Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 03 Июл 2019 Кӯришлар: 87
Печат

 

odam 2019Ўлим… ҳаммамиз – ўлим кишисимиз. Ўлим ёмон эмас, фақат тавба қилмай, ўлиб кетган – ёмон…

Антон Павлович ЧЕХОВ.

Умр – одам боласига ато қилинган улуғ неъмат. Аммо у бир сиқимгина, аянчли даражада қисқа. Инсон зурриётининг туғилиши ва ўлими орасидаги вақт масофаси – умр. Бироқ у фонийдир. Фонийлик – бани башар манглайига битилган

қисмат.

«Қисмат китоби» эса, банданинг пешонасига муҳрланган бўлади. Умр, ризқ ўлчови ёзмиш китобининг саҳифаларига қайд этилади…

Ҳар қандай даврда яшаган доно-ю донишманд одам ҳам, у қанчалик зукко, сезгир бўлмасин, инсон яралгандан буён, икки жумбоқни ечолмай, жони ҳалакдир. Биринчиси, қандай туғилгани бўлса, иккинчиси, қай ҳолда ўлишидир.

Умрнинг ибтидоси туғилиш ҳам, интиҳоси ўлиш ҳам бир умр – ал-мисоқдан одамий зот учун тугун бўлиб келади.

Шунинг учун ҳам, одам ўз умри ҳақида доимо сукут билан ўйлаб, сукут билан гапириб келади.

Бенаво одам насли ўз тафаккурида фонийликдан мангулик «ясайди» ва умрига абадийлик тусини бериб, ўзини дунёга устун бўлиб қоламан, деб ўйлайди. Лекин оламда чексиз тушунча ва нарсанинг ўзи йўқ.

Буларнинг бари хом хаёлдир.

Аслида инсон фарзанди дунёга келган илк лаҳза-ю дақиқалариданоқ ўлимга маҳкум этилади. Жуда оҳиста, секинлик билан ўла бошлайди.

Вақтнинг энг кичик зарраси ҳам инсон умрининг дастлабки онларидан ўз улушини зулукдек сўриб, кемирувчидек кемиришга киришади. Бу ҳолат биров сезиб, бошқаси сезмайдиган даражада ҳаддан ташқари секин амалга ошади. Фурсати етиб, умр ниҳоясига етади. Тугайди. Ундан нишона қолса, қолади, бўлмаса шимилдириқ ҳам йўқ. Ўлдинг – ўчдинг.

Зеро, вақт – одамхўр…

Раҳматли устозимиз Асқар Маҳкамнинг таъбири билан айтганда, бу жараён тубандагича кечади: - Дунё яралибдики, одам жисму жон аро муроса-ю мадора қилиш учунгина югуриб елади. Жон муросага келса, келарки, жисм муроса қилолмайди. У ўзига берилган дақиқаларни яшайди-да, на жоннинг тўлғоғига, на ақлнинг йўл-йўриғига, на руҳнинг абадийлигига парво қилмай, ўзини ерга ташлайди ва қайтиб ўнгарилмайди…

Бунинг барчаси – вақтнинг қилмиши. Шуниси борки, умр риштаси жой танламайди, қаерда бўлмасин, фурсати етгач, узилаверади.

Ўлим мудом инсон атрофида чарх уриб, уни ўзига чорлайверади. Ва қачонлардир ўз мақсадига эришади.

Ўлимнинг ҳақлиги ҳам ана шунда. Одамнинг қазоси – муқаррар ҳодиса…

Эҳтимол, руҳ мангуликка дахлдордир, аммо вужуд… Қазоси етган дамларни сира кечиктирмайди.

Одам боласи бир тутам умри давомида жуда кўп матлуб ва номатлуб ишларга қўл уради. Уларнинг айримлари умр мазмунига ижобий таъсир кўрсатса, аксарияти «тириклик масофаси»ни қисқартириб, «ўлим манзили»ни яқинлаштиради.

Амалга оширилган хайрли ва савобли ишлар инсон умрини зийнатлаб, ундан яхши хотиралар қолишини, юртдошлари қалбида узоқ яшашини таъминлаши мумкин.

Аммо мангу, абадий бўлолмайди… Чунки аждодларимизнинг бизни деб, жонларини, бутун борлиқларини нисор этган жуда йирик намояндаларини қарийбки унутиб бўлдик.

Уларни эслаш, хотирлаш хаёлимизга ҳам келмайди.

Афсуски, хом сут эмган одамнинг умри қусурлардан холи эмас. Унинг разилликка йўғрилган бир талай: туҳмат, ҳасад, ғараз, нафс, қасд сингари илон ва чаённинг заҳридан ҳам ўткир оғуси борки, улар инсоннинг суяк-суягига сингиб кетган бўлиб, ўзгалар умрини эговлаб, емиради. Қазо жараёнини тезлаштиради. Ёшини яшаб, ошини ошаб ўтишига имкон бермайди. (Бу ёғи алоҳида мавзу.)

Бежизга, инсоннинг кушандаси – инсоннинг ўзи, дейишмайди.

Бундан ташқари, одам зурриёти ўз умрига тезроқ нуқта қўйиш учун ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби «сунъий ажал»ни кашф этганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Мазкур иллатлар, аввалам бор, инсоннинг иқтидорини хароб қилади, сўнгра ёстиғини қуритади.

Чўпга «жон бағишлайдиган» дурадгорлар, «Бобурнома»нинг сатрлари тугул, тиниш белгиларигача ёддан биладиган тил ва адабиёт фанлари ўқитувчилари борлигига тирик гувоҳ бўлганмиз. Минг афсуски, уларнинг баъзилари «сунъий ажал» қурбонлари бўлиб кетишган.

Одам зоти ўзига ўхшаган бошқа бировдан устун бўлиш, унинг устидан ҳукмронлик қилиш учун ўлиб-тирилади.

Амал курсисига ўтиради, обрў орттиради, мартабага эришади. Битмас-туганмас мол-дунё йиғади.

Бойлик – бу ижтимоий ёвузлик. У инсонлар орасига дорилбақони яқинлаштирувчи низолар солади. Гуноҳсиз кишиларнинг ҳалокатига сабаб бўлади.

Не кулфатки, буларнинг заррача фойдаси йўқ.

- Ҳаётингизни ҳар қандай порлоқ ёғду ёритмасин, ахир бир кун сизни тобутга солиб, чуқурга ташлайдилар,- дея башорат қилган эди улуғ рус ёзувчиларидан бири.

Одам боласи умрнинг қадрига жуда кеч етади. Қанча кунларни беҳуда ўтказганини қазоси яқинлашган сайин аниқ ҳис қилади, афсус чекади. Таассуфки, унда кеч бўлади.

Сўнгги пушаймон эса, ҳеч қачон инсонга дўст бўлмаган…

Хуллас, тириклик ўлим жари ёқасида туриб навбат кутишдир.

Ҳар қандай амалу мартаба, шону шавкат, ҳисоби йўқ хазина ҳам одамни ажал чангалидан омон сақлаб қололмайди.

Одамнинг қазоси унинг умрига қўйилган сўнгги нуқтадир…

 

Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,

«Халқ овози».

КАЛЕНДАР

« Август 2019 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

Қизғин мушоира этади давом…

 

1958 йили  Жавоҳирлаъл Неру раҳнамолигида  Осиё ва Африка  адибларининг  конференцияси ташкил этилган ва унга ўзининг жозибали  шеърияти  билан ҳиндистонлик шоирлару адибларнинг дилини ром эта олган  Мирзо Турсунзода ва Зулфия ҳам  қатнашган эдилар.

Мана шу конференциядан қайтгач, Зулфия ўзининг  "Мушоира" деган

Муфассал...

Миллат келажаги учун бунёдкорлик ҳужжати

 

Янги дунё тажрибасида ҳар йилнинг охири ва янги милодий йил арафасида Давлат раҳбарининг мамлакат парламенти ҳамда унинг сиймосида бутун республика халқига Паём йўллаши мустақил давлат рукнлари ва демократик, ҳуқуқий давлатчиликнинг асосий рамзларидан бири ҳисобланади. Бу тажриба мамлакатимизда 2000 йилда бошланди. Зеро, Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти ўз нутқларидан бирида таъкидлаганидек,

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
787
Мақолаларни кӯрганлар сони
470267

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

2231966
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1756
1767
12009
2208014
38958
46701
2231966

Сизнинг IPнгиз: 34.236.38.146
Бугун: 24-08-2019 21:02:46

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015