Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 25 Июл 2019 Кӯришлар: 2026
Печат

 

(Устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг сўнгги ғазалига шарҳ)

s n ibrohim 2019Борлиқни тун сукунати чулғаган. Шаҳарда, айниқса, касалхонада, тунда ҳам сокинлик бўлмаса-да, ҳар қалай, сершовқин кундузга қараганда, анча тинч. Шоир чуқур ўйга толганча шифтга қараб ётаркан, бутун умрини кўз олдидан ўтказди. "Кўпинча инсон ўзини барча ишларга қодир яратиқ санайди. Аммо ўзлигини англаган сари Яратганнинг наздида қанчалар ожизлигини тушуниб етади ва ўзининг тақдир аталмиш азалий битикка ризоликдан ўзга чораси

йўқлигига иқрор бўлади. Бундай улуғ мақомга эришиш эса, ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бундай саодатга етиш учун, энг аввало, қалб Аллоҳга муҳаббат билан тўлиб-тошиши ва у дунё зангларидан покланиши, заррача бўлса-да, риёдан холи бўлиши керак", - хаёлидан кечирди у ва беихтиёр лаблари пичирлади:

 

Маним севгим билан тақдир аро пинҳон риёлик бор,

Қадарга тош отолмасман...

                                     қадарга ... чун ризолик бор…

 

Ўрнидан қўзғалиб, қўлига қаламни олди ва ҳозиргина хаёлидан кечган ўтли мисраларни қоғозга битди. Бу мисраларни қайта-қайта ўқир экан, қўлидаги қаламни қоғоз устига қўйганча яна хаёлга чўмди: "Севги ва тақдир. Бу ҳар иккисининг орасидаги пинҳон риёлик нима ўзи? Бу ўз муҳаббатини элга ошкор этишдан ва эл кўзига ошиқ бўлиб кўринишдан сақланишми? Ўзи ишқ нималигини ҳали англаб етмаган, аммо у ҳақда бутун бошли китоблар ёзиб ташлаётганлар-чи? Аллоҳ асрасин, бундай риё инсонни кибру ҳавога, манманликка, тамага бошлайди-ку. Мен-чи, менинг муҳаббатим риёдан холими?.." Ана шундай ўйлар исканжасида қоврилар экан, вақтнинг ўтганини, тун оёқлаб қолганини сезмай қолди. Юрагини алланечук илгари ҳеч англамаган бир ҳис тилкалаб ўтди ва қаттиқ оғриқ азобидан вужуди бир силкиниб, киприклари пирпиради-да, лаблари пичирлаб, қоғозга мисралар тўкилди:

 

Фажрда яшнагай диллар, зажрда... пирпирар киприк...

 

"Фажр - қалб энг покиза туйғулар билан тўлиб-тошадиган, тун билан кун алмашинуви рўй бераётган борлиқнинг соҳир сукунатида Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган энг гўзал дамлар... Бу лаҳзаларнинг бетакрор лаззатини ҳис этган диллар яйрагай... Менинг юрагимда пўртана ураётган туйғулар туғёни ҳам, вужудимни тилкалаётган азоб ҳам шунданмикин?.. - хаёлидан кечирди у. "Ҳажр, ҳажр..." - пичирлади яна лаблари. Ёр васлини қўмсаётган дилни ҳижрон аламлари сирқиратди-ю туйқус ошиқ учун ҳажр ўткинчи эканлигини, ҳажрга алвидо айтиш дамлари яқинлигини ҳис этди ва бу туйғулар ҳам қоғозга кўчди:

 

Ҳажрдан сирқирар кўнглим... ҳажрда алвидолик бор...

 

Кўнгли бироз таскин топгандай бўлди ва қаламни қўйиб, деразадан қорамтир самони тарк этаётган ойга тикилди. "Эҳ, инсон боласи! Билмайсанки, бу дунёнинг ҳар бир дақиқаси, ҳар бир хатти-ҳаракати, ҳар бир нарсаси адолат мезони ила ўлчаб қўйилган. Уларнинг ҳеч бири ўз тақдир чизиғидан бир зарра қадар ҳам чиқиб кета олмайди. Мана тунни ёритиб турган ой ҳам, ўзига ажратилган вақтни ўтаб, чизиб қўйилган чизиқдан оғишмай кўзимиздан ғойиб бўлмоқда. Биз ҳар қанча уринмайлик, ҳар қанча дод-вой чекмайлик табиатнинг бу мувозанатини зарра миқдорича бўлса-да ўзгартира олишга қодир эмасмиз", - яна хаёлидан ўтказди у ва қаламни олиб қоғозга ёзди:

 

Бу шаблардан қамар кетгай,

                                           фиғоним бесамар кетгай...

 

Дунё ва ундаги барча нарсалар фоний эканлигини чуқур англаб етган шоирнинг кўнглига бир илинж, бир умид таскин берарди. Бутун умри бўйи Ёр ҳажрида чеккан дарду аламлари интиҳосига етиб борар, ҳадемай ҳижрон туни ниҳоялаб, дилдаги қайғуларни кетказувчи нурли саҳар - висолнинг мунаввар онлари - ғамзудолик яқинлашар эди. У қалбини забт этган умидворлик ҳисси ила ёза бошлади:

 

Яна нурли саҳар келгай... саҳарда ғамзудолик бор.

 

Висол онлари яқинлигини сезиб қолган дил қурғур қафасдаги қушдай типирчилар, ёр васлига интилиш ҳисси лаҳза сайин ортиб борар, у энди фироқ азобига кўнмай қўйганди, безовта руҳ наздида бу кўҳна очун ўз тароватини тамомила йўқотган ва ҳар лаҳзада у билан видолашишга, ундан жудоликка тайёр эди. Шундай туйғулар оғушида қолган шоир яна қаламини қўлига олди ва қоғозга мисралар тўкилди:

 

Ҳажрга кўнмаса бу дил, бу ҳисда сўнмаса бу дил,

Чу тошда унмаса бу дил, бу очундан жудолик бор.

 

"Ҳар бир инсоннинг ўзига хос дунёси бўлади. Менинг Дунём - муҳаббат. Бутун умрим шу ҳис билан яшадим, шукрки, сўнгги дамларда ҳам шу Дунёни тарк этмадим ва шу ҳис ичра абадият сари йўл олишга ҳозирланмоқдаман. Менинг ишқ ичра яшаган жонимни ишқ олар бўлди, бу ишқ мени ҳудолик - тўғри йўл сари бошламоқда..." - деган ўйлар кечди шоир қалбидан ва туйғулар сел бўлиб, қоғозга қуйилди:

  

Бу Дунёда қолар бўлдим, шу ҳис ичра ўлар бўлдим,

Жонимни ишқ олар бўлди, бу ишқ ичра ҳудолик бор.

 

Шоир ғазалга сўнгги нуқтани қўяр экан енгил тин олди. Уни яна бир карра ўқиб чиқди. Сўнгги мисрани бироз тўғрилаган бўлди. Сўнг қоғоз ва қаламни каравоти ёнидаги жавонча устига қўйиб, яқинлашаётган висол онларини муносиб кутиб олиш истагида зикрга чўмди...

 

Толибжон Рўзибоев,

Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти.

КАЛЕНДАР

« Октябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

Дўстлар дийдорида шодлик мужассам

 

Икки қардош, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги алоқалар кун сайин ривожланиб, томонлар манфаатига хизмат қилмоқда. Айниқса, сўнгги ойлардаги икки мамлакатнинг турли даражадаги делегациялари ташрифи, бўлиб ўтаётган учрашув ва музокаралар жараёнида эришилаётган келишувлар ҳам икки томонлама муносабатларни янги босқичини бошлаб бермоқда. Албатта, давлатлар миқёсидаги сиёсий-

Муфассал...

Унутмоқ осонмас сизларни…

 

Ой сутдай оппоқ. Осмон артилган шишадай тоза. Чигирткаларнинг чириллаши, қурбақаларнинг қуриллаши осойишта сукунатни бузади. Осмонда ой – уйда мен бедорман. Ўтиб кетган меҳрибон, дунёқараши кенг, куюнчак ва самимий кишилар ҳақидаги фикр уммонига ғарқ бўламан.

Бу йил - қадрдон, отахон газетамиз «Халқ овози»нинг 90 йиллик шодиёнаси. Газета редакциясида қанчадан-қанча меҳри дарё, қалби зиё, камтарин

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2576015

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10182159
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
2395
3780
2395
10151415
79252
138877
10182159

Сизнинг IPнгиз: 216.73.217.14
Бугун: 19-10-2026 15:32:59

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015