Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 11 Май 2018 Кӯришлар: 96
Печат

 

g murodaliyeva 2018Мен Тожикистонда туғилганман, миллатим - тожик. Ўн етти ёшимдан буён Ўзбекистонда яшайман. Мактабни (ўзбек тилида) битириб, Тошкентга ўқишга келдим. Тошкент Давлат университети(ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факултетида таҳсил олдим. Бугун босиб ўтилган умрим йўлига назар ташларканман, 17 ёшимда "Бу қиз иқтидорли", - дея баҳо берган таниқли ёзувчи Омон Мухтор, 18 ёшимда (1981 йили Тожикистонда ўтган Ўзбекистон

маданияти ва санъати декадаси кунлари) район газетасида чоп этилган иккитагина шеъримга эътибор қаратиб, хат орқали мени йўқлаган "Саодат" журналининг Бош муҳаррири Зулфияхоним (Зулфиядан хат келибди, дея шов-шув бўлиб кетган эди ўшанда!), мени шахсан танимаса-да, шеърларимни "Шоирнинг илк китоби" сериясига киритган Шавкат Раҳмон, илк тўпламимга муҳаррирлик қиларкан "Зўр шоир экансиз-ку!" - дея ҳайратланган Муҳаммад Юсуф, "Санъат" журналида ишлаб кетгач, қачон ишсиз қолсам, чақиртириб "Қизим, шу сизнинг жойингиз", - дея қайта ва қайта ишга олган домлам - санъатшунос олим Тилаб Маҳмудовнинг дарёдилликлари кўз олдимда гавдаланади.

Қандай инсонлар эди-я, улар! Бу ижодкорлар, нафақат, ижод маҳсуллари билан, балки ҳақиқий Инсон эканликлари, тоза қалблари, кутилмаган пайтда кўрсата оладиган меҳр-мурувватлари билан мени ром этишганди.

Кейинроқ шеърларим бир гуруҳ устозлар, жумладан, беқиёс шоир Рауф Парфи, адабиётшунос олимлар Виктор Алимасов, Иброҳим Ғафуровларнинг эътирофига сазовор бўлгани ҳам менинг бахтимдир! Шу кунгача ижод маҳсулим матбуот нашрларида эълон қилинди, иккита китобим чоп этилди. Айни пайтда мен Давлат рақобат қўмитаси масъуллигидаги "Бизнес-Daily Медиа" ноширлик уйи МЧЖда журналист сифатида фаолият юритяпман. Яқинда ҳаётимда яна бир қувончли воқеа юз берди: пойтахтимиз(Тошкент - ред.)да доимий қайдга эга бўлдим.

Буларни қайд этаётганимнинг сабаби шуки, шунча йиллардан буён, Ўзбекистонда яшаб, айирмачиликка, миллатчиликка дуч келмадим. Гоҳо қадрдон Хўжандимга борган кезларимда мендан шу ҳақда сўрашади. Мен эса, "Ўзбекистонда бундай кайфият асло йўқ, бўлмайди ҳам!" дейман ғурур билан. Зеро, бағрикенг мамлакатимизда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари дўст-иноқ, аҳил-ҳамжиҳат яшаб, амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишяпти. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Бироқ киндик қонинг тўкилган қўшни юртга бориш, қариндош-уруғларни кўриб келиш учун баъзан узоқ давом этадиган виза ташвишлари, чегарадаги муносабатлар кўнгилни хира қилиб турарди.

Мана, яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан чорак аср ёпиқ турган чегаралар очилди. Кўнгиллар кўнгиллардан сув ичди, кўзларда қувонч ёшлари, нигоҳларда самимият ва бахтиёрлик барқ урди. Яқинлар бир-бирининг дийдорига талпинди... Барчанинг дилида ва тилида шукроналик.

- Икки давлат Президентларининг қадами, хоки пойи кўзларимга тўтиё! - дейди жигарларини бағрига босиб, ҳалқаланган кўз ёшларини артаётган самарқандлик аёл.

Бу дил сўзлари икки халқ - ўзбек ва тожиклар учун миннатдорлик изҳорининг энг олий ифодасидир!

"Интизорлик торта-торта, дилда тоқат қолмади..."

Ушбу қадимий ўзбек халқ қўшиғи аслида тожикларнинг ҳам севимли ашуласига айланиб улгурган. Фақат, эндигина бу қўшиқ мисралари замирида пора бўлаёзган юраклар оҳи яширин эканини ҳис қилишаётгандек, бир-бирларига термулганча, лабда табассуму кўзда ёш билан чир айланиб рақс тушишади ўзбек ва тожик аёлу эркаклари очиқ чегаралар ёнида.

...Мен туғилган район аҳолиси, асосан, ўзбеклардан иборат эди. Маҳалламизда ўзбек, тожик, рус, татар миллатига мансуб халқ вакиллари тинч-тотув, дўст-биродар бўлиб истиқомат қилишарди. Мен ҳеч қачон бу инсонларнинг миллат ажратганини ёки бир миллатни иккинчисидан устун ёки паст қўйганини кўрмаганман, ҳис қилмаганман.

Тўртинчи курсда таҳсил олаётган пайтим "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасига шеърларимни олиб бордим. Мунаққид Маҳмуд Саъдий мен билан суҳбатлашиб ўтириб, қаерданлигим ҳақида суриштираркан, юзимга термулиб турди-да, "Миллатингиз нима?" - деб сўраб қолди. "Тожик". "Ҳеч ҳам ундай эмас, сизнинг юз тузилишингиз, масалан, ёноқларингиз, кўзларингиз... ҳаммаси ўзбекларга хос! Бориб, ота-онангиздан ёки бобо-бувиларингиздан сўраб кўринг, сизнинг қонингизда ўзбеклар қони бор!"

Уйга боргач, бўлган воқеани айтиб бердим. -Бўлса бордир, - кулганча дедилар дадам. - Ахир, неча минг йиллардан буён, ёнма-ён яшаб келаётган бу икки халқ бир-биридан қиз олиб, қиз бериб, шу қадар жипслашиб кетганки, бугун мен ўзбекман, деганда тожик қони, тожикман, деган кишида эса, ўзбеклар қони оқаётган бўлиши турган гап-ку, қизим!

Дарҳақиқат, ўзбеклар ва тожиклар икки тилда сўзлашадиган битта халқдир. Қадриятлари, тўю маъракалари, маросимлари, дини-ю дили бир уларнинг. Мана, ўзимдан қиёс: биров ўзбеклар ҳақида ёмонроқ гап айтса, дилим пора бўлади, кимдир тожикни койиса, юрагим эзилади...

Сўнгги йилларда ўзбек ва тожик чегарасининг ўта мустаҳкамланиши мени ҳам қийин аҳволга солиб қўйганди. Қарамоғимда бўлган ота-онамни бориб кўришим мушкуллашди. Виза олсам-да, сумкамда ота-онам учун олиб бораётган нарсалардан тортиб чўнтакларимгача, ҳатто, ўта қаттиқ текширишлар мени шу қадар зада қилиб қўйгандики, охир-оқибат, онам соғинганда ўзлари келадиган бўлдилар...

Аввалроқ отам, 2009 йилда эса, онам бу дунёни тарк этдилар. Онамнинг маъракаларини ўтказиб келгач, болалигим ўтган уйга ва ҳатто, ота-онамнинг қабрини зиёрат қилишга ҳам қайтиб бора олмадим...

Биттагина холам ҳам оламдан ўтдилар, баъзи қариндош-уруғ, болалигимни кўрган қўни-қўшнилар вафот этишганда ҳам боришга имкон тополмадим. Мана, 8 йилдан сўнггина (бундан 3-4 ой олдин) икки давлат ўртасида муносабатлар илиқлашгач, (виза билан) чегарадан ўтаётиб, ҳайратландим. Сабаби, ҳеч ким менинг сумкамни титмади, қўпол муомала қилмади, "Сенга айтаяпман, тўхта!" деб қўлимдан силтаб тортмади, душманини кўриб қолган кишидай муносабатда бўлмади...

Қайтишимда панжакентлик ёш жувон билан суҳбатлашиб қолдим. Тожикистонга Самарқанддан келин бўлиб тушган экан.

- Нов(ҳорзирги Спитамен - ред.)га келин бўлиб тушганмисиз? - деб сўрайман, уни чегарадош районда учратганим боис.

-Йўғ-эй, айтяпман-ку, Панжакентга тушганман.

-Унда бу ерда нима қилиб юрибсиз? - ҳайрон бўлиб сўрайман яна.

-Опажон, у ердаги чегаралар беркитиб ташланган. Самарқандга бориш учун Бекобод чегара постидан ўтамиз.

-Вой, худойим-ей! - ҳайратимни яширолмайман мен. Келинчак кўзига ёш олади:

-Онам бетоб бўлиб қолибдилар, шунга саҳарлаб йўлга чиққан эдим...

-Бугун етиб бороласизми, ишқилиб?

-Билмасам... - ҳиқиллаб кўз ёшларини артади келинчак.

Чегарадан ўтгач, шошиб бирор уловга ўтириб кетиб қолдими, уни қайта учратмадим, бироқ уйига эсон-омон етиб олдимикин, деган хавотир мени узоқ вақт тарк этмади.

Мана, қисқа муддат ичида қўшни давлатлар, айниқса, Тожикистон билан муносабатлар тубдан ўзгарди. Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар мустаҳкамланди.

Айниқса, 9-10 март кунлари давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга илк давлат ташрифи тарихий воқеага айланди. Бу ташриф ўзбек ва тожик халқини руҳлантириб юборди.

Ўзбек-тожик муносабатларида янги тарихий давр бошланди.

Айни пайтда икки давлат раҳбарлари, нафақат, тирикларнинг дуосини олишмоқда, балки ўтганларнинг руҳини ҳам шод этишяпти. Минг шукр, энди ҳеч ким яқинлари қабрини зиёрат қилолмай, азоб чекмайди, энди ҳеч кимса жигарлари дийдорига муштоқ бўлмайди. Замонлар тўфони ва даврлар бўронида тобланган, неча синовларга дош берган ўзбек-тожик халқлари ўртасидаги дўстлик азалийдир!

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, шоира.

Тошкент.

Мамлакатимизда ижтимоий аҳвол сизнингча?

КАЛЕНДАР

« Июн 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ҳаёт сарчашмаси

 

Азиз Тожикистонимиз истиқлолиятни қўлга киритгач, давлатимиз раҳбарлари нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда тоза ичимлик сувига тегишли глобал муаммолар ечимига жаҳон ҳамжамияти диққатини жалб этиб келмоқда.

Тожикистонимиз – жаннатмакон юрт, табиати бой, беқиёс ўлка. Мамлакатимиз Ер юзида тоза ичимлик суви захираси бўйича энг олдинги

Муфассал...

Сариқ арчалар

Ҳамма нарса ўз номи билан аталгани маъқул. Сариқ арчалар, деган иборани ўқишингиз билан "Арча ҳам сариқ бўларканми?!"- деб сўрашингиз, табиий.

Ҳозир ҳамма нарса бўлиши мумкин, деган хулосага келиб қўйганман мен. Ям-яшил арчаларнинг сап- сариқ тусга киришидан ҳайратланмай қўйганлигимга анча бўлди. Янги милодий йил арафасида, қишин-ёзин ям-яшил бўлиб турувчи

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
478
Мақолаларни кӯрганлар сони
181276

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1375151
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
428
1787
4307
1355283
41388
62230
1375151

Сизнинг IPнгиз: 54.92.150.98
Бугун: 20-06-2018 02:55:40

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015