Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАДАНИЯТ

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 27 Сентябр 2019 Кӯришлар: 68
Печат

 

xoljuraev 2019Жорий йилнинг феврал ойида отахон газета 90 ёшга тўлди, тўй давом этмоқда. Аслида, газетанинг ҳар бир сони ўзига хос тарих, байрам, десак ҳам хато бўлмайди. Суҳбатдошим, тарих фанлари доктори, профессор, академик Бобожон Ғафуровнинг содиқ шогирдларидан бири Ҳабибулло Холжўраев айни пайтда «Халқ овози»нинг бугунги кунда улуғ ёшли муаллифларидан бири ҳисобланади. У киши билан суҳбат 90 йиллик тарихга ёруғлик олиб

кирувчи дарчалардан бири десам, дурустдир. Устоз Холжўраев билан ўзи ташкилотчиларидан бири бўлган ва йигирма беш йилдан буён бошқариб келаётган академик Бобожон Ғафуров республика музейидаги иш кабинетида шу тўғрида суҳбатлашдик.

- Бобожон Ғафуров «Халқ овози»нинг маҳаллий миллатдан етишиб чиққан биринчи бош муҳаррири бўлган экан. Шу тўғрида хотираларингизни газетхонларимизга ҳикоя қилиб берсангиз…

– Бажонидил. Энг аввало, фурсатдан фойдаланиб, отахон газетамизнинг барча ходимлари ва ўқувчиларини ушбу 90 йиллик муборак сана билан табриклайман. Сал олдинга кетиб бўлса ҳам таъкидлаш зарур, Б. Ғафуров маҳаллий миллатдан етишиб чиққан ва республикани бошқарган биринчи раҳбарлардан эди.

Бошидан бошласак, Тожикистон КП Марказий Комитети Бобожон Ғафуровни 1930 йили «Қизил Тожикистон» республика газетаси бош муҳаррири ўринбосари вазифасига ишга юборди.

1931-1935 йилларда Москвада Бутуниттифоқ журналистлар университетида ўқиган. Уни тугатиб келгач, аввал бош муҳаррир ўринбосари, кейин бош муҳаррир вазифаларида ишлади. Газета мазмун, мундарижасини бойитишга ёш, истеъдодли қаламкашларни жалб этиш ва тарбиялашга жиддий эътибор қаратди. Кейинчалик газетага бош муҳаррирлик қилган Ҳамид Гадоев ана шундай истеъдодли ёшлардан бири эди.

Тожикистон КП Марказий Комитети тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири вазифасига ўтиб, масъул партия ва давлат ишларида бўлган пайтида ҳам Бобожон Ғафуров матбуотдан, жумладан, мазкур газетадан узилиб кетмади. Лекин қайд этиш жоизки, у кишининг мухбирлик фаолияти бундан анча олдин, 1927 йилдан, яъни комсомол ишларида актив фаолият юритган пайтидан бошланган. «Овози тожик», «Қизил Ўзбекистон» ва бошқа нашрларнинг фаол мухбири сифатида, ўн бешга яқин имзолар билан қатнашган. Бу ҳақда китобларда муфассал ёзилган ва такрорлашнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

- Устоз изидан бориб, ўзингиз ҳам ҳамиша матбуот билан зич алоқада эканингизни кузатиш мумкин. «Халқ овози» билан боғлиқ хотираларингиздан сўзлаб беролмайсизми?

– Б. Ғафуров илмий раҳбарлигида Москвада шарқшунослик институти илмий кенгашида докторлик ишини ҳимоя қилиб келган ёш фан докториман. Душанбе университетида ишлайман. Асосан, рус тилида ёзишга ўрганиб қолганим учун «Коммунист Таджикистана», «Комсомолец Таджикистана» «Вечерняя Душанбе» газеталарида қатнашиб турардим. Ўзбекча мақолани кўтариб, «Совет Тожикистони» газетаси идорасига илк бор кириб борганим кечагидек кўз олдимда. У устозим Мулла Эркаевнинг докторлик даражаси учун монографияси юзасидан «Тожик халқи тарихининг муҳим даврига доир» сарлавҳали мақола эди. Бош муҳаррир Абдуҳамид Гадоев ўқиб кўрди, унинг хайрхоҳона сўзларидан руҳланиб қайтдим. Эртасигаёқ мақола чиққан-чиқмаганини сўраб борибман.

– Бугун бердинг, эртага чиқаверадими? Бу осон эмас, аввал машинкада терилади, бўлимда кўриб чиқилади, газетада чоп бўлгунича ходимларнинг қўлидан ўтиши зарур. Котиботга тушади. У ерда ҳам навбат кутади. Бу ёғини бизга қўйиб, бошқа мақолани ёзиш пайидан бўлавер, ука,- деди Абдуҳамид ака.

Ҳожи Содиқ бош муҳаррир бўлган пайтларда ҳам кўп борардим. Мен боришим билан устод котибага чой буюрарди ва бир пиёла чой устида суҳбатимиз давом этарди. У киши бош муҳаррир бўлган йилларни мен «Халқ овози» тарихининг олтин даври, деган бўлардим. Негаки, газета идорасида Жума Эргаш, Қосим Мамажонов, Маҳмуджон Остонов, Маҳмуд Тўлқин, Исмоил Муҳсинов, Соли Қаҳҳоров, Абдулла Ҳушёр, Султон Маҳмудов, Дилмурод Ҳожимуродов, Сулаймон Эрматов, Алишер Ҳайдаров, Зокир Собиржонов, Абдусаттор Аҳмадалиев ва бошқа турли ёшдаги қалами ўткир ижодкорлар ишларди.

Газета юзага чиқарган ва танитган шоиру ёзувчилар ҳақида гап кетадиган бўлса, Зайниддин Дўсматов, Қосим Мамажонов, Ўлмас Жамол, Шоди Саттор, Асқар Маҳкам, Алижон Йўлдошев, Ўринбой Усмон, Жамшид Примов, Одил Икром яна ўнлаб қаламкашлар номларини келтира оламан. Шуниси ҳам ёдимдаки, Зайниддин Дўстматовнинг «Ёқут» қиссаси «Шарқ юлдузи» журналида босилиб, эл оғзига тушганди. Ёзувчи билан университетимиз талабалари учрашувини ташкил этдик, суҳбат, асосан, ўша қисса юзасидан қизғин ўтди. Учрашувдан талабаларимиз, ёзувчининг ўзи ҳам жуда хурсанд бўлганди.

Иқтидорли қаламкашлар жам бўлгани учун ҳам газетанинг ҳар бир сонини интизорлик билан кутардик. Турли соҳадаги муаммо ва камчиликлар тўғрисида ўқимишли мақолалар мунтазам чиқиб турарди. Газета қайси масалани кўтарган бўлса, изчилликка амал қилиб, то бирор натижа бергунича унга қайта-қайта мурожаат қиларди. Худди ўша йилларда «Совет Тожикистони» агар хотирам панд бермаса, 110 мингдан ошиқроқ нусхада чиқар, бу республика вақтли матбуоти нашрлари доирасида энг юқори кўрсаткич эди.

Ҳожи Содиқнинг иқтидорли қаламкашларни жалб этиш, бирлаштириш, йўллаш ва қўллаш тажрибалари катта ибрат мактаби, деган бўлардим. У кишининг шарофати билан газета редакцияси республика машҳур шоир, ёзувчи, олим, санъаткорларининг келадиган жойига айланган эди. Жумладан, Мирзо Турсунзода, Боқи Раҳимзода, Ҳамид Гадоев, Сотим Улуғзода каби шоиру ёзувчиларни газета идорасида кўп марталаб кўрганман.

- Музейнинг Бобожон Ғафуров таржимаи ҳолига бағишланган зали бурчагидаги столда «Академик Бобожон Ғафуров «Совет Тожикистони» газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган кезларда шу столда ўтириб ишлаган» деган қисқача ёзув бор. Бу жумла остидаги тарихни ойдинлаштириб бера олмайсизми?

– Бу стол, нафақат, Бобожон Ғафуров, балки у кишидан олдин ва кейин бош муҳаррир вазифасида ишлаган Ҳайитов, Абдуҳамид Гадоев, Музаффаров, Мухтор Баҳриддинов, Мафтун Жўра кабиларнинг ҳам таржимаи ҳоли ҳисобланади. Унинг музейимизга қандай келиб қолганини айтиб бераман.

1997 йил республикада академик Бобожон Ғафуров таваллудининг 90 йиллигига тайёргарлик қизғин борар, музейимиз янги биноси қуриб битказилиши зарур, энг долзарб муаммо уни экспонатлар билан бойитиш эди. Шу мақсадда Москвага бир неча марта бориб келишимизга тўғри келди. Ленин шоҳ кўчасида жойлашган матбуот уйига ҳам шу мақсадда бордим. «Халқ овози» идораси хоналари ҳувиллаб ётарди. Бош муҳаррир ўринбосари Жамолиддин Тошматовни учратиб қолдим. Ғафуровда Бобожон Ғафуров республика музейи қуриб битказилгани, унинг учун ёдгорлик ва эсдаликларни қидириб юрганимни айтдим.

– Ўз вақтида келдингиз. Бобожон Ғафуров ва бошқа бош муҳаррирлар ўтириб ишлаган бир стол бор, энг охири менинг хонамда эди. Редакциямиз янги қурилган кўп қаватли матбуот мажмуасига кўчиб ўтди. Унда барча мебеллари янги, эскиларига эҳтиёж йўқ. Лекин ўша столни ташлаб юборишга кўнглимиз бўлмади. Бу улуғ устозлар хотирасига нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Шунинг учун синган жойларини таъмирлаб, янги бинога олиб бордик. Бесўнақай бўлгани учун иккинчи қаватга зўрға олиб чиқдик. Ҳозир борсангиз, айни муддао бўлади,-деди Жамолиддин Тошматов.

Пастга тушсам, эски қадрдоним, «Вечерняя Душанбе» бош муҳаррири В. Субботинни учратиб қолдим. Ўшанинг машинасида Матбуот мажмуасининг янги биносига бордим. «Халқ овози» идорасига кириб, бош муҳаррир Исмоил ака Муҳсинов ва бошқаларни янги бино билан табриклаб, мақсадни айтдим.

– Жуда вақтида келдингиз, - деди масъул котиб Восит Муҳаммедов. - Ҳозир худди шу тўғрида гаплашиб тургандик. Бу стол сизу биз учун азиз, Бобожон Ғафуров, бошқа устозларимиздан табаррук ёдгорлик. Музейингиздан ўрин олса, айни муддао бўлади. Фақат уни Хўжандга қандай қилиб олиб кетасиз, бу томондан ёрдам бера олмаймиз.

– Бу ёғини менга қўйиб берасиз, хотиржам бўлинг,- дея жавоб бердим.

Дарҳол юк машинасини чақирдим. Ўзлари кўплашиб, пастга тушириб, машинага ортиб бердилар. Олиб келиб, биз ҳам яхшилаб таъмирладик. Кўриб турганингиздай, у эндиликда, нафақат, Бобожон Ғафуров таржимаи ҳоли, «Халқ овози», шу билан биргаликда, музейимиз 25 йиллик тарихининг ҳам гувоҳи ҳисобланади.

Ўша бурчакка яқинлашган киши деворда Бобожон Ғафуровнинг падари бузургвори, темир йўл ишчиси Ғафур Сангинов, онаси, шоираи даврон Розия Озод суратлари ва унинг фарзанди аржмандга насиҳатларини кўради. Академикнинг шогирди ва издошлари Абдуҳамид Гадоев, Жамолиддин Тошматовларнинг табаррук стол устидан ўрин олган хотираларини ўқийди. Дунёи бевафо   деб шунга айтсалар керакким, устоз Ғафуров ҳақида хотиралар ёзган бу инсонларнинг ўзлари ҳам эндиликда хотирага айландилар. Худо хоҳласа, бу стол яна кўп йиллар давомида азиз устозим, академик Бобожон Ғафуров, издошлари, шогирдлари, замондошларининг хотираларига ёрқин кўзгу бўлиб келаверади.

– «Халқ овози»нинг кекса авлодга мансуб ҳурматли мухбирларидансиз, ёшингиз ҳам уникидан салгина фарқ қилади, холос. Газета ва унинг мухлисларига қандай тилакларингиз бор?

– Энг аввало, Худодан сўрайманки, юртимиз тинч, турмушимиз осуда, диёримиз аҳли соғу саломат бўлсин. Мен ўзим учун бу газетани яна бир олийгоҳ, унда ишлаб ўтиб кетган қаламкашларни эса, устоз деб биламан. Унда менинг юздан кўпроқ илмий-оммабоп мавзулардаги мақолаларим чиққан. Бугунги кунда ҳам у билан алоқаларимиз давом этмоқда. Кейинги йилларда севимли газетам обуначилари сафи ўсиб бораётганини кузатиш мумкин, бу яхшилик нишонаси. Музейимиз ходимлари Акмал Қаландар, Ўктам Эргаш, Шариф Нуриддин ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан буён унинг фаол мухбирларидан ҳисобланади, газета саҳифаларида шеъру мақола-ю ҳикояларининг ҳар бир чиқишини қувончли ҳодиса сифатида кутиб оладилар, улар ва ўз номимдан буни алоҳида миннатдорлик билан таъкидлашни истайман. «Халқ овози» бугунги ижодий коллективи тўғрисида кўп яхши гапларни айтиш мумкин. Устозларнинг ибратли анъаналарини давом эттирсалар, бойитсалар, ўйлайманки, газета бундан кейин ҳам, узоқ йиллар давомида энг ўқимишли нашрлардан бўлиб қолади. Бунинг учун имкон қадар кўпроқ ҳисса қўшишни, унинг собиқ бош муҳаррири, азиз устозим Бобожон Ғафуров руҳи олдидаги қарз, деб биламан.

 

Суҳбатдош Мунира Қурбонова.

Ғафуров шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Октябр 2019 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
  1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31      

МАҚОЛАЛАР

ОТ ЙИҒЛАГАН КУН

 

Инсоннинг болаликда эшитганлари ҳеч қачон ёдидан кўтарилмас экан. Онам унчалик саводли бўлмасалар-да, лекин эртак, ривоят ва бошларидан кечирган турли хил ҳикояларни маромига етказиб сўзлаб берардилар. Бундай эртак ва ривоятларни кўпинча қишнинг узун тунлари биз ака-укалар иссиқ кўрпага ўралганча, мароқ билан тинглардик.

Муфассал...

Миллат пешвосининг сув конференцияси доирасидаги учрашувлари

 

19 июн куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон 2018-2028 йиллар - "Сув устувор тараққиёт учун" халқаро амалиёт ўн йиллиги бўйича олий даражадаги халқаро конференция доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Луи Женминни қабул қилди.

Учрашув чоғида Тожикистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
810
Мақолаларни кӯрганлар сони
512252

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

2356289
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1357
2104
3461
2334650
50126
62133
2356289

Сизнинг IPнгиз: 18.210.22.132
Бугун: 22-10-2019 13:18:51

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015