Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 28 Июн 2018 Кӯришлар: 208
Печат

 

suv 2018Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг 2018-2028 йиллар -

"Сув устувор тараққиёт учун" халқаро амалиёт ўн йиллигига бағишланган олий даражадаги

халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган нутқи

20 июн 2018 йил, Душанбе шаҳри.

Ҳурматли давлат ва ҳукуматлар бошлиқлари!

Қадрли делегациялар раҳбарлари ва аъзолари!

Хонимлар ва жаноблар!

Барчангизга Душанбе шаҳридаги 2018-2028 йиллар - "Сув устувор тараққиёт учун" халқаро амалиёт ўн йиллигига бағишланган олий даражадаги халқаро конференцияга хуш келибсиз, дейман.

БМТ ва бошқа шериклар билан ҳамкорликда ўтказилаётган бугунги тадбир якуни бўйича сув захиралари соҳасида халқаро даражада келишилган мақсад ва вазифалар татбиқи бўйича амалий қадамлар ишлаб чиқилишига умид билдираман.

Бугунги конференция сув захиралари бўйича олтинчи мақсад муҳокама этиладиган Устувор тараққиёт бўйича олий даражадаги сиёсий форумнинг олдинда турган мажлиси мавзуси юзасидан аниқ тавсияларни тайёрлаш учун қулай шароит яратишига ишончим комил.

Жорий йилнинг 22 марти - халқаро Сув захиралари кунида БМТ Бош Ассамблеяси Раиси ташаббуси билан сув бўйича янги халқаро ўн йиллик татбиқи жараёнини биргаликда бошладик.

БМТ Бош котиби ва унинг жамоасига ўн йиллик татбиқи чоғида, муҳим мадад бўлувчи ҳаракатлар режасини тайёрлаганликлари ва ишга туширганликлари учун миннатдорчилик билдиришни истардим.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Биз янги ўн йилликни илгари суришга аввалги халқаро сув ташаббуслари татбиқи чоғида йиғилган жуда катта фойдали тажриба билан киришаяпмиз.

Сўнгги ўн беш йилда бу йўналишда 2003 - «Халқаро чучук сув йили», 2005-2015 йиллар - «Сув ҳаёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги ва 2013 - «Халқаро сув ҳамкорликлари йили» каби халқаро ташаббусларни татбиқ этиш доирасида биргаликдаги ҳар томонлама ҳаракатларни олиб бордик.

Бу барча ташаббуслар сайёрамизда ҳаёт учун сувнинг мислсиз роли тушунчасини чуқурлаштиришга бебаҳо ҳисса қўшди.

Шу билан бир қаторда, улар барча манфаатдор томонларни сув захираларини бошқариш, лойиҳаларни татбиқ этиш, бу соҳада замонавий технология ва инновацияларни жорий қилишга фаол жалб этишга ҳисса қўшишди.

Бу ташаббусларнинг Минг йиллик тараққиёт мақсадлари татбиқи ишида ҳиссасини алоҳида таъкидлашни истардим.

Бу йўналишда биргаликдаги ҳаракатлар ҳам устувор тараққиёт янги кун тартибидаги масалаларни ишлаб чиқиш учун мустаҳкам асосни ётқизган бўлиб, унда сув захираларига мазкур жараённинг муҳим унсури сифатида марказий ўрин ажратилган.

Шу билан бирга, барчангизга маълум бўлган қуйидаги фактлар умумий ҳаракатларни сафарбар этиш ҳалигача кутилган самарани бермаганидан гувоҳлик бермоқда:

- 800 миллиондан зиёд ва сайёранинг 2,5 миллиард аҳолиси мувофиқан хавфсиз ичимлик суви ва сув санитарияси соҳасида барчага маълум хизматлардан фойдалана олмаяпти;

- ҳар йили 300 минг нафаргача бола беш ёшигача хавфсиз ичимлик суви ва санитариядан фойдалана олмаётганликлари учун ҳалок бўлади.

Буларнинг барчаси биз ҳалигача хавфсиз ичимлик суви ва санитариядан фойдаланишни таъминлаш соҳасида қўйилган мақсад ва вазифаларимизни амалга татбиқ этишда анча ортда қолаётганимизни кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, сув захираларини устувор бошқаришга эришишдаги вазият иқлим ўзгаришининг салбий таъсири сабабли мураккаблашмоқда.

Маълумки, иқлимнинг глобал ўзгариши чучук сув захиралари ҳажми ва улар сифатига салбий таъсир кўрсатган ҳолда, бу билан дунёнинг турли мамлакатлари ва минтақаларини янада кўпроқ экологик муаммоларга дучор этмоқда.

Бугун дунёда икки миллиарддан зиёд одам сув муаммосини ҳис қилмоқда.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга келиб бу рақам беш миллиардгача ўсиши, яъни сайёранинг қарийб ярим аҳолисини ташкил қилиши мумкин.

Бу борада аҳоли сони ва сув захираларига эҳтиёжнинг ошиши тенденцияси олдимизга янги комплекс вазифаларни қўяди.

Дунёда сув захираларига талабот тезкор суръатларда ошаётган бўлиб, бу ўз навбатида, иқтисодиёт тармоқлари ўртасида кескин муносабатларни вужудга келтиради.

Сув тақчиллиги ошиб бориши шароитида сув захираларидан фойдаланиш учун рақобатнинг кучайиши, ҳатто, битта мамлакат ичида ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Айнан, ушбу иккита омил - иқлимнинг глобал ўзгариши ва демографик ўсиш келгусидаги ҳаракатларимиз учун рамка ва имкониятларни белгилайди.

Ушбу факторлар билан бир қаторда, комплекс ёндашув ва фаол сув ҳамкорлигини талаб қилувчи бир қатор бошқа вазифалар мавжуд.

Умуман, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув захиралари ифлосланишини камайтириш ва улардан такрорий фойдаланиш ҳамда саноат миқёсида чучук сув олиш янги технологияларини ишлаб чиқиш масалаларини улар сирасига киритиш мумкин.

Йиғилган тажриба сув захираларидан фойдаланиш соҳасида кўзга кўринарли ютуқларга бирданига эришиш мушкуллигини кўрсатмоқда.

Айнан, мана шу тажрибадан келиб чиққан ҳолда, бошланган ўн йиллик, энг аввало, аниқ ҳаракатларга мўлжалланган мунтазам кўп қиррали сув диалогини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун қулай ҳамда очиқ майдонни шакллантиришга йўналтирилган.

Ушбу мақсадларда ҳар икки йилда ўн йиллик мақсад ва вазифалари татбиқи бўйича олий даражадаги халқаро конференция чақиришни ният қилдик.

Бу йўналишда халқаро бошқарув комитети доирасида манфаатдор мамлакатлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлигимизни давом эттирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тадбирни тайёрлашга жуда катта ҳисса қўшган халқаро Бошқарув комитетининг бугунги ҳайъати барча аъзоларига миннатдорчилик билдиришни истардим.

Биз, шунингдек, Душанбе шаҳрида ўн йиллик татбиқига ёрдам бериш халқаро марказини ташкил этиш воситасида, бу йўналишдаги ишларни кучайтириш ниятидамиз.

БМТ Бош Ассамблеясининг ўн йиллик татбиқ этилиши жараёнининг ўрта муддатли обзори тўғрисидаги янги резолюциясини тайёрлаш ва илгари суриш жараёни ўзаро алоқаларимиз учун қўшимча майдон ташкил қилади.

Биз БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси доирасида мазкур резолюцияни илгари суришда шерикларимизнинг фаол қўллаб-қувватлашига умид билдирамиз.

Фикримизча, ўн йиллик татбиқига ёрдам бериш механизмларини ташкил этиш бўйича ҳаракатларни зарур инсоний, молиявий ва техник захиралар билан мустаҳкамлаш керак.

Бу борада сув секторининг тегишли лойиҳалар ва дастурларни татбиқ этиш йўлида катта молиявий эҳтиёжлари фактини алоҳида таъкидлашни истардим.

Бутунжаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Олтинчи устувор тараққиёт мақсадларининг фақат иккита вазифаси, айнан, хавфсиз ичимлик суви ва санитариядан умумий фойдаланишга эришиш учун ҳар йили 114 миллиард Америка доллари талаб қилинади.

Шу сабабли, ҳаракатларимизни мавжуд молиявий захиралардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сув захиралари билан боғлиқ соҳаларни молиялаштиришнинг янги манбаларини излашга қаратишимиз керак.

Бу борада давлат-хусусий сектор шерикчилигини кенгайтириш, сув соҳаси ва инфратузилмасига қўшимча сармояларни жалб этиш учун янгидан-янги имкониятларни очади.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Сув ҳамкорликларининг трансчегаравий компоненти ҳам муҳим масала ҳисобланади.

Самарали, адолатли ва ўзаро самарали сув кооперацияси умумий сув ҳавзалари билан боғланган мамлакатларнинг биргаликда ривожланиши катализаторига айланиши мумкин.

Сув захиралари бир хилда шаклланмайдиган Марказий Осиё минтақаси конструктив сув ҳамкорликларининг яққол мисоли ҳисобланади.

Бундай вазият мамлакатларнинг сув захираларидан секторли ва мавсумий тарзда фойдаланишда фарқ қилувчи эҳтиёжлари билан бир қаторда, яқингача эҳтимолий баҳслар ва қарама-қаршиликлар омили сифатида баҳоланганди.

Бироқ вақт ва тажрибанинг кўрсатишича, биз мавжуд муаммоларни ҳал этишда анча олға ҳаракат қилишнинг уддасидан чиқдик.

Айни пайтда минтақада самарали ҳамкорликлар ва мамлакатларимиз тараққиётини таъминлаш учун янги имкониятлару инфратузилмалар яратилган.

Бундай натижага эришишда халқаро Оролни қутқариш фонди ва унинг тегишли комиссиялари каби минтақавий институтлар катта рол ўйнагани, шубҳасиз.

Шу билан бирга, бугун даврнинг янги таҳдид ва хатарлари билан рўпара келаяпмиз. Улар биргаликдаги ҳаракатларни ҳар вақтдагига қараганда, кўпроқ бирлаштиришни талаб қилмоқда.

Жорий йилнинг қурғоқчилик мавсуми бу хатарларнинг яққол мисоли ҳисобланади.

Мавсумий ёғинларнинг кам ҳажми оқибатида минтақа мамлакатлари аллақачон сув тақчиллиги билан рўпара келаётган бўлиб, дарёда сув оқими ҳар йиллик кўрсаткичдан анча паст, прогнозлар экин-тикинлар мавсумида дарёлар суви меъёрдан атиги 60-70 фоиз ҳажмида эканлигини кўрсатмоқда.

Бу бундай минтақавий муаммоларни ҳал этиш тегишли ҳамкорликлар ва ҳаракатларимизни яқиндан бирлаштиришни талаб қилади.

Сўнгги йилларда минтақадаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзгаришлар тараққиётнинг ижобий жўшқинлигига чиққанини таъкидлаш қувонарлидир.

Бундай воқелик, шубҳасиз, давлатлараро ҳамкорликларни келгусида такомиллаштириш ва мавжуд минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун зарур дастлабки шартларни ташкил қилади.

Ҳурматли иштирокчилар!

Кўп йиллик кузатувлар иқлим ўзгаришининг Тожикистон ва Марказий Осиё табиати ҳамда ижтимоий-иқтисодий аҳволига таъсири кучайганидан дарак бермоқда.

Ушбу кузатувларга биноан, сўнгги олтмиш йилда ҳавонинг йиллик ҳарорати Тожикистонда Целсий бўйича бир даражага кўтарилиб, табиий гидрометеорологик ҳодисалар тезлиги ва такрорланиши ошди.

Ушбу омиллар таъсири остида Тожикистонда тошқин, сел, қор кўчкиси ва ўпирилиш каби табиий офатлар ҳар йили мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётига жиддий зарар етказмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги бир неча ўн йилда қарийб мингта кичик ва ўрта музликларни йўқотдик.

Ушбу жараёнлар мониторинги ва иқлим ўзгариши омилларига мослашиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш мақсадида, жорий йилда Тожикистон Фанлар академияси қошида Музликларни ўрганиш марказини таъсис этдик ҳамда унинг потенциалини мустаҳкамлаш ишида тараққиёт бўйича шерикларимиз томонидан ёрдам кўрсатилишига умид қиламиз.

Бу марказ тез орада, нафақат, миллий, балки минтақавий даражада ҳам сув захираларини режалаштириш ва бошқариш жараёнига муносиб ҳиссасини қўшишига ишончим комил.

Бугун Тожикистонда электр энергиясининг қарийб 98 фоизи гидроэлектростанцияларда ишлаб чиқилади.

Мамлакат Ҳукумати амалдаги гидроэлектростанцияларни модернизация қилиш, электроэнергия генерацияси янги иқтидорларини ташкил этиш ҳамда энергия тежашнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали энергияни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишни мувозанатлаштириш бўйича ҳар томонлама чора-тадбирларни қабул қилмоқда.

Гидротехник иншоотлар сув омборлари эса, ўз навбатида, сув оқимини кўп йиллик ва мавсумий ишончли тартибга солинишини таъминлаш, тошқинлар олдини олиш ҳамда қурғоқчилик оқибатларини юмшатишга ҳисса қўшади.

Тожикистоннинг катта гидроэнергетик потенциалидан минтақа мамлакатларини "яшил иқтисодиёт"ни ривожлантиришнинг асосларидан бири бўлган экологик тоза энергия билан таъминлаш мақсадида фойдаланиш иссиқхона газларининг атмосферага тарқалишини камайтиришга жиддий туртки бериши мумкин эди.

Бу борада минтақавий CASA-1000 лойиҳаси татбиқи ҳамда Тожикистон энерготизимининг Марказий Осиё бирлашган энерготизими билан параллел ишини қайта тиклаш аҳамиятини таъкидлашни истардим. Бу бизнинг "яшил" электроэнергиямизни минтақа бўйича яқин ва узоқ қўшниларга етказиш имкониятини беради.

Аҳолини хавфсиз ва сифатли ичимлик суви ҳамда санитария билан таъминлаш мамлакатда муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Биз аҳолини 2030 йилгача давр учун тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича янги дастурни ишлаб чиқишни бошладик.

Мазкур дастур устувор тараққиётнинг муҳим мақсадларидан бири - аҳолининг хавфсиз ичимлик суви ва санитариядан умумий фойдаланишини қамраб олади.

Тожикистоннинг сувдан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсати бир вақтнинг ўзида минтақада долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга ҳам йўналтирилган.

Бу борада биз ичимлик суви катта захираларини умумий манфаатларда ишлатишга тайёрмиз.

Шу тарзда, ўн етти куб километр сув захирасига эга бўлган фақатгина баланд тоғли Сарез кўли нодир захираларидан унумли фойдаланиш минтақамиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан узоқ муддат ва устувор таъминлаш имкониятини беради.

Сўзим охирида конференция иштирокчилари бугунги имкониятдан фойдаланган ҳолда, янги ўн йиллик мақсадлари самарали татбиқи бўйича аниқ амалий тавсияларни ишлаб чиқиш ишига муносиб ҳиссаларини қўшишларига умид билдираман.

Барча иштирокчиларга конструктив ва самарали фаолият, ҳурматли меҳмонларимизга эса, қуёшли ва меҳмондўст Тожикистонда вақтларини яхши ўтказишларини тилайман.  

Диққатингиз учун раҳмат!

"Ховар" ТМАА.

Украинанинг келажаги кандай?

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30    

МАҚОЛАЛАР

«Пахта иши» ёки кўзбўямачилар билан юзма-юз

 

Милиция подполковниги Ўктам Жўраев ўз даврининг буюк фидойи  инсонларидан бири бўлган ғончилик (бугунда Деваштич) Жўра Расулнинг невараси. Жўра Расул ноҳиянинг Эшонқўрғон қишлоғида туғилган. Оддий чоряккор-батрак сифатида ўз даврининг бойлари хонадонида хизмат қилиб, вояга етгач, ишчи ва деҳқонлар давлати бўлган Шўролар сиёсатини қўллаб-қувватлаб, оддий ишчиликдан то раҳбарлик лавозимигача кўтарилган.

Муфассал...

Мулойимхунук

 

"Ҳақиқати Ленинобод" газетасида ишлаб юрган пайтларим. Усмонжон Тожибоев (жойлари жаннатдан бўлсин) газетанинг бош муҳаррири эдилар. Фақат тожикча эмас, ўзбекча ибораларни ҳам кўп билардилар ва усталик билан, айни жойида ишлатардилар. Масалан, гап уқмас, тебса-тебранмас ходимларнинг айтилган ишни вақтида бажармасликларидан авзойилари бузилганда: "Ўзбеклар яхши отга бир қамчи, дейишади, келинглар, ўртоқлар, яхши от бўлайлик", -

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
611
Мақолаларни кӯрганлар сони
297443

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1733622
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
701
2117
5497
1711651
41067
66766
1733622

Сизнинг IPнгиз: 54.196.190.32
Бугун: 21-11-2018 04:57:26

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015