Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 28 Июн 2019 Кӯришлар: 92
Печат

 

ilhomkush 2019- Хотин, бугун ўз ҳолимга қўй. Истасанг битта чой дамла, бўлмаса шу ҳам керак эмас. Болаларни оёқ-қўлини боғлаб, онангни уйига жўнат. Ғинг, деган овозни эшитмай. Мен роман ёзаман. Роман! - дедим бир даста қоғоз ва неча хил ручка-ю қалам ва ҳатто, ўчирғичгача олдимга тахт қилиб.

- Вой, Роман? Ҳа, Роман, ҳмм… ўша «Селхозтехника»да ишлайдиган

пияниста-ми? Дарвозамизни яримта винога сварка қилиб берган-а? Хўш, ўша нима бўлибди? - деди хотин «тақ» этиб чойнакни олдимга қўяр экан.

- Қанақа роман? Бу одам эмас, бу дегани, бу…

- Э-ҳа, Рўмон қишлоғими? Хўжанд томонларда, деб эшитган эдим…

- Вой-во-е, Рўмон эмас, қанақа нодон хотинсан-а. Бу роман, катта бадиий асар. 250-400 бетли китоб. Шўро даврида битта романга энг охирги русмдаги гижинглаган «Жигули» берарди.

- Ҳозир-чи, велосипед бўлса керак. Нима қиласиз бошингизни оғритиб. Ёшингиз бир жойга борган бўлса ҳам, зиғирча ақлингиз йўқ.

- Ҳой хотин, хотинжон. Беданани тухумидай каллангни ишлатсанг-чи? Ахир, ахир… Мен ёзувчи. Ичимдаги кўринмас одам «ёз, ёз» дейди. Илҳом қуши бошимда ғир-ғир айланиб тинчлик бермайди. Ҳа, қалб туғёни, очиқроқ айтсам бу касаллик… Мен касал… Борақол энди, романни бошлайман…

- Хўп, тушундим, лекин ўша савил қолгур романингиз ким ҳақида, ўзи?-деди яна мижғовланиб хотин.

- Уфф… Улуғ Ватан уруши қатнашчиси ҳаётидан. Исми Азимхон. Немислар Украинанинг Харков шаҳрига қўшин тортиб кирганда янги борган аскарлар ҳали қурол олишга улгурмаган бўлишади. Қишлоқ болалари эмасми, яқин ўрмонга таёқ, калтак тайёрлаш учун киришади. Ўрмон кенг, охири кўринмайди. Ўқу снарядлар овозидан ўтакаси ёрилган аскарлар ҳар томонга тум-тарақай бўлиб, ўзларини тўғри келган дарахт панасига олишади. Мана шу ерда Азимхон кўздан ғойиб бўлади. Йиллар ўтиб ўрмонда ёнғин чиқади. Ғализ тутундан кўзи ачишиб, нафаси қайтган Азимхон жон ҳолатда ўрмондан югуриб чиқади. Ички душманлар «ўрмонга шу ўт қўйди», деб   турмага ташлашади ва бечора кўп йиллар … Бўлди, бора қол энди, болалар пайидан бўл, жон хотин.

- Э, уруш қатнашчиси бўлса, менинг буважоним ҳам урушда бўлган, романингизга қўшинг, китоб янада «семиз»роқ бўлади. Мумкин давлат томондан мукофот ҳам беришса, - тилдан қолмасди хотин.

- Увв, бувангни бошимга ураман-ми, умримда кўрмаган бўлсам, қаерда, қачон, ким билан урушганини билмасам, китобга қандай қўшаман? Тушунсанг-чи? Бор энди, барака топгур, - дедим жаҳл оти узангисига оёқ тираб.

- Вой, менинг ёзувчи эргинамдан айланай. Буважонимнинг урушдаги ҳужжатларини жияним чарм папкада сақлаб қўйган. Бир ҳовуч ордену медалларини бувим тушмагур лўлиларга битта крепдешин рўмолга бериб юборган. Лекин ҳужжатлар турибди. Бувам, уруш кўрганмасми, жаҳллари жуда ёмон эди. Лўлиларни эшитиб, бувимнинг бошига таёқ билан шундай туширганки... Тарс ёрилган бошдан оққан қонни ўша крепдешин рўмол билан боғлашган. Бечора бувижоним таёқ зарбидан олган жароҳати билан бувамнинг вафотидан йигирма йил ўтиб ўлдилар. Вой бувижоним-а… Уруш ўлсин, бувамга таёқ бермай…

- Ҳой, хотин, қўясан-ми, йўқми? Тинч қўй, ёза қолай… Яна икки оғиз гапирсанг, сюжету протатип, яъни қаҳрамонларим баҳримдан ўтиб, бор-е, деб учиб кетади. Бор энди, хотинжон, - мен энди портлашга яқинлашардим.

- Мен нима дедим? Фақат иложи бўлса, бувамни ўша романингизга қўшсангиз, руҳу арвоҳи шод бўлади. Ишингиз ҳам юришади, баракали бўлади. Сиз билмайсиз, бувам умрларининг охиригача опшипитда ларёкчи бўлганлар. Казо-казо одамлар илтимосга боришарди. Дўконларининг теппасида катта рамкада Сталиннинг сурати турарди. Ҳар эрталаб иш бошлашдан олдин «салом» бериб, иш юришиши учун гўё фотиҳа олардилар. Юқоридан катталар келиб суратни олиб қўйишни талаб қилмоқчи бўлган, лекин таёқларидан чўчишган…

- Вой бошим-а. Токи, сен бор экансан мен дунёдан ному нишонсиз ўтиб кетаман. Чингиз Айтматову Ғафур Ғулом, Расул Ғамзатовлар қандай бахтли инсон бўлганлар-а!?. Ўшаларда ҳам хотин бор эди. Аммо сен…

- Нима мен, яъни одам эмасман-а? Хўш гапиринг? Қайси гўрдаги китоблардан кўчирган шеъру сафсаталарингиз билан вақтида «ўлдим-куйдим» эдингиз. Бугун мен одам эмасман, увв…

-Бўлди!!! Овозингни ўчир, бўлмаса ҳозир, сени… Вой, қон босимим кўтарилди, чамаси, ахийри бошимга етасан, хотин… Барака топгур, бор, дориқутини келтир…

Энди бошим вентилятор паррагидай гир-гир айланар, кўз олдим қаронғилашиб борарди… Астагина бошимни қоғозлар ғарамига қўйдим.

-Мана дори, бошингизни кўтаринг. Пиёлада чой. Ўзингизни тутинг… Ўзи неча марта айтдим, катта китобга қўл урманг, деб. О, ўша тўрт-беш қаторли нарсаларни ёзиб юравермайсиз-ми? Мен йўғимда қон босимингиз ошиб, «тап» этиб... Туф-туф… Мана пиёла… Сал ўзингизга келдингиз-ми? Нима бўлса ҳам жиянимга телефон қилай, бувамнинг ҳужжатларини келтириб қўйсин. Эрта-индин яхши бўлсангиз, бафуржа ёзасиз. Бир набираси заправкада ишлайди, эшитса, хурсанд бўлади. Мумкин тўрт-беш танга ҳам ҳиммат қилса… Ҳозир бироз дам олинг. Қани аста туринг-чи, ҳа, юрақолинг. Бироз чўзилиб дам олинг, ҳа, мана бўлди… Мен хотин ёрдамида диванга оҳиста чўзилдим. Дори таъсиридан-ми ё бироз мизғиганимдан-ми, кўзим сал очилгандай бўлди. Аммо, э, воҳ, нариги хонада хотин бор овозда жиянига бувасининг ҳужжатлари, ордену медал, комсомолу пионерлик давридаги нишонлари, меҳнат дафтарчаси-ю омбор мудири билан тушган суратигача етказишни тинмай тушунтирарди. Чидолмадим ва бор овозда бақирдим:

- Ҳой, хотин, жиянингга айт, бувангни қабр тошидан ҳам бир парча олсину бирваракайига «тез ёрдам» билан бирга етиб келсин… Ҳа, хотин-а, илҳомим кушандаси, ҳайфи туғилмай жон берган романим…

 

Эгамназар СОҲИБНАЗАРОВ,

Деваштич ноҳияси.

КАЛЕНДАР

« Август 2019 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

Тарихчи ва жамиятшунос

 

Тарих фанлари доктори, профессор Абдуфаттоҳ Шарифзоданинг илмий изланиш ва ютуқлари, ижтимоий ва сиёсий фаолияти билан танишар эканмиз, у ўзининг кенг қамровли илмий-тадқиқот ишларини давлатнинг нуфузли ташкилоти билан боғлаб, икки йўналишда ҳам муваффақиятга эришганини кўрамиз.

У 1989 йилда "ХХ асрнинг 70-80-йилларида Тожикистон олий ўқув юртларининг ривожланиши" мавзусидаги номзодлик диссертацияси ҳамда 2000

Муфассал...

Меҳрибонлик уйларидан

 

ФАРЗАНД МЕҲРИ

Суғд вилояти Хўжанд шаҳридаги кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатиш минтақавий марказида 53 нафар қарияга доимий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шулардан 20 нафари эркак, 33 нафари аёл бўлиб,  уларга барча яшаш шароитлари яратилган.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
787
Мақолаларни кӯрганлар сони
470260

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

2231944
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1734
1767
11987
2208014
38936
46701
2231944

Сизнинг IPнгиз: 34.236.38.146
Бугун: 24-08-2019 20:48:06

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015