Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 31 Май 2018 Кӯришлар: 149
Печат

 

Ўтган замон ҳикояси

krovatКарам чол фақат ўзи яшаётган қишлоқда эмас, балки ўша пайтда Қалъаи Сурх, деб аталган районда темир каравотга эга бўлган биринчи одам эди. Оддий каравот. Тўрт оёқли, суянгич-панжарали симкаравот. Лекин чол бу каравоти билан жуда-жуда фахрланарди. Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, ҳозирда «06», «Жигули» ё «ГАЗ-24» сотиб олган одамлардан камроқ гердайиб юрмасди. Бу каравотни марказга кўчиб кетган қизи юборганди.

Биронта одамнинг бундай дабдабали нарсаси йўқ эди. Буни ҳис қилганиданми, чол каравотни уйининг кўзга кўринарли жойига қўйди. Каравотда ўтириш лаззатини фақат чолнинг ўзигина биларди. У ҳеч кимга каравотини ишонмасди, устида ётиш нари турсин, бир лаҳзагина бўлсин, ўтиришга ҳам қўймасди. Ҳатто, набираларининг яқинлашишига ижозат бермасди. Фақат кампири –Зайналмо кунига уч марта каравотга қўл тегизиш ҳуқуқига эга эди. Ҳар гал қария борлигида каравотга яқинлаша оларди. Кампир каравотни артиб-тозалаш учунгина унга қўл тегизарди, холос.

Чол кундузлари ҳам каравотда ўтирарди. Оқшомлари анчагача каравотни тебратиб, ҳалинчак учгандайин, роҳатдан кўзлари юмилиб кетарди. Ва сўнгра, устига ҳеч нарса тўшалмаган симтўрга ётиб, гарчи тонгда бели оғриса-да, «оҳ, нақадар мазза, худди пахта устида ётгандек роҳат қилдим», дебон уйғонарди. Набиралар бир четда тиззалаб ўтиришганча «бахтли» боболарини кузатишар, лекин унга ҳавас қилишдан бошқа иложлари йўқ эди. Зайналмо кампирнинг: - Невараларим ҳам каравотда тебраниб, бир роҳат қилишсин, - деган илтимослари чолнинг кўнглини заррача юмшатмасди.

Симкаравотнинг донғи бутун районга кетди. Шуҳрати ёйилиб кетишида чолнинг хизмати ҳам кам эмасди. У кимни учратмасин, аввал об-ҳаводан гап очар, сўнг бола-чақасини суриштирар ва кейин меҳрибон қизи ҳақида гапирганча, аста-секин у юборган каравотга ўтар, тўхтамасдан мақтарди.

Ўзидан ўтди. Симкаравотнинг овозаси районда ишлайдиган милиционер - Набибурутнинг қулоғигача етиб борди. Қишлоқларда Набибурутдан озор чекмаган одам деярли қолмаганди. У беш-олтита эркакни олдига солиб кетиб, қамаб қўйиши мумкин ва ўзининг айтишича, «жавоб бериш»га ҳам қодир эди. У Карам чолнинг қишлоғидан ўнта одамни «қулоқ» қилиб юборганди. Набибурутнинг тепкисини татиган одамлар битта-иккитагина эмасди.

Бир куни, Карам чол тушдан сўнг, ишдан қайтиб, каравот устида тебраниб-тебраниб ҳузур қилиб ўтирганида, кутилмаганда, уйига Набибурут кириб келди. Қариянинг кайфи тум-тарақай қочди. Юзи оқ рангга «бўялди». Баданини титроқ тутди. Қўлидаги пиёла сирғалиб, сутчой каравотга тўкилди. Лекин негадир, шу лаҳза Карам бобонинг кўнгли каравотга ачимай қолди. У каравот ғамини емай қўйганди. Милиционер тўппа-тўғри каравот олдига келиб, у томони-бу томонига қўл теккизгач, деди:

- Ёмон яшамас экансан, бобой.

- Худойим нимани муносиб кўрса, шукрона айлайман, - деди қария.

- Нима, бу каравотни ҳам Худо жўнатдими?

- Йўқ, ўртоқ Наби, буни қизим шаҳардан опкелиб берди, - қария замонга мослаштириб сўзлашга уринди.

- Сен бу нарса буржуазия элементи эканлигини биласанми?

- Йўқ, бу элемент эмас, унинг номи – каравот, - Карам бобо милиционернинг сўзларига тушунмасдан деди.

-Ер шудгорлаш учун темир керак. Сен бўлсанг, шунча темирни уйингда яшириб ўтирибсан? Сенинг-ча, бу синфий душманлик эмасми?

Карам бобо каравотининг борлиги синфий душманлик эканлигини англаб, янада қўрқиб, баданини совуқ тер босди.

- Менга ҳеч ким омочга темир етишмайди, каравотингни топшир, деб айтмаган-да, айтишганида, мен аллақачонлар топширган бўлардим. Колхоз учун мен жонимни ҳам бераман.

- Нима қиламиз? – Набибурут ёнидан қалам-қоғоз чиқарди. – Сени олиб кетайликми ё каравотни?

- Болаларингнинг садақаси кетай, - Карам бобо ўзини Набибурутнинг оёқлари остига ташлади. – Болаларимга, набираларимга раҳминг келсин! Агар мени опкетсанг, улар қаровсиз қолишади. Чўпон ўғлим узоқ-узоқларда, яйловда юрибди. Ол каравотни, опкет, майли, ундан темир қуйишсин. Менинг бирон аждод-авлодим каравотда ётиб келганми, энди мен ётсам!

- Майли, тур ўрнингдан, - деди Набибурут, - Анови матоҳни эшагингга орт! Опкетамиз.

Қария оғилдан эшагини олиб чиқди. Каравотнинг панжараларини ажратиб, эшакка ортди. Устидан арғамчи билан боғлади. Ва Набибурутнинг ортидан эргашди.

Уни милиционер уйи олдида тўхтатди. Каравотни Набибурутнинг уйига олиб киришди.

- Махсус камис келиб, каравотни текшириб кўради. Ана кейин сенга натижасини маълум қиламиз! – Набибурут шундай деганча, гапни қисқа қилди ва чолга жавоб берди.

Карамбобо уйига келиб «камис»нинг жавобини кутди. Ойлар, йиллар кутди. Лекин ҳеч қандай жавоб олмади. Лекин қария хафа бўлмасди. Қайтага ўзича хурсанд бўларди: агар каравот бўлмаганида, унинг ҳоли нима кечарди?

Қурбон Аламшо

Тожик тилидан Ўринбой УСМОН таржимаси.

КАЛЕНДАР

« Август 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
    1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31    

МАҚОЛАЛАР

Фармонлар ижросидаги совуққонлик – тартибсизликлар омили

 

Қонун устуворлиги ва фармонлар ижросининг сўзсиз таъминланиши, жамиятнинг бир маромдаги тараққиёти, жамоатчилик тартиб-интизоми мустаҳкамлигининг бош кафолатидир.

Устувор тартиб-интизомга асосланган жамият ҳар жиҳатдан: ҳам иқтисодий-ижтимоий, ҳам маданий-сиёсий равнақ топишнинг тўғри йўлидан боради.

Муфассал...

Пиёзимиз ўта аччиқ, картошкамиз жуда қиммат…

 

Ўтган ҳафта Восе ноҳиясида бўлганимизда, бизга деҳқонлар жорий йил пиёз экилган майдонларни кенгайтирганликлари ҳақида айтишди. Қурбоншаҳид қишлоғи Ҳулбук қалъаси ёнидаги бозорда бир килограмм пиёзнинг нархини сўрадик.

- Тўрт сомоний, - жавоб берди қопдаги пиёзлари ўртачадан кичик бўлган сотувчи.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
535
Мақолаларни кӯрганлар сони
232660

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1535136
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1414
2470
7833
1510594
35481
101076
1535136

Сизнинг IPнгиз: 54.81.196.35
Бугун: 16-08-2018 19:41:29

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015