Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 15 Март 2018 Кӯришлар: 2582
Печат

 

kitob 2018Ҳасанбой Ғойиб жуда сермаҳсул шоир ва публицист. У йигирма йилдан ортиқ ижодий фаолияти давомида саккизта китоб нашр этиб, бадиий сўз ихлосмандларига тавсия этган. Шунингдек, унинг мақола ва қиссалари доимий равишда «Халқ овози» республика газетаси ҳамда маҳаллий матбуотда чоп этилиб келинади. Унинг шеър ёки насрда ёзган ҳар бир мисраси Ватан, Тожикистон, она, яхшилик, хайрихоҳлик, қадр, бирлигу жипслик, ватанпарварлик фахри каби

мавзуларни ўз ичига олади.

Яқинда Ҳасанбой Ғойибнинг охирги йилларда нашр этилган учта: «Дийдор соғинчи», «Хаёл чечаклари» ва «Мозийга айланган йиллар…» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Турсунзода шаҳар музейи ва марказлаштирилган кутубхонасида ташкиллаштирилган тақдимот маросимида ижод аҳли шоир ижоди ҳақида ўз фикрларини баён этишди.

Камина ҳам ушбу уч китоб ҳақида ўз фикрларимни қисқача билдириб ўтмоқчиман. «Мозийга айланган йиллар…» китоби биографик характердаги асар бўлиб, у муаллифнинг турли йилларда ёзган эсдалик ва хотираларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, ушбу китобдан Ҳасанбой Ғойибнинг бир нечта янги шеърлари ҳам ўрин олган. Чунончи, шоир «Боғбонқишлоқ ҳақида» номли шеърида ўз меҳрини туғилган жойи, бобоси, ота-онаси, яқин қариндошларга нисбатан баён этиб, болалик хотираларини жуда ажойиб тасвирлаган. Бу ҳам ўз навбатида ёш авлод тарбиясига сезиларли ҳисса қўшади.

Муаллиф ушбу китобнинг алоҳида мақолаларида турсунзодалик қаламкашлар Алимардон Шоймардонов, Абдурауф Мўминов, Шамсиддин Ҳожиматов, Абдуқаҳҳори Қосим, Акрам Икромий, Жўрақул Ҳакимов, Ҳабибулло Дўст, Тўйчи Ханжаров, Абдужалил Ғафуров, Раҳматжон Умаров, марҳум Абдумажид Бойхонов, «Халқ овози» газетасининг етук журналистлари Ёқубжон Абдуманонзода, Эркин Шукур, Ҳофиз Мирзо ва бошқаларнинг муносиб хизматлари ҳақида эслаб ўтган:

Агар дар дилат меҳри устод нест,

Ба дасти муроди ту жуз бод нест.

Ҳасанбой Ғойиб «Меҳрибон устоз, мўътабар дўст» мақоласида ўз меҳру эҳтиромини устозлари: таниқли шоир Ўлмас Жамол, Хўжааҳмад Хидиралиев ва Ҳомид Обидхўжаевларга нисбатан самимий баён этган.

Шунингдек, унинг «Мозийга айланган йиллар…» китобидаги мақолаларда таниқли тожик шоирлари Бозор Собир, Раҳмат Назрий, қозоқ шоири Олжас Сулаймонов билан бўлган мулоқотлари қаламга олинган бўлиб, улар жуда ўқимишли ва самимий битилган. Бу борада буюклардан бирининг шундай сатрлари бор:

Заҳмати ҳампешаро ҳампеша медонад, ки чист?

Зарби дасти кўҳканро теша медонад, ки чист?

Киши диққатини тортадиган яна бир нарсани ҳам қайд этиб ўтишни истардимки, Хасанбой Ғойиб мазкур китобда ўзининг давлат тилига бўлган меҳрини «Тожик тили ҳақида» номли шеърида қуйидагича ифодалайди:

Дунёда тиллар кўп гўзал ва жозиб,        

Барчасин ўрганмоқ эрур ноимкон.

Гўзал сатрларни битсалар дея,

Шу тилни яратди биз учун Яздон.

Таниқли ва сермаҳсул қаламкаш Ҳасанбой Ғойибни икки биродар – тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги тарғиботчиси, десак муболаға бўлмайди. Унинг камина ва шоир Абдуқаҳҳори Қосим билан бўлган доимий дўстлик ва ҳамкорлиги юқоридаги сўзларимизнинг исботи саналади. Шунингдек, «Хаёл чечаклари» китоби ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади. Ҳасанбой Ғойиб халқлар дўстлигини «Тожигу ўзбек ширин шеваси», «Икки тилли бир миллат», «Тожик қизига», «Ватан бахти – сенинг бахтинг» шеърларида жуда маҳорат билан тасвирлаб, ўқувчини аждодларимиздан қолган халқлар дўстлигини қадрлаш ва бир халқу икки миллат бўлган тожик ва ўзбек дўстлигининг янада шаклланиб, ривож топишига ҳисса қўшишга ундайди.

Ҳасанбой Ғойиб тожик шоирлари шеърларини ўзбек ўқувчиларига таништиришдаги муваффақиятга таржима орқали эришган. 2017 йилда нашрдан чиққан «Дийдор соғинчи» китобининг аксариятини тожик шоирлари шеърлари таржимаси ташкил этади.

Ҳақиқатдан ҳам, таржимонлик осон иш эмас. Шеърнинг асл мазмунини таржимада сақлаб қолиш таржимондан катта маҳорат, истеъдод ва кенг дунёқараш талаб қилади. Каминанинг фикрича, Ҳасанбой Ғойиб бунинг уддасидан чиққан. Мисол учун, Мирзо Турсунзоданинг қўйидаги мисралари таржимасини келтирамиз:

Шоиро, аз сўхтан дорий хабар,

Пас макун аз оташи сўзон ҳазар.

Таржимаси:

Шоиро, топсанг ёнишингдан гар хабар,

Айлама ёнган оташдан сўнг ҳазар.

Шундай қилиб, Ҳасанбой Ғойиб 50 нафардан ортиқ, жумладан, Лойиқ, Гулрухсор, Камол Насрулло, Раҳмат Назрий, Меҳмон Бахтий, Зулфия, Сайдали Маъмур, Гулназар, Султонмуроди Одина, Мирзо Файзали, Абдуқаҳҳори Қосим, Хайрандешларнинг шеърларини таржима қилиб, ўзбек ўқувчиларига етказиб берган. Бундан ташқари, шоир Ҳисор адабий муҳитидаги тожик классик шоирлари шеърларини таржима қилишда ҳам муносиб ҳисса қўшган. Чунончи, у Парин Ҳисорий, Ҳасрат, Жазбий, Ғамгин шеърларини ҳам таржима қилган.

Умуман олганда, шоир, таржимон, публицист, Тожикистон Журналистлар иттифоқи аъзоси Ҳасанбой Ғойибни одамлар сермаҳсул ижодкор, заҳматкаш, хоксор, диёр куйчиси сифатида яхши танийди ва ҳурмат қилади. У Турсунзода шаҳри ва ундан ташқарида ҳам юксак обрўга эга.

Ҳасанбой Ғойиб ижодиёти ҳақидаги фикрларимни устоз Иброҳим Усмоннинг бир иқтибосини келтириш билан якунлайман:

-«Ҳасанбой Ҳисор водийси фарзанди. У шундай ҳаводан нафас олганки, бу ҳаводан Мирзо Турсунзода ва Носиржон Маъсумий сингари улуғ зотлар димоғи муаттар бўлган. У Тожикистон гўзалликлари ва буюклиги куйчисидир. Кимки Ватанни улуғласа, Ватан ҳам уни севади…»

Ҳа, биз ҳам унинг илҳом парилари доим парвоз қилаверишини тилаб қоламиз.

 

Файзали ШУКУР,

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг

Турсунзода шаҳар бўлими адабий маслаҳатчиси.

КАЛЕНДАР

« Май 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31

МАҚОЛАЛАР

ҚИССАДАН ҲИССАЛАР

 

Ўзим билан суҳбат

-Нега ёзасан, Раъно?

-Нега ёзмайин?

-Ахир, шоиру ёзувчилар шунчалар кўп ёзишди-ку…

-Тўғри айтасан, лекин мен ҳам ёзишим керак.

Муфассал...

Насрдаги туйғулар

 

МУАЛЛИМА

Яқинда сизни учратиб қолдим. Ўқувчиларингиз орасида ёшариб кетгандайсиз. Сизни кўрдим-у болалигим ёдимга тушди. Дарсни:

-Болажонларим, деб бошлардингиз. Ўйинқароқ  эдик, сизни кўпинча койитиб қўйсак-да, кенг феъл, меҳрибон нигоҳ билан бизга сабоқ беришни давом эттирардингиз. Мулойим овозингиз ҳали-ҳануз қалбимда акс-адо бериб турибди. Биринчи ўқитувчимга, деб олиб борган даста гулларим  кўз ўнгимда.

Кейин йиллар ўтди. Сўнгги қўнғироқнинг жарангдор садоси юрагимизга жо бўлди. Беғубор болалик, ўсмирлик даври ортда қолди. Сиз каби устозлар дуоси билан мустақил ҳаётга дадил қадамлар қўйдик, муаллима.

Мана кеча сизни учратиб қолдим.  Ширинтой болажонларингиз атрофингизда парвона.

...Мен шу лаҳза ўз болалигим билан учрашгандай бўлдим.

 

ШАМОЛ ВА МУСИЧА

Шамолнинг қаҳри – қаттиқ. Бунча ҳам қаттиқ эсмасанг, деб ёлборарди мусича, ахир инимни бузиб, полапонларимни…

Мусичанинг илтижолари зое кетди. У бузилган уяси атрофида бир-икки айланди-да, ерга қўнди. Ўлиб ётган полапонларига боқаркан, яна гир айланди. Шамол ҳамон қутурар, хас-чўпларни турли томонларга  учирарди.

Орадан вақт ўтиб, мусича яна жўжа очди. Шамол эсарди. Энди мусича унга парво қилмайди – шамолдан панада полапонларига меҳр билан емиш улашади. Шамол қанча ғазаб отига минмасин, мусича хотиржам болаларига андармон бўлади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларкан, мусича: -Бир вақтлар сизлардай полапонларим, акаларинг бор эди, бу шамол…- деб қўяди ғу-ғулаб. Ва панароқда ин қурганидан хурсанд бўлади. 

 

Раҳмат БЕК.

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2382196

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9502672
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1808
3448
16210
9457148
1808
140751
9502672

Сизнинг IPнгиз: 216.73.217.124
Бугун: 01-05-2026 14:12:03

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015