Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИЛМ

Муаллиф: Super user Категория: ИЛМ
Чоп этилган 11 Май 2018 Кӯришлар: 317
Печат

 

burgutlar 2018Таниқли шоир Жамшид Пиримовнинг етмиш йиллик юбилейи муносабати билан Бош муҳарриримиз Ёқубжон Абдуманонзода бошчилигидаги ижодий гуруҳимиз - Искандар Маҳмадалиев, Абдулло Саидов ва камина қадимий Хўжанд сари отландик. Вақтнинг тиғиз ва йўлнинг олислигига қарамай, биз Хўжандга ҳозир бўлишимиз керак эди. Чунки Жамшид аканинг ўзбек ва тожик адабиётида ўз ўрни, овози бор.

Жамшид Пиримов ўзининг ҳазрати Жомий ва Навоийлар от сурган майдонга кириб келишида, эл-юрт орасида танилишида, "Халқ овози" газетасининг алоҳида мактаб бўлганлигини доимо эътироф этиб келган. Дарҳақиқат, шоир ҳаётида тоғаси 95 яшар Зиё бобонинг хизматлари таҳсинга лойиқ бўлса-да, унинг шоир сифатида камол топишида "Халқ овози" газетаси, бу ердаги муҳит, устоз Ўлмас Жамол ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бу эътироф эса, бизга - газетанинг бугунги кундаги ворисларига, нафақат, масъулият юклаб қолмасдан, шараф ҳиссини ҳам туйдирарди. Жамшид аканинг газетадаги фаолияти тўғрисида тўхталиб ўтирмоқчимасман, чунки бу алоҳида мавзу. Мен юбилей муносабати билан Хўжанддаги сафар таассуротларини ҳурматли газетхонлар билан баҳам кўрмоқчиман, холос. Хуллас, икки кунлик сафаримиз чоғида, оламжаҳон завқ ила яхши бир кайфиятда юрдик. Айни кўклам чоғида, Ватанимизнинг сўлим ва гўзал Варзоб дарасидан бошланган ажиб бир ҳаяжон ва дўстлар дийдорига интиқлик ҳисси бизни то ҳануз тарк этгани йўқ...

Ватанимиз Тожикистон - Худо назар қилган юрт. Салобатли тоғлар бағрида Аллоҳнинг қудратини дарров пайқайсан. Тоғда ҳаёт барқ уриб, гуллаб ётибди.

burgutlar 2018 2Тожикистон ҳақида гап кетгудек бўлса, Помир ва Ҳисор тизма тоғлари, Сайҳун ва Жайҳун дарёлари тўғрисида тўлқинланиб гапиришади. Бу ерлар сайёҳларнинг Тожикистондаги дилтортар жойларидан ҳисобланади. Азалдан шундай. Зеро, "Буюк ипак йўли" бу ҳудудларни ҳам кесиб ўтган. Хўжандга томон тоғлар оша ўтаркансиз, йўллардаги сайёҳлар диққатингизни ўзига тортади. Айниқса, қондош ва жондош ўзбекистонликлар шахсий уловларида бемалол тожик биродарлари дийдорига ошиқаётганлиги, илиқлашиб бораётган муносабатлар, баҳорнинг турфа гуллари каби одамга ажиб бир завқ бағишлайди. Бу ҳол тожикка ҳам, ўзбекка ҳам бирдек таъсир қилмасдан қўймайди. Ҳар икки томон ҳам Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевни алқайди. Ўзбек ва тожикнинг борди-келдисини янада ривожлантирган президентлар дунё тургунча туришсин, дея дуолар қилишади…

burgutlar 2018 1Биз осмонўпар тоғлар ошиб, намозшом чоғи, машҳур раис Абдуғафур Саматовнинг кичик Ватани ва кейинчалик номини дунёларга танитган Ғўлакандозга кириб бордик. Дўстимиз Дилмурод қори домланинг хонадонидаги меҳмоннавозлик ва унинг яхши тарбия кўрган ўғилларининг қўл қовуштириб хизмат қилишларидан тортиб, ҳовлидаги кўркамлик бу даргоҳнинг файзини кўз-кўз қилаётгандек туюларди. Чоғроққина боғдаги дарахтларга қўнган қушларнинг чуғурлаши ва хўрозларнинг кетма-кет қичқиришларини табиат симфониясига ўхшатасан. Балки улар ибодат қилишаётгандир… Ростдан ҳам, биз ҳар гал қорининг хонадонларида бўлганимизда, руҳиятимизни ажиб бир ҳиссиёт чулғаб олади. Бу ҳолат инсон ва қушларнинг муштарак ибодатига ўхшаб кетади. Ўхшатиш ғалатироқ туюлиши мумкин, бироқ аслида шундай. Биз билмаган ва ҳис этмаган нарсалар мавжуд эканлигини тан олишимиз керак. Абдулло Саиднинг нақл қилишича, қизил рангли хўрозлар одамларни таҳажжуд ва бомдод намозларига уйғотаркан. Гапираман деса, гап кўп. Яхшиси мавзудан чалғимаган маъқул.  

СУҒД ҲАҚИҚАТИ

Шаҳарга яқинлашарканмиз, Хўжанд қаримайди ҳамон гўзал ва навқирон, деган фикр хаёлимдан кечди.

Ҳазрат Хожа Камол туфроғида илк бор дийдорлашганларимиз "Суғд ҳақиқати" ижодий жамоаси бўлди. Фарҳод Жўраев раҳбарлигидаги бу газета давлат ҳокимияти Суғд вилояти ижроия органининг расмий нашри бўлиб, ўзбек тилида ижод қилувчиларнинг маскани ҳисобланади. Баҳорда нимтатир яшил тусга кирган Мевағул тоғ этаги ва асрлар синоатини ўзида жамлаб оқаётган сирлар дарёси оралиғида жойлашган Матбуотчилар уйи ҳовлисида дўстларимиз суҳбатидан баҳраманд бўлиб, эсдалик учун расмга тушдик. Қисқа учрашувдан сўнг, Жамшид аканинг юбилейи ўтказилиши белгиланган, ярим кунга дийдор қасрига айланган Тошхўжа Асирий номидаги вилоят кутубхонаси томон ошиқдик. У ерда бизни маърака ташкилотчиси, вилоят ўзбеклар маданият маркази раиси, қадрдонимиз, педагогика фанлари номзоди, талабалик йиллари бизга этика ва эстетика фанидан сабоқ берган муаллимамиз Ҳабибахон Юсупованинг ўғли Илҳомжон Юсупов кутиб олди…

ТУБСИЗ ОСМОН

Мен анчадан буён, газета ишлари билан банд бўлиб, бундай йирик анжуманларда қатнашмагандим. Қандайдир ғайриоддий ҳаяжон мени ичкарига бошлади. Чоғроққина залда Жамшид аканинг мухлислари анжуман бошланишини интизорлик билан кутишар, шу йиғин муносабати билан ташриф буюрган дўстлар бир-бирлари билан ҳол- аҳвол сўрашишарди. Пойтахтдан келганлигимиз боис, бизга алоҳида илтифот кўрсатишди, балки менга шундай туюлгандир. Ҳаммадан ҳам Жамшид ака хурсандчилигининг чеки йўқ эди. Биз Жамшид ака билан "Халқ овози" ("Совет Тожикистони")да бирга ишлаган даврлардаги устозларни эсладик. Ўлмас ака, Асқар ака, Эшмуҳаммад ака, хуллас ҳаммани…   Даврани олиб борувчи, шеърият мухлисларига яхши таниш, шоир Авлиёхон Эшон (Шукруллаев) Тожикистон Ёзувчилар уюшмасининг Суғд вилояти бўлими раиси, Тожикистон Халқ шоири Аҳмаджон Раҳматзодга сўз берди. А. Раҳматзоднинг шоир Жамшидга йўллаган табрик сўзларига уланган дўстлик борасидаги фикрлари ўтирганларга хуш кайфият бағишлади.

 САЛОМ ТОҒЛАР

Нурали Қобул ўзбек насрининг дунё аҳли тан олган катта ёзувчилари сирасига киради. Нурали Қобул гапирганда, одамлар Шерали Жўраевнинг "Оқ қайин", "Яралган" қўшиқларини тинглаётгандек, мамнунлик ҳисси ила унинг сўзларига қулоқ солишарди. Биздан кейинги қаторда ўтирганлардан кимдир: - Қандай ёзса, шундай гапираркан, - деб қўйди.

Нурали Қобул "Ойқор", "Салом тоғлар", "Одам, Ойқортоғ ва Дайди шамол ҳақида эртак", "Тубсиз осмон", "Каптарлар қайтмаган кун", "Яшаш учун кечикма", "Унутилган соҳиллар", "Оқ каптарлар", "Буғдой пишиғига етмаганлар", "Сен Ватансан, муҳаббат", "Ватандан яхши ёр бўлмас" сингари асарлари билан бизга яхши таниш. Биз устоз ёзувчининг асарларини ўқувчилик пайтимиздаёқ қайта-қайта ўқигандик. Ва дунё асли шундай яралган экан-да, деган хулосага келганмиз. Шу кайфият бизни ҳозиргача тарк этмаган. Бизнинг авлод Абдулла Қодирий, Чингиз Айтматов, Нурали Қобул, Тоғай Мурод, Шойим Бўтаев каби забардаст ёзувчилар асарлари руҳи билан яшашди. Уларнинг ёзганларидан тоғларнинг қўшиғини эшитишди. Минг йиллик қўшиқларни эшитган сайин, сочларимиз оқара бошлади. Ёши улуғларнинг айтишларича, устозларимиз - Асқар Маҳкам, Шойим Бўтаев, Одил Икромлар Тошкентга боришганида ёрдам қўлини чўзган ва уларни қаноти остига олган ҳам Нурали Қобул бўлган экан. Нурали Қобул кўкси тоғ чўққилари каби инсон. Бургутлар эса, бежизга чўққиларни танламайди... Мен мақолани тайёрлаш асносида, у кишининг ўзим доим суюб ўқийдиган асарлари номини мақоламга рамзий сарлавҳа қилиб олдим. Сабаби ўз ҳурматимни устозга изҳор этмоқликдир.

 НАВҚИРОН ХЎЖАНД

Яхшиям Жамшид ака юбилейини Хўжандда ўтказди. Шу баҳона биз хўжандлик дўстларимиз билан дийдорлашдик. Устозларимиз - филология фанлари доктори, профессор Абдусалом Абдуқодиров, филология фанлари номзодлари Эрали Шералиев, Эгамберди Мавлонбердиев ва Юсуфжон Шоназаров, биз билан бир вақтда ўқиган, энди устозлик мақомини эгаллаган филология фанлари номзодлари - Бойиржон Шеронов, Абдуназар Раҳмонқулов, Эгамшукур Эшмуродов ҳамда иқтидорли шоира Мунаввара Ойматоваларнинг жонбахш суҳбатларидан кўнгиллар осмон қадар юксалди.

Мен кўҳна Хўжанд кўчаларида айланарканман, ҳар қадамда талабалик йилларимга юзма-юз келдим.  

Сочларининг қирови қуюқлашган хўжандлик дўстларимнинг юзу кўзларидаги самимийликнинг ўша-ўшалиги мени беҳад қувонтирди. Самимийлик ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас. Бу - Худо берган неъмат. Бурнидан нарисини кўролмайдиган, ўзига ҳаддан зиёд бино қўйган кишида самимийлик бўлмаган, бўлмайди ҳам. "Тилла балиқча" каби "доно"ман, деб юраверади. Нари борса, фитначи ёхуд бировларга айғоқчилик қилиш билан кун ўтказади. Бундайларнинг ҳаётда ҳам, тарихда ҳам ўрни йўқ. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Буни ҳамма билади.

Талабалик йилларимизда журналистика соҳасида беминнат хизматларини дариғ тутмаган иқтидорли ёзувчи Ўринбой Усмонов эски Хўжанднинг янги сиймоси билан таништирарди. Дарвоқе, Ўринбой ака - яхши одам. У киши 80-90-йилларда биз ёшларга жуда хайрихоҳ бўлган ва ёрдамини аямаган. Ўшандан буён, Ўринбой ака жанубдан келган талабаларнинг ҳурматига сазовор. Ҳозиргача улар аканинг бу хислатларини қалблари тўрида сақлашади. Ўринбой ака билан юрган одам зерикмайди. Ҳақпараст ёзувчи Ўринбой ака билан дорилбақога риҳлат қилган баъзи дўстларимизнинг ҳақига фотиҳа ўқиш учун Қатағанга бордик. Талабаликда қарийб ҳар шанба кунлари шоир Махмуд Жўшқин зиёратига бориб, тонготар суҳбатлар уюштирардик. Маҳмуд Жўшқин том маънодаги шоир, Султонмурод Ҳожибоев, Зулфия Бобоева, Ҳуснинисо Аҳмедова, Мунаввара Ойматова, Шариф Нуриддин, Алижон Йўлдошев, Эгамназар Соҳибназаров, Абдували Бекмуҳаммад, Солиҳа Олимова, Шуҳрат Шокир, Бихалича Аҳмедова ва Авлиёхон Эшон каби зўр шоир эди, раҳматлик.

Назаримда, Қатаған Маҳмуд Жўшқинсиз ҳувиллаб ётарди…

 

ТАРИХЧИ ПРОФЕССОР ХОЛЖЎРАЕВ ЗЎР ОДАМ ЭКАН

Қатағандан қайтишда, Ўринбой ака бизни Бобожон Ғафуров ижоди ва фаолиятига оид республика музейига таклиф қилди. Музей остонасига қадам қўйишимиз билан одмигина кийинган, кўринишидан соддадил, бошидаги дўпписи ва белидаги белбоғи жисмига ярашиб тушган, деҳқонсифат бир киши бизни қарши олди. Биз профессорни сўрадик. Музей қоровули бўлса керак, деб турганимиз юзлаб китобларнинг муаллифи, ўз вақтида газетамизга муҳаррирлик қилган Тожикистон Қаҳрамони Бобожон Ғафуровнинг ҳақиқий шогирди, тарих фанлари доктори Ҳабибулло Холжўраевнинг ўзлари экан. Буюклик соддаликда эканлигига ич-ичимиздан иқрор бўлгандик. Музейни томоша қиларканмиз, домланинг кенг кўламли ишларни амалга оширганлигини кўриб, у кишининг меҳнатларига таҳсинлар ўқидик. Домланинг ўзлари эса - тирик тарих. Бу ҳақда ҳали кўп бора суҳбатлашишни, ҳали кўплаб марта дийдорлашишни ваъда қилиб, у   киши билан хайрлашиб, ортга қайтдик.

Хўжанднинг сирли ва жозибали оқшоми борлиқ узра чўкаётган пайт биз Душанбе томон кетиб борардик...

 

Эркин Шукур,

"Халқ овози".

Душанбе-Хўжанд-Душанбе.

КАЛЕНДАР

« Август 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
    1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31    

МАҚОЛАЛАР

Бешиктобут

 

Қарийб бир ойдан буён боғ четида қандайдир иш билан машғул. Қалам билан ниманидир белгилайди, арралайди, қоғоздаги эскизни чўпга тушириб, уни қочов билан ўяверади, ўяверади… Унинг нима қилаётганлигини бирор киши билмайди, сўрамайди ҳам. Агар кимдир ҳовлига кирса ёки боғ четидан ўтиб қолса, ишора билан салом беради ва паст овозда  "Ҳорма, ишлар билан" дейди. У ҳам аранг жавоб қайтаради  ёки бошини қимирлатибгина  қўяқолади.

Муфассал...

Тожик шоираси - мукофот соҳиби

 

Машҳур тожик шоираси Фарзонаи Хўжандий Афғонистоннинг "Килки Заррин" мукофотига сазовор бўлди. Мазкур мукофот қўшни давлатнинг Ахборот ва маданият вазирлиги томонидан берилади. Ўтказилган танловда тожик шоирасининг шеърлари энг яхши, дея эътироф этилган.

Мазкур танлов Афғонистонда 2010 йилдан буён ўтказилади. Танловда афғон шоирлари ва адиблари иштирок этиб келишади.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
535
Мақолаларни кӯрганлар сони
232683

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1535167
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1445
2470
7864
1510594
35512
101076
1535167

Сизнинг IPнгиз: 54.81.196.35
Бугун: 16-08-2018 19:42:49

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015