Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 07 Феврал 2015 Кӯришлар: 15784
Печат

 

onaТожикистон Халқ шоири Камол Насрулло ёш ижодкорлар билан бир учрашувида жуда ажойиб гап айтганди: - "Она, Ватан ҳақида шеър ёзиш - жуда қийин. Чунки қалам яралибдики, шоирлар Онани куйлайди, Ватанни мадҳ этишади…"

Таниқли шоирнинг фикрига қўшилган ҳолда Она ҳақида ёзиш учун, Онадек муқаддас инсонни тараннум этмоққа, Она сингари буюк шахсни алқамоққа кишининг кўксида меҳр-мурувватга лиммо-лим юрак уриб турмоғи лозим бўлса керак дейман.

Она, оналар ҳақида шунчаки ёзиб бўлмайди, балки юракнинг қўри ва хилват гўшасидаги соғинч ва муҳаббатга қоришиқ сўзларни битиш керак.

Она ҳақида тўлқинланиб куйламоқ учун юракдан соғинч ёғилиши зарур, муҳаббатга йўғрилган нур таралиши лозим, меҳрга улашган чақин чақнаши керак.

Инсонга ҳаёт бағишловчи, уни яшашга ундовчи ҳиссиётнинг борини тўкиб солганда ҳам оналарнинг ҳақиқий сиймосини яратиш жуда оғир. Уларнинг фариштасимон фазилатларини тўлиқ тасвирлаб бўлмайди.

Она - шундай улуғ зот, Она - шундай буюк яратувчи, Она - шундай мўъжизавий хилқат, Она - шундай муқаддас инсон…

Онамни эслаш - мен учун жуда оғир. Зеро, мен ақлимни таниганимданоқ онамни хаста, касалманд, ожиз ҳолатда кўрганман. Онамнинг чин юракдан қувониб кулганларини жуда кам эслайман. Мудом дард исканжасида эзилиб юрарди, бечора онагинам. Онам касалманд аёл бўлсалар-да, биз - фарзандларига жуда меҳрибон эдилар. Хаста ҳолда тўшакда ётган пайтида ҳам бизга аталган ширин сўзларини канда қилмасдилар.

Эсимда, кичкина бола эдим, ҳароратим ошган экан. Кечаси ташқарига чиқмоқчи бўлдим. Бечора онагинам мени ташқарига олиб чиқдилар. Ҳароратнинг зўридан қўлларим шишиб кетгандек сезардим ўзимни, ҳамма нарса кўзимга йирик кўринарди. Буни онамга айтдим. Онам бечора жуда хавотирланган экан. Мени тўшакка ётқиздилару бир оз ором ётганимдан сўнг, унинг йиғлаб гапираётганлигини эшитгандим:

-Парвардигоро, боламни асрагин, барча дардларингни менга юбор, болагинамга раҳм айла, Яратган эгам, унинг товонига кирган тиканни менинг юзимга суққин, Худойим…

Мен ўша пайтларда онагинамнинг бу нолалари маъносини унчалик тушуниб етмаган эканман, кейинчалик онагинамнинг қанчалик изтироб чекканлигини ҳис этганман. Ўзи дард исканжасида бўлса-да, яратгандан менга шифо беришни сўраган эдилар. Бундай қилиш учун инсоннинг юраги қанчалик буюк бўлиши керак, билмадим. Балки, фарзандлар она юрагининг бир парчасимикан-а?

Еттинчи синфларда ўқиб юрган кезларимда оғилимизнинг эшиги бузилиб қолди. Биринчи марта ҳеч кимдан сўрамай, мустақил тарзда қўлимга дурадгорлик асбобларини олиб, эски-туски тахталардан қўлбола эшик ясадим. Ёмон чиқмади, унчалик тузук бўлмаса-да, ҳар ҳолда оғилнинг илгариги эшигидан дуруст эди. Ўзиям кечгача уриндимми, дейман-ов. Онам ўша пайтда уйимизнинг айвонида тўшакда хаста ётардилар. Мен ишларимни тугатгач, ёнига чорладилар.

-Болам, бир оз ёрдамлашиб юбор, ҳовлини айланмоқчиман, - деди онам.

Мен жуда қувониб кетдим. Чунки ҳар гал онам хасталаниб, узоқ ётиб қолгач, туриш истагини билдирсалар, шу билан яна бир-икки ҳафта туриб кетардилар.

Дарҳол онамнинг қўлтиғига кирдим. Ҳовлида бир оз кезиб, онам эрталабдан кузатиб ётган бўлсалар керак, мен бажарган ишни кўриш учун оғилнинг олдига секин-секин юриб бордилар. Онам мен ясаган эшикка узоқ тикилиб турдилару ҳеч нарса демадилар.

Сўнгра қайта тўшагига олиб боришимни айтдилар. Мен онамни ўрнига олиб келдим. У киши чўнқайиб ўтирган ҳолда, ич-ичидан эзилиб, узоқ йиғладилар. Мен жимгина онагинамга тикилолмай ёнида ўтирдим. Чунки онам ўзининг қирқ кунлик куёвлик чоғида жувонмарг бўлган яккаю-ягона укасини эслаганда, шундай йиғлардилар. Онам узоқ йиғлагандан сўнг менга юзланди:

-Болам, ясаган эшигингни кўриб, қувонганимдан йиғладим, - дерди ўзини ҳалиям тутолмаётган онам. - Сен ўзинг учун қурган уйнинг эшигидан кириш насиб қилармикан, менга…

Мен барибир бола эдим. Бу гапларнинг асл маъносини чуқур англаб етолмасдим. Нега насиб қилмас экан?  Ҳайрон эдим… Фақат онамнинг кўзларида чақнаган армон учқунини пайқагандим…

Йўқ, насиб қилмади. Менинг онам икки йилдан сўнг эндигина эллик икки ёшга кирганларида ҳаётдан кетдилар. Демак, онам хасталик бир кунмас бир кун ўзини енгишини, бизларнинг камолимизни кўролмасликларини ҳис этган эканлар. Онамнинг тобути ортидан бораётган мен ўсмир йигит ҳаётнинг аччиқ синовларидан бирига рўпара келганлигимни ҳис этиб борардим…

Тақдирни қаранг, уй ҳам қилдим. Уйландим. Фарзандли бўлдик. Бугун учта бир-биридан ширин қизчаларимнинг ҳар бирини "Онажон", деб эркалайман. Мен онамни эслаганимда катта қизим - Саёҳат хомуш тортиб қолади. Чунки мен онамни хотирлаганимда кўнглим бузилишини у билади. Маърифат қизим ҳам менга она бўлишга рози бўлади. Кулиб қўяди. Кичкина қизим - Шаҳло - юз тузилиши, кўзлари менга онажонимни эслатади. У бир ўзи менга она бўлгиси келади. Опаларидан мени қизғанади. Сен менинг онамга ўхшайсан, деганимда, опаларига "кўрдиларингми", дегандек фахр билан боқади. У - ҳали бола. Қизларимга тикилиб, онажонимнинг ёшлигимда хаста ҳолига қарамай, бизларга қайғурганликларини тушуниб етгандек бўламан.

Онамдан қолган яккаю ягона опалари ҳам ўтган йили ҳаёт билан видолашдилар. Энди мен учун энг қадрдонлар - опаларим ва қизларим. Уларнинг ҳар бирининг сиймосида онамни кўраман, унинг армонлари опаларим, қизларим ҳаётида ушалишини чин юракдан истайман.

Ҳар йили Оналар байрами арафасида опаларимни қутлайман. Улар дарҳол онажонимни эслашади. Уйимга келишганда, онам уйимга кириб келгандек қувонаман. Ахир, улар онамнинг қизлари-ку, менинг жигарбандларим!

Демак, онамнинг яшамаган йилларини улар яшашаяпти. Уларнинг ҳар бирида онамдан нимадир бор. Мен шунга қувонаман. Шундан таскин топаман. Тўймай қолганим - она меҳрини опаларим, қизларимдан излайман. Онамнинг пок хотираси қалбимда мангу яшайди. Онам менга фақат ҳаёт улашибгина қолмай, балки руҳлари ҳамиша мени қўллаб туради…

Дарҳақиқат, оналар ҳақида шунчаки ёзиб бўлмайди…

Она - шундай улуғ зот, Она - шундай буюк яратувчи, Она - шундай мўъжизавий хилқат, Она - шундай муқаддас инсон…

 

Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,

2013 йил, март.

КАЛЕНДАР

« Октябр 2025 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
    1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31    

МАҚОЛАЛАР

Давлат истиқлолиятининг 30 йиллигига

 

Спитамен ноҳиясида Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллиги санасигача камида 120та иншоот бунёд этилади. Жумладан, хизмат кўрсатиш, саломатлик марказлари ва уйлари, кутубхоналар, тикувчилик цехлари, ҳаммомлар, спорт майдончалари фойдаланишга топширилади.

Ноҳиядаги ҳар бир қишлоқ ва маҳаллада шонли санани муносиб кутиб олиш учун ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Бу гуруҳлар олдига ҳар бир аҳоли

Муфассал...

«Яна баҳор қайтармикан, сен қайтмасанг…»

 

Опажон, менинг меҳрибоним, мунисгинам. Яна кўм-кўк, яшилликларга бурканиб баҳор келди, сиз севган баҳор. Шу кунларда сизни жуда-жуда соғиндим. Ҳамиша меҳр билан айтган донишмандона сўзларингизни соғиниб, энтикиб, қўмсайман. Отажонимни, эллик саккиз ёшида ҳаётдан жуда эрта кетган гўзал онажонимнинг ўлими етмасмиди? Мунглиғ фарёдлар-ла  яқинларимга, жиянларимга назар ташлайман.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2223624

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

8723758
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1374
2653
14206
8692188
65995
93867
8723758

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.176
Бугун: 25-10-2025 11:34:32

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015