Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИҚТИСОД

Муаллиф: Super user Категория: ИҚТИСОД
Чоп этилган 15 Март 2018 Кӯришлар: 546
Печат

 

sandiqchi 2018Мўъжазгина устахонада ёғоч тилиш-йўниш станоги қулоқни қоматга келтиргудек ғувиллаб ишлайди. Атрофга чанг-тўзон сочилади. Қиринди шувиллаб тўкилади. Станокни усталик билан ишлатаётган, тилинаётган, силлиқланаётган тахтани ишонч билан тутганча олдинга сураётган ўрта бўйли, нозик қоматли аёл ишини кузатар эканман, унинг сал олдинроқ айтган гапларини эслайман.

«Отам фақат Спитаменда эмас, ундан ташқарида ҳам танилган уста эдилар. Укаларимга ҳунарларини миридан-сиригача ўргатардилар. Шунда укаларим, опа, келинг, сиз ҳам ўрганинг, дейишганида, мен чангга ботиб юраманми, деб ўзимни четга олардим…»

Спитаменда уста Мазбутжон деб танилган инсон эшик, дераза ясашдан тортиб, қурилаётган иморатнинг барча ёғоч ишларини бажарарди. Айни бир пайтда у сандиқсоз уста сифатида ҳам ном чиқарганди. Уста ўғиллари каби қизи – Муҳаббатнинг ҳам ҳеч бўлмаганда, сандиқ ясашни ўрганиб олишини истарди.

- Отам: «Қизим, кел, шу касбни ўргангин»,- дердилар. Лекин мен онамнинг ҳунарларига кўпроқ қизиқардим, - дейди Муҳаббат Йўлдошева.

У тенгдош дугоналари каби кўйлак тикишни ўрганишни, моҳир чевар бўлишни орзу қиларди. Унинг қалбидаги бу иштиёқ онаси – Фазилат Шодибекова туфайли пайдо бўлганди. Фазилат А. Жомий номли таълим муассасасида дарс берарди, лекин уйда кийим-кечак тикиш билан ҳам шуғулланарди.

- Раҳматли онамлардан ҳам, меҳнат фанидан дарс берган муаллимам Дилбар Холиқовадан ҳам миннатдорман. Чеварлик меҳнати ортидан нон едим... - устозларини ҳурмат билан эслаган Муҳаббатнинг кўзларида миннатдорлик ҳислари маъюслик билан аралашиб кетади.

Муҳаббат деярли чорак аср чеварлик қилди. Лекин Тожикистоннинг мустақиллиги илк даврида, юртда ёмон ниятли кимсаларнинг қутқуси билан фуқаролар уруши бошланиб, иқтисодий қийинчиликлар юзага келганда, чеварликдан топган нон билан беш болани едириб-ичириш, кийинтириш қийин бўлиб қолди. Кўйлак тиктирган одамларнинг кўпчилиги буюртмаларини насияга олиб кетишар, лекин йўқчилик туфайли, пулини ҳадеганда келтириб беришмасди. Ё умуман, «Қарздормиз», деб ночор тураверишарди. Устига-устак, Муҳаббатнинг умр йўлдоши – Мирбарот Солиев қон босими хасталигига учраб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолди. Шунда отаси – уста Мазбутжон яна устачиликни, сандиқсозликни ўрганишга даъват этди. Муҳаббат отасининг ёнида туриб, сандиқ ясашни қунт билан ўргана бошлади.

Ҳозиргача Муҳаббат отасидан миннатдор. Унинг гаплари ҳамон қулоқларида жаранглайди: «Қизим сандиқсоз яхши ният билан ишлайди. Биз ясаган сандиқларни кўпроқ ўғил уйлантираётган, қиз чиқараётган оилалар сотиб олишади. Сандиқ сотиб олган йигитнинг ота-онаси ҳам, қизнинг ота-онаси ҳам бу сандиқлар доим тўла туришини исташади!»

Ҳозир Муҳаббат ўйлаб қараса, сандиқ ясай бошлаганига йигирма беш йилдан ортиқ вақт ўтибди. Бу йиллар давомида неча юзталаб сандиқлар, сандиқчалар ясади. Унинг сандиқларининг таърифи қишлоқ ошиб, ноҳия ошиб, қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистонга ҳам бориб етди.

- Олдинлари биз бозорга чиқмасдик. Харидорлар сандиқларни уйимиздан олиб кетишарди. Айниқса, қирғизистонлик харидорлар улгуржи сотиб олишарди. Ўзбекистонда ҳам сандиғимиз савдоси чаққон эди, - дейди Муҳаббат.

Лекин орада миллий сандиқлар савдоси бироз сусайиб қолади. Бунга Муҳаббатнинг ибораси билан айтганда, мебел-сандиқлар ясаш бошлангани ва у аҳоли орасида урф бўла бошлагани ҳам таъсир этади.

- Лекин барибир биронтаси ўзимизнинг миллий сандиқларга етмайди. Одамлар вақт ўтиши билан миллий сандиқларимизнинг мустаҳкамлиги, зарур бўлганда, таъмирласа бўлишини, гуллари кўзга завқ беришини, узоқ йиллар хизмат қилишини англаб етишди. Зичланган қириндидан ясалгани учун, агар бузилса, мебел-сандиқларни таъмирлаб бўлмасди.

Муҳаббат ўзи ясаган сандиқларга ҳавас билан тикилади. Менинг хаёлимда эса, бир фикр айланаверади: агар уста ўз ишидан завқланмаса, ундан ижодкорлик кутма, бу тоифадагилар бир жойда депсиниб тураверишади.

- Мен сандиқлар безагининг янада жозибалироқ бўлиши учун интиламан. Безакларнинг кўрган кўзни қувнатадиган бўлишида чеварликдаги тажрибам ҳам асқотяпти. Ўшанда кўйлакларга зар урардим, янги-янги гулларни топардим. Лекин бошқа усталар тажрибасидан ҳам ўрганаман. Агар ўзимга ёққан гулларни, безакларни кўрсам, астагина кўзим билан «ўғирлаб» оламан, - жилмаяди Муҳаббат.

Айримлар Муҳаббатнинг нега, айнан, сандиқсозлик касбини танлаганига ҳайрон бўлишиб, бу аёл киши учун қийин эмасми, дея сўрашади. - Йўқ, нега қийин бўлар экан? Одам ўзи қилаётган ишдан завқланса, устига иқтисодий фойда кўрса, унинг қийинчилиги асло билинмайди. Мен шу касбим орқали тўртта қизимни турмушга узатдим. Айтгандай, қизларимдан бири – Мукаррам ҳам устачиликни ўрганди. Ҳозир ўттиз етти ёшдаги бу қизим аслида опалари каби моҳир чевар. Лекин сандиқсозликка иштиёқини кўриб, бу касбимни ҳам ўргатдим, - дейди Муҳаббат.

Сандиқсоз аёл касбини невараларидан бири – Шоҳруҳга ҳам ўргатган. Шоҳрух замонавий мебеллар ясашни ҳам ўрганиб олган.

- Шоҳруҳ ҳозир Россияда. У ерда ҳам устачилик қилади. Мебел ясаш учун станоклар сотиб олиш ниятида. Станоклар бироз қиммат экан. Шунга бир йилгина пул ишлаб келай, деди, биз йўқ, демадик. Ҳадемай, келиб қолади, - дейди Муҳаббат.

Ҳозирда Муҳаббат билан бирга шогирдларидан бири – Жавлон ишлаяпти. Шогирднинг ишини кузатсангиз, устадан маҳорат сирларини қанчалик яхши ўрганганлигини сезиб олишингиз қийин эмас.

У ҳар бир шогирдига тайёрлаган маҳсулоти мудом сифатли ва мустаҳкам, чиройли бўлишини уқтиради. Жумладан, сандиқ тунукаларини бўяшда фақатгина ипак кукуни – атлас бўёғидан фойдаланишни уқтиради. Чунки бошқа бўёқлар ишлатилганда, тунука ранги тез ўчиб кетади. Атлас бўёғи ишлатилганда эса, деярли йигирма йилгача гуллар ранги ўчмай тураверади. Шунда ҳам фақат яшил ранг ўчиши мумкин.

Шу кунларда сандиқсоз аёлнинг ғайратига-ғайрат қўшилган. У Тожикистонда жорий йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилинганидан хурсанд.

- Мамлакатимиз раҳбарининг биз – халқ ҳунармандларига ғамхўрликларидан беҳад миннатдормиз, - дейди Муҳаббат Йўлдошева. – Икки йилгача ҳар қандай солиқлардан озод қилиндик.

Муҳаббат яна Ўзбекистон билан борди-келдининг яхшиланаётганидан ҳам мамнун.

- Ўзимизда ҳам миллий сандиқларимизни кўп сотиб олишади. Лекин қўшни Бекободда сандиқларнинг нархи қимматроқ ва тез кетади, - дейди у.

Яқинда сандиқсоз аёлнинг уйида Суғд вилояти «Қўлда атлас-адрас тўқиш ҳамда бошқа халқ ҳунарларини тиклаш ва ривожлантириш мактаби» давлат муассасаси мутахассислари меҳмон бўлишди. Мазкур муассасанинг Спитамен ноҳиясидаги вакили эса, сандиқсоз Муҳаббат Йўлдошевани Суғд вилояти раиси грантига тавсия қилишини билдирди.

Агар, борди-ю, Спитамен томонларга йўлингиз тушса ва безаклари завқ берадиган, мустаҳкам, юқори сифатли сандиқларга кўзингиз тушса, уни ким ясаганлиги билан қизиқиб кўринг. У икки кам олтмиш ёшли, вилоятда ягона (агар қизи Мукаррамни айтмасак) моҳир сандиқсоз аёл – уста Муҳаббат Йўлдошева бўлади.

 

Ўринбой УСМОН,

«Халқ овози».

Иқтисодиётимиз учун Роғун ГЭСининг аҳамияти?

КАЛЕНДАР

« Декабр 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31            

МАҚОЛАЛАР

ЎЗГАНИ БИЗ ҲАР ДОИМ ЎЗ АЙТАМИЗ…

 

Нуқра Суннатниёнинг ички дунёси бошқа шоирларнинг ички дунёсидан фантазиясининг бойлиги ҳамда серқирралиги, дунёқарашининг ранг-баранглиги ва теранлиги билан ажралиб туради. Шоира дунёга узоқ ва яқинларни турфа ранглар ва шакллар уйғунлигида кўрадиган рассом сингари назар солади, кўрганларини сўз ва ташбеҳлар бўёғи воситасида инъикос этишга тиришади. нимқоронғи уйнинг деразасидан кўзга ташланган бужур дарахт танаси, сўлғин

Муфассал...

САНДИҚСОЗ АЁЛ

 

Мўъжазгина устахонада ёғоч тилиш-йўниш станоги қулоқни қоматга келтиргудек ғувиллаб ишлайди. Атрофга чанг-тўзон сочилади. Қиринди шувиллаб тўкилади. Станокни усталик билан ишлатаётган, тилинаётган, силлиқланаётган тахтани ишонч билан тутганча олдинга сураётган ўрта бўйли, нозик қоматли аёл ишини кузатар эканман, унинг сал олдинроқ айтган гапларини эслайман.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
645
Мақолаларни кӯрганлар сони
316605

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1789972
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1352
3164
13704
1759842
35615
61802
1789972

Сизнинг IPнгиз: 34.228.41.66
Бугун: 15-12-2018 12:00:30

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015