдаланарди. У Чингиз Айтматовнинг "Жамила" ва "Туя кўзи" каби инсценировка қилинган повестларининг асосий қаҳрамонлари, Абдураҳмон Жомийнинг "Лайли ва Мажнун"идаги Мажнун, Гургонийнинг "Вис ва Ромин"идаги Ромин, Фирдавсийнинг "Бежан ва Манижа"сидаги Бежан, Лермонтовнинг "Бела"сидаги Печорин, М. Нажмиддиновнинг "Дарё янги ўзан қидиради" асаридаги райком котиби, Ф. Ниёзийнинг "Вафо"сидаги командир образларини яратди.

А. Лоҳутий театри 1971 йили бразилиялик драматург Гилйерм Фигейредунинг "Эзоп" номли эпик комедиясини саҳналаштирди. "Эзоп" спектакли муваффақияти, аввало, Маҳмуджон Воҳидовнинг маҳорати ва қобилиятига боғлиқ эди.

1962 йил буюк актёр А. Н. Островскийнинг "Гуноҳсиз гуноҳкорлар" драмасидаги Незнамов ролини ўйнади. - Режиссёр ва ижрочи Незнамовни ички дунёси теран инсон сифатида кўрсатиб бериб, тўғри иш қилган, - деганди москвалик машҳур театршунос О. Н. Кайдалова спектаклни муҳокама қилаётганда.

1973 йилда саҳналаштирилган С. Улуғзоданинг "Рўдакий" драмасида М. Воҳидов асосий қаҳрамон ролини ижро этди. -Рўдакий, менимча, М. Воҳидов ижросида диққатни тортувчи, қобилиятли, гапга чечан, келишган ва қўрқмас шахс бўлиб гавдаланди, унда "Моцарт" илҳоми эркин оҳанги ва андиша оламида парвоз этаётганини ҳис этардик. Буларнинг барчаси шоир шахсияти ва фитрий истеъдоди ҳамда инсонлар каби унинг тақдири бир-биридан ажралмаслигидан далолат беради, - деб қайд этганди СССР Халқ артисти Г. П. Менглет.

Ишонч билан айта оламиз, М. Воҳидов асл санъаткор бўлиши бараварида, халқимизнинг пешқадам вакили сифатида элга танилди. У жаҳон тамаддунида ўз ўрнига эга миллатимиз оқил фарзандларининг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этган.

Бу йўлда унга бебаҳо бойлик - классик адабиётимизга нисбатан бўлган улкан шавқ-завқи ва муҳаббати, чиройли нутқи ва тожикона сиймоси ёрдам берди. Унинг якка чиқишлари халқнинг ўтган мутафаккирларимиз ва ҳозирги замон адиблари асарларига қизиқишини янада ошириб, мухлислари сафини кўпайтирди. Актёр бугунги кун образ яратиш маданияти ютуқларидан фойланиб, классик адабиёт анъаналарини ижодкорлик билан равнақ топтирди, таниқли адиблар номини қайта тирилтиргандек бўлди ва улар санъатини бугунги томошабинга етказиб берди.

Актёрнинг умр йўлдоши Дилрабо Саидмуродованинг айтишича, Маҳмуджон Воҳидов фаолияти давомида йигирма бешта дафтарда фикрларини ёзиб қолдирган. Уларда актёрнинг яратган образлари, баъзи спектакл муҳокамаси, нотиқлар чиқишини қисқача мазмунига доир фикр-мулоҳазалари баён этилган.

Маҳмуджон санъатда ўз ўрнини топди. У буни ўтган ва ҳозирги замон материаллари асосида, кенг кўламда, турли-туман анъаналарга боғлиқ ҳолда, ўзига хос инсоний хусусиятлар асосида мужассамлаштирди.

Машҳур актёр ҳақида ўнлаб мақола, очерк, лавҳа ва шеърлар, жумладан, А. Турсун "Маҳмуджон Воҳидов ёдномаси" (1982) ва "Қирони саъд" (1986), Низом Нуржоновнинг "Маҳмуджон Воҳидов ёдномаси" (2009) китоблари чоп этилиб, уларда театр санъати ривожига қўшган ҳиссаси, юксак истеъдоди, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, инсондўстлик, ғамхўрлик, камтаринлик каби нажиб хислатлари ҳақида сўз юритилган.

Улкан хизматлари "Фахрий нишон" ордени, медаллар ва Тожикистон ССР Халқ артисти (1973), Рўдакий номидаги Давлат мукофоти билан қадрланган.

2016 йил 25-27 март кунлари Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Шайдон шаҳарчасида жойлашган Маҳмуджон Воҳидов боғида Маҳмуджон Воҳидов номидаги мусиқали драма театрнинг янги биносини фойдаланишга топширди. Театр саҳнида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон ноҳия фаоллари ва маданият аҳли билан самимий мулоқот уюштирди.

Таниқли кинорежиссёр Борис Кимёгаров шундай деганди: "У саҳнада Рўдакий образини гавдалантирганда, самимий табригимни изҳор этдим. Ҳақиқатдан ҳам, олижаноб образ яралганди... Биз учун унинг қаҳрамонлари кинода мерос бўлиб қолди, радиода ёзилган ширали овози эсдаликка айланди. Маҳмуджон Воҳидов хотираларда мангу яшагай. Бу, балким ҳамма нарсадан асосийроқ, азизроқ ва муқаддасроқдир".

Акбар Турсуннинг таъкидлашича, Маҳмуджон Воҳидов янги тип актёрлар сирасидан бўлиб, уларни санъатшунослар "зиёли актёрлар", деб аташарди. - Маълумотли, қобилиятли ва нодир бўлиши бараварида, ўзига хос ижодий дастур асосида иш олиб борар, аниқ ижтимоий-фуқаролик мавқеида турар ҳамда уни ҳамиша ҳимоя қиларди. Шу сабабли, театр саҳнамизда Маҳмуджон Воҳидов каби андишали актёр вужудга келиши республикамиз маданий ҳаётида катта воқеа саналади. Демак, уни жамиятнинг барча бебаҳо бойликлари сингари кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз, руҳий имкониятлари юзага келиши учун қулай шароит яратиб бермоғимиз, иззат-нафсини ўз ўрнига қўймоғимиз ва ниҳоят, имкон қадар қадрига етмоғимиз керак эди, - дейди А. Турсун.

Тожикистон Халқ артисти Одина Ҳошим актёрни қўйидагича хотирлайди: - Маҳмуджон доим халқ хизматида эди. У санъат учун дунёга келганди. У халқ санъатининг муҳим рукнини обод этган эди, бироқ энди унинг ўрни билинмоқда.

Мақоламга Тожикистон Халқ шоири устоз Лойиқ Шералининг мумтоз актёр хотирасига бағишланган қўйидаги шеъри ила нуқта қўймоқчиман:

Дўстон, вақти гули хор

               маро ёд кунед,

Чун гули санг зи кўҳсор

               маро ёд кунед.

Гар бихоҳед, ки ман

хуфта набошам дар хок,

Бо дилу дидаи бедор

             маро ёд кунед…

 

Умаржон ЮЛДОШЕВ, педагогика фанлари доктори, профессор.

КАЛЕНДАР

« Август 2020 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31            

МАҚОЛАЛАР

Миллат пешвосига телефон орқали ҳисоботлар

 

8 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга Рашт, Тожикобод, Лахш, Сангвор, Нуробод ва Файзобод ноҳиялари раислари телефон орқали ҳисобот беришди.

Телефон суҳбати чоғида Давлат бошлиғи ушбу ноҳиялар раисларининг ободончилигу бунёдкорлик тадбирлари ва баҳорги экин ишларининг бориши

Муфассал...

Сифатли уруғ – мўл ҳосил гарови

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон таъкидлаганидек, суғориладиган ерларда илм-фан ютуқлари асосида пахта ҳосилдорлигини ошириш, енгил саноат ривожининг асоси ва кўплаб иш жойлари манбаидир.

Эътибор берайлик, Вахш водийсида пахтачилик соҳасидаги вазият яхши томонга юз тутмаяпти. Чунки репродукцияси стандартга мувофиқ

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
815605

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

3261276
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3027
4502
7529
3219967
51510
138308
3261276

Сизнинг IPнгиз: 54.160.19.155
Бугун: 11-08-2020 14:03:56

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015