Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СПОРТ

Муаллиф: Super user Категория: СПОРТ
Чоп этилган 12 Июл 2018 Кӯришлар: 190
Печат

 

n asronqulov 2018Яқинда Ўзбекистон Республикаси Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро турнирда мутлақ чемпионликни юртдошимиз Неъматулло Асронқулов қўлга киритди. Бу музаффарият, нафақат уники, балки бутун Тожикистон халқиники эди. Паҳлавон сафардан қайтгач, у билан бир пиёла чой устида суҳбатлашишга муяссар бўлдик.

- Аввало, бутун ижодий жамоамиз, қолаверса, газетамизнинг барча муштарийлари номидан эришган ғалабангиз билан қутлайман. Айтинг-чи, бу қандай юз берди?

- Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида полвонларнинг улуғ устози Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган кураш бўйича халқаро турнирдан хабар топгач, биз икки киши – камина ва турсунзодалик паҳлавон республика Кураш федерациясига ушбу турнирда иштирок этишимизга ижозат беришлари учун ариза ташладик. Аризамиз федерация раҳбари Носир Бозоров томонидан маъқулланиб, сафарга рухсат берилди.

- Сўнгра…

- 29 июн куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрига етиб келдик, мандат комиссиясидан ўтдик. Сўнгра 30 июн куни мусобақа бошланди.

- Мусобақанинг шарту шароитлари қанақа экан?

- Мусобақада Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, жами 14-15 давлатдан полвонлар қатнашишди. Дастлабки 4 вазнда эркаклар, 3 вазнда аёллар, жами 7 вазнда беллашувлар ўтказилди. Мен шеригим Дадахон Қурбоналиев билан 90 килограммдан ошиқ вазнда иштирок этдик. Дадахон Қурбоналиев дастлабки қўлда туркманистонлик рақибини енгди, бироқ Эрондан ташриф буюрган паҳлавонга ютқазиб қўйди.

- Ўзингиз-чи?

- Илк рақибим афғонистонлик полвонни енгдим. «Юз фоиз ҳалол»,- дейишди ҳакамлар. Иккинчи рақибим 110 килограммлик Туркманистон паҳлавонини ҳам енгишга муваффақ бўлдим. Финалда эса, икки марта жаҳон чемпиони, Ўзбекистон полвони Муҳсин Ҳисомиддинов билан курашишга тўғри келди. Рақибим жуда абжир, кучли, матонатли полвон экан. Бироқ омад менга кулиб боқди…

- Демак, бош соврин Сизга насиб қилибди-да?

-Шундай. Мутлақ вазнга Ўзбекистон Президенти соврини – 10 минг Америка доллари миқдоридаги мукофот қўйилган экан, минг шукрким, каминага тақдим этилди. 2-ўрин Ўзбекистон паҳлавони Муҳсин Ҳисомиддиновга, 2та учинчи ўринлар эса, эронлик полвон ва ўзбекистонлик Болтабой Болтаевларга насиб қилди.

- Шоҳсупада, мукофот топшириш онларида ўзингизни қандай ҳис этдингиз?

- Паҳлавон Маҳмудни олим, шоир, паҳлавон, баъзи манбаларда авлиё ҳам дейишади. Хуллас, шундай улуғ устоз хотирасига бағишланган халқаро турнирда биринчиликни қўлга киритишим, аввало, бу Яратган эгамнинг бизга иноятидир. Қолаверса, бу азиз Ватаним - Тожикистоним ғалабасидир. Шоҳсупада эканман, номим эълон қилингач, Тожикистон байроғи кўтарилиб, давлат мадҳиямиз янграганида ҳакамлар ҳайъти-ю, иштирокчилар ўринларидан туришиб эҳтиромларини изҳор этишди. Ўша онларни тил билан тасвирлаб беришга ожизман, бутун вужудимни англаб бўлмас ўзгача эзгу ҳиссиётлар қамраб олди, назаримда. Оҳ, бу нажиб ҳолат!

- Спортга кириб келишингиз, умуман, ўзингиз ҳақингизда икки оғиз сўз айтсангиз.

- 1982 йили Рўдакий ноҳияси Зайнабобод қишлоқ жамоатининг Сароб қишлоғида зиёли оиласида таваллуд топганман. 1990 йилдан спорт билан шуғулланаман. Спортчи бўлиб танилишимда, энг аввало, мени ҳамма томонлама қўллаб-қувватлашган амакиларим Иброҳимжон, Юнусжон, Юсуфжон ва Раҳимжонларнинг роли катта. Спорт мактабидаги илк устозим Ҳасан Боқиевнинг 11 йиллик меҳнати сингиган менга. Кейинчалик Раҳматулло ака Усмонов, Баҳриддин Бердиев, Ҳожимўмин Муҳаббатовлар, шунингдек, қўлимдан етаклаб Франция, Италия каби Европа давлатларидаги турнирларга олиб борган устоз Нарзулло Каримовларнинг шахс ва полвон сифатида шаклланишимда, танилишимда хизматлари - беқиёс. Барчаларидан миннатдорман.

- Бир қатор халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этган ва уларнинг баъзиларида кўзга кўринарли ютуқларга ҳам эришган экансиз, шундайми?

- Ҳа, 2004 йили Тожикистон Политехника олийгоҳини битиргач, бир муддат муҳожиратда яшашга тўғри келди. 2005 йилнинг 26-27 январ кунлари Москва шаҳрида дзюдо бўйича мусобақада биринчиликни қўлга киритиб, «Улкан дубулға» («Большой шлем») совринига муяссар бўлдим. 2008 йил Пекинда ўтказилган Ёзги олимпиадада ҳам иштирок этганман. Халқаро миқёсдаги устозимиз Владимир Николаевич Елчаниновнинг бу борада хизматлари - беқиёс. У кишидан ҳозир ҳам маслаҳатлар олиб тураман.

- Неъматулло Асронқуловнинг хоббиси нима?

- Ишдан бўш пайтларда деҳқончилик қиламан. Кетмон уриб, ҳаловат топаман. Ва яна қўй боқаман. Пайғамбаримизнинг: -«Қўй боқинглар, қўй баракадир»,- деган ҳадисига мувофиқ, узоқ йиллардан буён, қўй боқиб келаман, уларни ўз қўлим билан парваришлайман. Ватанпарварлик руҳидаги, Ватанга муҳаббату садоқат туйғуларини уйғотувчи филмларни томоша қиламан. Дадам ва онажоним хизматларини қилиб, дуоларини олсам, дейман… Ҳалолликни ёқтираман. Деҳқончиликка меҳру муҳаббатим, эҳтимол, она томондан бобом Абдусаттор отадан ўтган бўлса керак. У киши ҳақиқий деҳқон бўлган. Ҳалоллигим эса, катта энамиз Қурбонбиби ачамлардан ўтган бўлса, не ажаб. Асли Қўқондан бўлган ачам эски мактабда таҳсил олган, замонасининг олимаси, ниҳоятда, тақводор зиёли аёллардан бўлган.

- Сизларни полвонлар авлоди, дейишади. Сиздан ташқари, яқинларингиздан яна бирон киши курашга қизиқадими?

- Ўзингиз айтганингиздек, авлодимиз бари спортга қизиқади. Юсуфжон амакимнинг ўғли Омонулло ҳам шу кунларда элга танилиб бормоқда. Худойим унга ҳам ўзи зафар ато қилсин, ёмон кўзлардан асрасин, дейман.

- Айни пайтда қаерда фаолият юритаяпсиз?

- Турсунзода шаҳридаги Олимжон Идиев бошчилик қилаётган Спорт мактаби муассасасида мураббийлик қиламан. Озодбек Жўраев, Комроншоҳ Жавлиев, Фирдавс Маҳкамов каби келажаги порлоқ шогирдларни тарбиялаётганимдан хурсандман.

- Баъзи полвонлар бир машҳур бўлишиб, тез орада номлари сўниб кетади, бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин?

- Полвонлик – ҳалоллик, демак. Озгина бўлса-да, машҳурлик кишини гангитиб қўйиши бор гап. Шундай пайтда, полвон ўзини қўлга олиб, ёмон йўллардан тийилса, маишатга берилмай, ўз устида иш олиб бориб, мунтазам шуғулланса, уни Худонинг ўзи қўллайди.

- Ҳаётда кимдан миннатдорсиз?

- Аввало, Давлатимиз бошлиғи, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон, тожик спорти ривожу равнақида жуда катта ҳиссалар қўшиб келаётган муҳтарам Рустами Эмомали ва республика Ёшлар билан ишлаш ва спорт комитети раҳбарияти, Турсунзода шаҳар раиси ҳамда спортга алоқадор барча раҳбарлардан ҳамма вақт миннатдорман. Республика миқёсидаги курашларда жуда кўп мукофотлар олганман. Аммо муҳтарам Президентимиз қўлларидан мукофот олганим мен учун олий баҳо.

Ва табиийки, ота-онам, қавму қариндошларим, ҳамқишлоқларим, барча устозларим ва мухлисларимдан тоабад миннатдорман.

- Муштарийларимизга тилакларингиз.

- Ҳамиша соғ-омон бўлсинлар. Юртимизда, минтақамизда ва бутун жаҳонда, қолаверса, ҳар бир хонадонда тинчлик ҳамиша ҳукмрон бўлсин.

-Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Абдулло Саидов суҳбатлашди.

КАЛЕНДАР

« Июл 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31          

МАҚОЛАЛАР

Эмомали Раҳмон ва ёшлар йили

 

 (Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

26 октябр куни Тожикистон Республикаси Президенти республика Ҳукуматининг стратегик мақсадларидан бири – мамлакатни коммуникацион боши берк кўчадан чиқаришга ёрдам бериш ва бунга тез муддатда эришиш мақсадида “Душанбе-Қўрғонтепа” автомобил йўлининг қайта қурилиши лойиҳаси билан танишиб, қурилиш ишларини бошлаб берди.

Муфассал...

Янги ҳамкорликлар калити

 

Хўжанддаги Спорт саройида очилган «Суғд-2018» Бешинчи халқаро савдо ярмаркасига тўхтовсиз келиб турган кишилар бу ерда Тожикистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан бирга, қўшни Ўзбекистондан келган тадбиркорлар кўргазмаларини астойдил кўздан кечиришди.

Анъанага айланган ва иштирокчилари йил сайин кўпайиб бораётган ярмаркада Ўзбекистондан ташқари Россия, Қозоғистон, Бирлашган Араб

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
514
Мақолаларни кӯрганлар сони
205280

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1454334
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
2341
3898
13639
1417538
55755
64816
1454334

Сизнинг IPнгиз: 54.196.31.117
Бугун: 19-07-2018 16:51:59

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015