Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 19 Январ 2017 Кӯришлар: 2388
Печат

 

konspiratorКўзларимиз нимқоронғиликка кўниккандан кейин ҳужра ичкарисида озғиндан келган кампирнинг миқтигина жуссаси кўринди. Унинг қорачадан келган ориқ юзларидаги ажинлар бўртиб чиққанди. У муштдеккина, хотиржам, бамисоли сояга ўхшаб кетарди. Агар унинг бошида кўпчилик кекса лақай аёллари бошига олиб юрадиган минорага ўхшаш дўмпайган бош кийими бўлмаганда, биз уни пайқамаган бўлардик.

Кампир бизнинг саломимизга жавобан бошини сарак-сарак қилди-ю, яна ўз юмушига шўнғиб кетди: у ип йигирарди.

-Онам бу, - деди Абдусамад тавозе билан ва бизларни ўтиришга даъват қилди.

Дастурхонда янги сўйилган қўй гўштидан тайёрланган иссиқ шўрва, пишлоқ, қурут ва қават-қават қилиб ташланган чаппоти нон бор эди. Ҳаммамиз давра қуриб  ўтирдик. Абдусамад мезбон сифатида пойгакда чордона қурганди.

Боягина биз адирлар орасидаги илонизи йўллардан айланиб, кеч кириб улгурмасдан чўпонлар яшайдиган овулга етиб боришга шошилиб тургандик.

Биз, бу – режиссёр Навид,  оператор – Латиф ва мен - телевидениенинг бошловчи сценарийчиси. Ўша йили мен эндигина университетни битирган, суратга олишим керак бўлган бўлажак филм мен учун ўзига хос бир имтиҳон бўлиши керак эди.

Безовталигимни пайқаб қолган таниш-билишларим: - “Ғам ема, ҳаммаси яхши бўлади. Навид бўлмағур сценарийни ҳам қўғирчоқдек қилиб ташлайди”, - дейишарди.

Режиссёр Навид чиндан ҳам ўз ишининг устаси эди. У ўз одамижонлиги билан ҳар қандай кишини ўзига тортарди. У ақлли кўзлари, ғайриоддий хатти-ҳаракатлари билан бошқалардан ажралиб турарди. Ёши улуғ бўлса ҳам, ҳаракатчан, ғайрати жўшиб турарди.

Латифни илгари ҳам кўргандим. У ўртабўй, қотмадан келган ва кучли йигит. Унинг ингичка лабларида мудом муғомбирона бир табассум жилваланиб туради.

Гуруҳимизда биздан ташқари яна юзларига яккам-дуккам  сепкил тушган ҳайдовчи ҳам бор эди.

Кўклам авжига чиққан паллалар эди. Умрим бино бўлиб биринчи марта яйловга келишим. Ҳамма нарса мен учун янги ва ҳайратланарли эди. Соф ва беғубор баҳри муҳит турли хилдаги маърашлар, бўкиришлар ва кишнашлар билан тўлиб кетган, отар эса, майса ўтларни тепкилаб кенгликлар сари ёйилиб кетганди.

Менга овул кишиларининг урф-одатлари қизиқ туюлди. Улар остона ҳатлашдан олдин келганликларини билдириш учун эшик қоқмас, балки томоқ қириб қўйишарди.

Барчанинг ҳайрат ва таажжубига, чамаси фақатгина Латиф қўшилмасди. У овулни нописандлик билан кўздан кечириб, қовоқларини уйди:

- Лақайларнинг турмуш тарзига ҳайронман. Атрофда шунча бўш ер бўла туриб бирорта томорқа йўқ. Уйларининг атрофида на девор бор, на дарвоза.

-Менга эса кенгликларда очиқ-ойдин яшайдиган мана шундай кишилар ёқади, - эътироз билдирди Навид. - Сен шаҳарнинг эски қисмида бўлганмисан? Кўчалари баланд деворлар билан қуршалган. Бу ер эса, кенг, барҳаво, кўнглинг яйраб кетади.

Латиф бунга жавобан шунчаки минғирлаб қўйди. Филмни суратга туширишнинг сўнгги кунигача миқ этмади.

Абдусамад бошқа чўпонлардан ўзининг паҳлавонкелбат тан-тўши билан ажралиб турарди. Офтобда қорайган юзларига сийрак соқоли ярашиб тушганди. Кўринишидан эллик ёшлардаги киши эди.

Кундузи  бу ерга етганимиз заҳоти, бизни пайқаб қолган Абдусамад  қорабайирига қамчи уриб, дарҳол етиб келди. У отдан чаққонлик билан тушиб, салом-аликдан олдин, от жиловини қайси бир чўпон қўлига тутқазди. Унинг бу рафторидан овулда обрўли ва муҳим киши эканлигини пайқаб олиш мушкул эмасди. У томондан берилган ҳар қандай топшириқ сўзсиз бажариларди.

Бунинг устига, Абдусамад меҳмондўст, кенгфеъл киши бўлиб чиқди.

...Биз ўтирар-ўтирмас уйга Абдусамаднинг ўғилчаси қўлида  чилопчин, қумғон ва сочиқ кўтариб кириб келди. Қўлларимизни ювгандан кейин дастурхонга ўтирдик.

Овқатни кўрган Латиф жонланиб кетди, энгашиб ҳайдовчига нимадир деди. У бошини сарак-сарак қилиб, йўл сўмкасидан икки шиша ароқ чиқариб, Латифга узатди. Мен уларнинг ароқ олганликларини шаҳардаёқ сезгандим.

Латиф шиша қопқоғини чаққонлик билан очиб, пиёлаларни  тўлдира бошлади. У лиқ тўла пиёлани биринчи бўлиб Абдусамадга узатди.

-Хўшки бўлса, азиз мезбон, доимо сиз томонга омад кулиб боқсин.

Абдусамад қўлини кўксига қўйиб, нимадир деб минғирлади. Мен фақат “она” деган сўзни англаб қолдиму холос. Бироқ операторимиз қайсарлик билан пиёлани унга мажбурлаб тутқазди. Абдусамад кампир ўтирган томонга аланглаб қаради-да, пиёлани қайтиб дастурхон чеккасига қўйди.

Чўпон безовталаниб қолганди, унинг юзлари лавлагидек қизариб кетди. Ўша лаҳзада бирор киши унинг кўнглига қараса, наҳотки, тушунмасаларинг, ахир мен онам олдида ароқ ича олмайман, деган сўзларни уқиб олиши аниқ эди.

Буни чамаси фақат Латиф тушунмас ва борган сари  Абдусамадни қистовга оларди. Шу пайт қулоққа хириллаган кексалик йўтали  чалинди. Латиф дарҳол кампирга қаради, коса тагидаги нимкосани англади, кейин синчиклаб Абдусамадга қаради. У муштдеккина  кампирнинг Абдусамаддек ялангтўшни туққанига ишонмасди.

Ниҳоят, Латиф саросималаниб қолган Абдусамадни ўз ҳолига қўйди. Қолганлар пиёлаларни чўқиштириб ичишди. Суҳбат қизиб кетди. Кампир рўпарамизда ўтиргани учун мен уни кузатиб турардим. У қимир этмай ип йигирарди. Озгинадан кейин у кигиз тўшалган пойгакдан ўтиб ташқарига чиқиб кетди.

У кўздан ғойиб бўлгандан кейин Латиф Абдусамадга савол назари билан қаради. У индамай пиёлани қўлига олди-да, бир кўтаришда бўшатиб қўйди. Онаси уйга қайтиб кирганда, Абдусамад ҳеч нарса кўрмагандай гўшт чайнарди.

-У-у,  конспиратор!-деди Латиф ҳазиллашиб.

Ўтирганлар гурра кулишди.

Кейин кампир яна ташқарига чиқар, Абдусамад эса, ароқ тўла пиёлани бўшатар, мўйловини артиб,  бамайлихотир суҳбатлашарди.

Мен оддий бир чўпоннинг онаси ва авлод-аждодларининг анъаналарига нисбатан бўлган  самимий ва содиқона ҳурмат ва эъзозига қойил қолардим. У менга ўз авлод  ва аждодларидан қолган  минг йиллик ўчоқ  чўғ-қўрини пуфлаб, ёндириб турган миннатдор бир йўловчини  эслатарди.

Мансур  Суруш.

Тожик тилидан Сайфулло Қулаев таржимаси.

КАЛЕНДАР

« Январ 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

ҲУНАРЛИ ОДАМ ХОР БЎЛМАС

 

Жорий йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши муносабати билан Панж ноҳияси қишлоқ жамоатлари, муассаса, ташкилотларида меҳнат қилаётган халқ ҳунармандлари билан учрашиб, 2018 йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

Муфассал...

Юртнинг ҳимояси ҳам ибодатдир

 

Фарзандинг юзингни ёруғ қилса, элу юртдан сенга “раҳмат” олиб берса, ўз бурчини оқлашга интилса... Шундай пайтларда ҳар қандай ота-она ҳам алланечук хурсанд бўлиб кетади, кўнгли фахру ифтихорга тўлади. Ноҳия ҳарбий комиссариатида кўнгилли сифатида қайдга олинган ўғлим Абдуллажондан ҳар гал: -Албатта, ҳарбий хизматга бораман. Ватанни биз қўриқламасак, ким қўриқлайди?! - деган мардонавор сўзларни эшитганимда, шундай ҳолга тушаман.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2308267

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9102668
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1667
3115
4782
9065885
106489
126949
9102668

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.19
Бугун: 27-01-2026 15:43:43

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015