Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 06 Июл 2018 Кӯришлар: 143
Печат

 

j tolibov 2018Дунёда яхши инсонлар кам, деган фикрга қўшила олмайман. Чунки мен билган, таниган яхши одамларнинг фазилатларини санасам, адоғи кўринмай қолади. Бугун қайсидир буюк даҳо, олим ёки машҳур бир кимса ҳақида ёзмоқчи эмасман, аксинча, оддий, камтарин бир инсон, бутун умрини эзгуликка, фидокорликка бағишлаган, 19 ёшида отадан етим қолиб, рўзғорнинг оғир юкини бўйнига олган, жондан азиз сингилларига отасизликни билдирмай,

ёлғиз онасининг юрагига қувват бўлиб, уларни камолга етказган, яна олти ўғилни рисоладагидек уйлаб-жойлаб, умрини меҳнатларга, заҳматларга бахшида этган қайнотам Жумавой Толибов ҳақида ёзмоқчиман.

Аслида, орамизда борлиги билинар-билинмас яшаётган, атрофидагиларга на фойдаси, на зиёни тегмайдиган, ўз қобиғига ўралган инсонлар талайгина ва шу билан биргаликда ўзининг жиндай яхшилигини миннат қилиб яшаётганлар ҳам оз эмас. Бироқ булар орасида «манаман», деб ўзини кўрсатмаса-да, борлигини исботлашга уринмаса-да, ибратли, мазмунли ҳаёти, одамларга, яқинларига билинтирмайгина қилган яхшилиги, чиройли ва тоза қалби билан буюкларча яшаётган оддий инсонлар ҳам Аллоҳга шукрки, бор. Бизнинг отамиз ана шундай умри давомида яқинларини гўзал меҳр билан ардоқлаган, кўп йиллар давомида раҳбарлик лавозимида ишлашига қарамай, ҳамиша ўзини халқ орасида кўрган, халқ билан бирга яшаган, ҳеч қачон халқдан баланд бўлишга уринмаган, халқнинг оғирига яраган, кўнгли тоза, меҳрибон ва виқорли бир инсон эди.

Мен бу инсоннинг хонадонига кенжа келин бўлиб тушгандим ва шу уйга қадам қўйганимдан бошлаб, қайнотамга нисбатан ичимда жуда катта эҳтиром, ихлос ва меҳр уйғонган. Ҳар сафар улардаги саноқсиз инсоний фазилатларни кўрганим сайин, бу ихлос мустаҳкамланиб борарди. Бироқ, минг афсуски, тақдирнинг дағал қўллари ҳамиша хушбўй гулларга ўч бўларкан. Мен ҳали кўнглимдагидек хизмат қилишга, кўнглимдагидек дуосини олишга улгурмай, отамизни биздан олиб кетди. Ўлим – ҳақ! Кўникмай иложимиз йўқ, аммо бу хонадонда айнан шу инсоннинг ўрни ҳар қадамда билиниб, аламларимизни янгилаб туради. Отамизнинг яхши фазилатлари жуда кўп эди, шу сабаб ич-ичимда яшаётган фарёд ҳар сафар қўзғалганда «отамнинг ибрат бўларли томонларини ёзишим керак», деган ният тинчлик бермайди. Шу сабаблар билан майда-чуйда гапларни эмас, у кишининг ҳар қандай инсон ўрганса арзийдиган чиройли фазилатлари ҳақида ёзгим келди…

Табиатни севувчи, у билан тиллаша оладиган боғбон эди. У кишининг йиллар давомидаги заҳматлари эвазига барпо этилган мана шу хонадонда яшар эканман, ҳар бир девор, ҳар бир қарич ерда унинг изларини кўраман. Отамиз яхши ниятлар билан ўтқазган ҳовли тўла мевалар, назаримда, бу дарахтларнинг ҳар бир барги, меваси, шохлари отамизга таҳсин ўқиётгандай... Кўнглим тусаб, қип-қизил гилосларга қўл чўзганимда, мевалари тобора шаклланиб бораётган олмаларга кўзим тушганида, одамни ҳайратга соладиган даражада чиройли олхўриларни ҳавас билан томоша қилганимда, умуман, ҳар нафасда отамизнинг тирик нигоҳини ҳис қилиб тураман. Бу нигоҳ мени ҳатто, фаолиятим давомида ҳам ҳамроҳлик қиладигандай.

Отамизнинг бошқа бир ибратли жиҳатлари у кишининг маърифатсеварлиги эди: ҳамиша ўрганишга, ниманидир билишга интилар эди. Ўқимишли, илмли одамларни чин дилдан эъзозловчи отамизнинг кўнгли осмон қадар юксак ва беғубор эди. Жуда яхши суҳбатдош ва узоқни кўра оладиган маслаҳатгўй, савияси баланд китобхон эди. Ҳар қандай маънавий янгилик учун қувонар, дунёга жуда кенг нигоҳ билан боқувчи маънавияти юксак киши эди.   Гарчи менга бу инсон билан йиллаб яшаш, суҳбатдош бўлиш насиб этмаган бўлса-да, жуда кам фурсат давомида мен у кишида инсонга хос бўлган жуда кўп яхши жиҳатларни ўзим учун кашф этдим, ўргандим. Бу инсондаги инсонларча чиройли яшашга бўлган иштиёқ, яқинларини буюк меҳр билан севиш ва ардоқлаш, ҳар қандай вазиятларни чуқур мулоҳаза билан ҳал қилиш, оқилона фикр юритиш, бағрикенглик, кенг дунёқараш, асосийси, меҳрибонлик жуда ибратли фазилатларидан эди. Чунки не-не умрлар борки, инсонийлик нималигини англамай охирлайди. Аллоҳ берган азиз умрни ғафлатда бекорларга сарфлагувчилар қанча. Ҳаётда энг азиз инсонларидан меҳрни қизғаниб, қадрини билмай яшаётганлар қанча. Отамизни таниган, яқиндан билган ва ҳатто узоқроқ танишлари ҳам уларнинг яна бир гўзал сифатлари тўғрисида кўп ҳикоя қилишади, яъни   у киши ўз онасини буюк меҳр билан ардоқлаганликлари, онанинг энг оддий истакларини-да ҳар қандай муҳим ишдан юқори қўйганлиги, сидқидилдан хизмат қилиб, дуо олганлиги ҳақида кўп эшитаман ва албатта, бу ҳам ҳавас қилса арзигулик!

Шундай яхши инсонга келин бўлиб, ҳаётда бу инсонга юзма-юз келиш мен учун қанчалик қувонарли ва қадрли бўлган бўлса, уларни бунча тез йўқотиш мен учун жуда-жуда оғир кечди. Ҳали-ҳали бу аччиқ ҳақиқатни, яъни мана шу оиладаги яқинларим каби бир азиз инсонимдан айрилганимни танамга сиғдиролмай қийналаман. Умр йўлдошим кенжа фарзанд бўлганлиги туфайли отамизга кўп эрка эди. Баъзан унинг армон тўла нигоҳини, биринчи фарзандини ҳам кўролмай кетган отасини қўмсаётганини сезиб, руҳий азобим ортади. Кўнглимдаги елиб-югуриб ўша инсонни хизматларини қилиш, соатлаб ҳаётий ҳикматлар ва тириклик ҳақиқатлари тўғрисида суҳбатлашиш, ҳар бир масалани маслаҳатлашиш ва яна қанча кунлар орзуси армонлигича қолиб кетди.   Ҳеч ёдимдан чиқмайди, охирги суҳбатлардан бирида катта ишонч ва ихлос билан: “Биз учун биринчи даражали иш бу, сизнинг номзодлик диссертациянгизни ёқлашингиздир, қолган ишлар бари аста-секин бўлаверади. Фақат олдинга интилинг. Илмий ишингизни ёқласангиз бас”, - деганди. Ўшанда бу сўзлари юрагимга катта далда бўлганди. Аммо ўша он бу меҳрибон инсоннинг бу дунёга қанчалик омонат турганини тасаввур ҳам қилиб кўрмабман. Қайнотам эса, ҳатто, диссертациямни ҳимоя қилиш кунимгача етолмади...

Бугун яна у кишини ёд этиб, ҳақига дуо қиламиз, биз учун ҳамиша барҳаёт отамизнинг ўгитлари, ҳаёт йўлининг ҳикмати сабоқ мактаби бўлиб, умр бўйи йўлимизни ёритгувчи машъалдир. Аллоҳ раҳматида у дунё саодатидан баҳраманд бўлинг, ота! Хотиржам бўлинг, меҳрибоним, номингизни кўтаргувчи, лафзи ҳалол, сиз орзу қилгандай маърифатга чанқоқ давомчиларингиз бор! Сиз ҳамиша қалбимизда яшайсиз!

 

Феруза Қаюмова, филология фанлари номзоди, доцент,

Ж. Расулов ноҳияси.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

КАЛЕНДАР

« Сентябр 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30

МАҚОЛАЛАР

Тонгга ишониб яшамоқ бахти

 

Ҳаловатсиз тунлар

Тун яримдан оғганда ҳам кўзига уйқу келмади. У ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, ёстиқни пастлатди, баландлатди. Қани энди, кўзлари юмилса-ю ухлаб қолса! Йўқ, кўзини юмди дегунча, бошига  устма-уст томчилар келиб урилар, лўқиллаётган боши ёрилгудай эди. Нима қилсин?! Бошини кўрпага ўраса ҳам, совуқ томчилар миясини тешгудай муттасил келиб уриларди.

Муфассал...

ТОҒЛАРДАН ИЛҲОМЛАНГАН ШОИРА

 

Шаҳодат (Шаҳодат Жалолова) 1983 йилнинг 12 июнида Суғд вилоятининг Панжакент шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни олтин медал билан битирган. 2004 йили ноҳиядаги педагогика билим юртини, 2014 йили Хўжанд давлат университетининг филология факултетини  аъло диплом билан тугатган.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
560
Мақолаларни кӯрганлар сони
254295

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1604583
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
2018
996
8930
1587452
37896
67032
1604583

Сизнинг IPнгиз: 54.225.59.14
Бугун: 20-09-2018 06:05:05

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015