Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 28 Декабр 2017 Кӯришлар: 302
Печат

 

payom 2017Ҳурматли Миллий мажлис аъзолари ва Намояндалар мажлиси вакиллари! Азиз ватандошлар!

Тожикистон Республикаси  жаҳон сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик вазияти ўзгарганига қарамасдан, иқтисодий тараққиёт, стратегик мақсадларга эришиш ва шу йўл орқали аҳоли муносиб ҳаётини таъминлаш йўлида устувор қадамлар орқали олға интилмоқда.

payom 2017 1Аммо охирги вақтларда дунёда устунликка эришишга интилиш, шитоб билан қуролланиш жараёнининг кенгайиши, шунингдек, "совуқ уруш"нинг янги босқичи кўрсаткичлари пайдо бўлаётгани ташвиш боисига айланмоқда.

Жорий йилда ҳам дунёнинг турли минтақаларида нотинчликлар ва низолар давом этиб, жаҳон ҳамжамияти учун мураккаб зиддиятларга тўла даври сифатида эътироф этилди.

Ушбу муддатда дунёнинг юздан зиёд давлати террорчи ва экстремистларнинг ноинсоний ҳамлалари остида қолди.

Аҳвол шу даражага бориб етдики, нотинчликлар географияси борган сайин кенгайиб, глобал таҳдид ва хатарлар бугун жаҳон тартибу қоидалари фундаментал асослари ва халқаро муносабатлар усулларига таъсир кўрсатмоқда.

payom 2017 2Бу ҳолатнинг бундан кейин ҳам давом этиши дунёнинг турли минтақаларида сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик, башарий ва маданий таҳдиду хатарларнинг янада чуқурлашуви сабабига айланиши мумкин.

Ҳозирги босқичда мамлакатимиз халқаро таҳдиду хатарларга ўз вақтида қарши туриш мақсадида ички ва ташқи муносиб иқтидорни шакллантириш йўналишида таъсирли тадбирларни қабул қилади.

Бу жараёнда Тожикистон Республикаси учун жаҳон ҳамжамияти ва минтақа, халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар билан янада кўпроқ интеграция, чунончи, кенг қамровли ҳамкорликларни йўлга қўйиш муҳим ҳисобланади.

Биз жангу низоларсиз халқаро адолатли тартиб, дунёнинг барча мамлакатлари тенг ва фойдали ҳамкорликлари ҳамда шерикчилиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомномаси қоидалари асосида халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш тарафдоримиз.

Ҳозирги воқеликни ҳисобга олган ҳолда, терроризму экстремизмнинг ошиб бораётган хатарлари ҳамда бугунги даврнинг бошқа таҳдидларининг олдини олиш йўлида устувор хавфсизликни таъминлаш мақсадида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда шерик мамлакатлар билан кенг ҳамкорликларни кучайтиришга тайёрмиз.

Шу мақсадда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда бошқа тараққиёт шериклар билан ҳамкорликда 2018 йилнинг май ойида терроризму экстремизм ва кескин зўравонликка қарши биргаликда кураш мавзусида олий даражадаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Жаҳон ҳамжамиятининг ҳозирги вазияти ва халқаро муносабатлар майдони тамойилларини таҳлил қилиш дунёнинг барча мамлакатлари билан кўп қиррали ҳамкорликларни мамлакат миллий манфаатларига риоя ва татбиқ этиш йўлида кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш борасидаги танлаган йўлимиз тўғри эканлигини кўрсатади.

"Очиқ эшиклар" сиёсати бугунги дунё билан муносабатларимизнинг асил меҳвари сифатида ўзининг воқеий, тўғри ва фойдали эканлигини исботлади.

Бу сиёсат Тожикистон шериклари доирасини кенгайтириб, халқаро ва минтақавий ташкилотлар фаолиятида мамлакатимизнинг кенг иштирокини таъминлаш учун қулай пойдевор яратди.

Биз бу сиёсатни давом эттирамиз ва дунёнинг барча мамлакатлари билан ҳамкорликларни мустаҳкамлаш йўлида бундан кейин ҳам зарурий чораларни қабул қиламиз.

Бу жараёнда Тожикистон иқтисодий, ижтимоий ва хавфсизлик соҳасидаги манфаатлари ҳимояси, йирик инфратузилма лойиҳаларни татбиқ этиш борасида хорижий сармояларни жалб этиш, мамлакат устувор тараққиёти учун ташқи қулай шароитларни яратиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш муҳим, дея баҳоланади.

Бу мақсадларга эришиш ва сув билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун мамлакатимиз халқаро ва минтақавий майдонда бир нечта бунёдкорона ташаббусларни таклиф қилди.

Натижада, жаҳон ҳамжамиятининг баҳолашига кўра, Тожикистон ўтган икки ўн йиллик даврда сув соҳасида глобал масалаларни ҳал этиш ташаббускори сифатида эътироф этилди.

Биз сув соҳасида ҳамкорлик дипломатиясини доимий татбиқ этишни бу йўналишдаги мушкулликларни ҳал этишнинг реал воситаси, деб биламиз ҳамда келгуси ўн йилликда ҳам бунёдкорона ва самарали ҳамкорликлар доирасида бу етакчи режани давом эттирамиз.

2018 йили халқаро Наврўз байрами ва 22 март - Халқаро сув кунини нишонлаш айёмида бизнинг янги глобал ташаббусимиз - 2018-2028 йиллар - "Сув устувор тараққиёт учун" амалиёт халқаро ўн йиллиги татбиқи жараёни расман бошланади.

Шу муносабат билан  дунённинг турли минтақалари, жумладан, мамлакатимизда ҳам муҳим тадбирлар ўтказилади.

Тожикистон Республикаси ўз мустақиллиги даврида минтақавий кенг алоқаларни иқтисодий, савдо, ижтимоий, экологик масалаларни ҳал этиш ва Марказий Осиёда хавфсизлигу барқарорликни таъминлашнинг энг муҳим воситаларидан бири сифатида белгилади ҳамда бундан кейин ҳам минтақа халқларининг дўстлик ва ишонч асосидаги ўзаро муносабатларини мустаҳкамлаш тарафдоридир.

Бугун мамлакатларимиз олдида турган мақсаду вазифаларнинг умумийлиги минтақада одамларнинг эркин ҳаракатланишлари учун қулай муҳит яратиш, молу сармоя ва меҳнат захираларининг тўсиқларсиз жўнатилишини тақозо этади.

Ушбу усулга таянган ҳолда, биз хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликларимизни ҳам кенгайтириб, минтақада замонавий глобал таҳдиду хатарларга қарши туриш ва биргаликда курашишнинг уддасидан чиқишимиз мумкин.

Минтақавий бунёдкорлик интеграцияси Марказий Осиёнинг барча давлату халқлари учун манфаатли эканлигига ишончимиз комил.

Тожикистон Республикаси ташқи сиёсатида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш стратегик мавқе ва ўзига хос аҳамиятга эга.

Тожикистон 2018 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раислигини ўз зиммасига олган.

Келгуси йили Тожикистонда ўтказиладиган аъзо мамлакатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларининг мулоқоти раислигимизнинг энг муҳим тадбирларидан бири сифатида баҳоланади.

Мамлакатимизда, шунингдек, 2018-2028 йиллар - "Сув устувор тараққиёт учун" халқаро амалиёт ўн йиллиги татбиқига доир олий даражадаги халқаро конференция ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари бошлиқларининг мажлиси ҳам бўлиб ўтадики, булар ўзига хос ўринга эгадир.

Тожикистоннинг муҳим давлатлар ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан муносабатлари шериклик хусусиятини пайдо қилаётган бўлиб, бу яратувчанлик мақсадларимизнинг аниқ далили ҳисобланади.

Биз бундан кейин ҳам Осиёнинг барча мамлакатлари билан ҳамкорликларни шундай бунёдкорона руҳда давом эттирамиз.

Биз Афғонистоннинг иқтисодий қайта тикланиши ва ижтимоий тараққиётига кўмаклашишни бу мамлакатда тинчлигу барқарорликни тиклаш ва минтақада хавфсизликни таъминлашнинг энг яхши йўли, дея ҳисоблаймиз.

Шу сабабли, жаҳон ҳамжамиятини бу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини қўллаб-қувватлаш ва хавфсизлик ҳолатини яхшилаш йўлида ўзларининг амалий ёрдамини оширишга чақирамиз.

Тожикистон қўшни мамлакат Ҳукумати билан барча соҳаларда беғараз ҳамкорликларни мустаҳкамлашга саъй-ҳаракат қилади.

Европа ва Америка давлатлари билан ҳамкорликлар Тожикистон ташқи сиёсатида ўзига хос мавқега эга.

Биз Тожикистоннинг тараққиёт соҳасида муҳим халқаро шерикларимиз ҳисобланган бу гуруҳдаги мамлакатлар билан муносабатларини ўзаро тушуниш,  эҳтиром ва томонлар учун фойдали асосда бундан кейин ҳам ривожлантириш тарафдоримиз.

Шунингдек, мамлакатимиз Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари билан муносабату ҳамкорликларни фаоллаштириш мақсадида тадбирлар қабул қилади.

Бугунги давр тез суръатли геоиқтисодий ўзгаришлари иқтисодий дипломатия аҳамиятини кучайтириш боисига айланди.

Шу сабабли, миллий ва давлат мақсадларига эришиш йўлида иқтисодий дипломатия воситаларидан таъсирли ва самарали фойдаланиш Тожикистон ташқи сиёсатининг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади.

Минтақавий ва халқаро шериклар, халқаро ва минтақавий молия ҳамда қарз тузилмалари билан иқтисодий муносабатларни кенгайтириш мамлакат Ҳукумати ва унинг тегишли органларининг доимий диққат марказида туриши лозим.

Мамлакат Ҳукумати  халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида республиканинг муҳим дастур ва лойиҳалари, жумладан, Тожикистон Республикасининг 2030 йилгача давр учун миллий тараққиёт стратегиясини амалга  татбиқ этишга бу ташкилотларни кўпроқ жалб этиш йўлида ҳамкорликларни самарали йўлга қўйиш учун зарур чораларни қабул қилиши керак.

Хорижий мамлакатлар билан бундан кейинги ҳамкорликларни илгари суриш йўналишида соҳавий вазирлигу идоралар ўз фаолиятини мамлакат миллий манфаатларини ҳисобга олиш, хорижий сармояларни жалб этиш, жумладан, истиқболли дастуру лойиҳалар татбиқи учун тўғридан-тўғри сармоялар ва янги технологияларни жалб этишни имкон қадар самарали йўлга қўйишлари зарур.

Бугунги босқичда давлатимизнинг дунё мамлакатлари билан инсонпарварлик ва маданий ҳамкорликларини кенгайтириш майдонидаги фаолияти янада кенгайтирилиши керак.

Тожик миллати қадимий анъана, урф-одатлар ва маданият соҳиби бўлиб, жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган.

Наврўз, Меҳргон ва Сада каби миллий маросимларимиз, анъаналаримиз ва байрамларимиз тарих давомида яратувчан ахлоқу маънавиятни тарғиб этишга хизмат қилган.

Шу сабабли, шарафли халқимизнинг моддий ва маънавий ютуқлари ЮНЕСКО бутунжаҳон мерослари рўйхатига киритилсин ва тожик миллатининг маданиятпарвар ролини бундан кейин ҳам юксалтирсин.

Шу сабабдан, Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ташқи сиёсати муҳим мақсаду вазифаларини самарали олға суриш ҳамда мамлакатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан кўп қиррали алоқаларни кенгайтиришга имкон қадар кўпроқ ҳаракат қилишга вазифадордир.

Азиз ватандошлар!

Ҳурматли иштирокчилар!

Республика Ҳукумати иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмаларни қайта тиклашу бунёд этиш, ҳозирги замон технологияларини киритиш, сув ва энергетика соҳаларига доир масалаларни ҳал этиш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва "яшил иқтисодиёт" татбиқи, сармоя ўтказиш ва тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш, хусусий секторни ривожлантириш ва қонун устуворлигини таъминлаш учун барча захира-ю имкониятларни сафарбар қилди.

Биз бундан кейин ҳам мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, мавжуд имконияту захиралардан самарали ва оқилона фойдаланиш, иқтисодий тараққиётнинг янги манбаларини топиш, юртимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рақобатбардошлигини юксалтириш ва инновацион технологиялар татбиқи учун саъй-ҳаракат қилишимиз керак.

Шу мақсадда мамлакатда қулай пойдевор яратилган бўлиб, давлат стратегия ва дастурлари қабул қилинди ҳамда амалга оширилмоқда.

Сўнгги икки йил мобайнида "Тожикистон Республикасининг 2030 йилгача давр учун миллий тараққиёт стратегияси" татбиқи амалга оширилган ҳолда, унинг биринчи босқичи афзал тадбирлари ҳисобланган "Тожикистон Республикасининг 2016-2020 йиллар учун ўрта муддатли тараққиёт дастури"га киритилиб, асосан иқтисодий тараққиёт мажмуи кўрсаткичлари ижро этилаяпти.

Назарда тутилган мақсадларга эришиш учун бу даврда давлат бюджети ҳисобидан 36 миллиард сомонийдан зиёд маблағ ажратилиб, 2018-2020 йилларда бу мақсад учун қарийб 70 миллиард сомоний маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Ўтган йилги Паёмда Тожикистоннинг давлат мустақиллиги йигирма беш йили мобайнида эришган ютуқларини батафсил баён этгандим.

Ҳозир сизнинг диққатингизни ўтган йилнинг муҳим масалалари, мавжуд ютуқлару камчиликлар ва келгуси йил учун вазифаларга қаратишни истардим.

Жорий йилда мамлакат макроиқтисодий кўрсаткичлари устувор даражада сақлаб турилган бўлиб, иқтисодиёт реал тараққиёти суръати 7 фоиз ва ялпи ички маҳсулот ҳажми 60 миллиард сомонийга баравар бўлди.

Башоратларга кўра, олдинда турган уч йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 30 фоиздан кўпайиб, 82 миллиард сомонийга етказилади.

Шу билан боғлиқ ҳолда, мамлакат Ҳукумати дастур татбиқ этилаётган икки йил натижасини ҳамма томонлама таҳлил қилиб, унинг сифатли амалга оширилиши учун бундан кейин ҳам барча мавжуд имкониятларни сафарбар қилиши зарурдир.

Шу билан бирга, барча иқтидорлар самарадорлиги ва рақобат қобилиятини сезиларли равишда юксалтириб, миллий иқтисод соҳалари ислоҳотини давом эттирсин.

2017 йили ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳар бир нафар аҳолига ўтган йилга нисбатан 12 фоиз ва дастурда кўзда тутилган кўрсаткичлар билан таққосланганда, 8 фоизга ошиб, аҳолининг пул даромадлари 10 фоизга кўпайган.

Миллий иқтисодиёт соҳалари тараққиёти, жумладан, саноат 21,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги 7,2, асосий сармояга маблағ ўтказиш 6, чакана савдо 6,6 ва пулли хизмат кўрсатиш 1,8 фоизга таъминланиб, инфляция 6,3 фоиз даражасида сақлаб турилди.

Давлат бюджетининг даромад қисми ўтган йилда, умуман, ижро этилиб, 2018 йил бюджети ҳажми 21,3 миллиард сомоний ва 2017 йилга нисбатан 7,3 фоизга зиёд қилиб белгиланди.

Гарчанд 2017 йилнинг 11 ойи мобайнида экспорт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,4 фоизга кўпайиб, импорт 10 фоизга камайган бўлишига қарамасдан, бироқ бу кўрсаткич бизни қаноатлантира олмайди. Зеро, ҳозир ҳам маҳсулотнинг кўп қисми якуний қайта ишловларсиз экспорт қилинади.

Шунинг учун, экспортни ривожлантириш масалаларини кучайтириш, экспортга қараб ишлаб чиқариш диверсификацияси жараёнини тезлаштиришга алоҳида эътибор бериб, мавжуд имкониятлар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, пахта, мева-ю сабзавотларнинг якуний қайта ишланиши, маъдан қазиб олиш, қимматбаҳо метал ва тошларни қайта ишлаш учун зарурий тадбирлар қабул қилинсин.

Давлат бюджетида унинг ижтимоий вазифалари ва турли соҳаларга маблағ ўтказиш инобатга олинган бўлиб, мамлакат Ҳукумати халқ фаровонлигини юксалтириш учун мунтазам чора-тадбирлар изламоқда.

Сўнгги беш йилда маориф соҳалари давлат бюджетидан маблағлаштирилиши 2,3 баравар ва соғлиқни сақлаш соҳаси 2,1 баравар ошган бўлиб, 2017 йили 2016 йилга нисбатан мутаносибан 16 ва 25 фоизга кўпайган.

Мамлакат иқтисодий тараққиёти ва бугунги молиявий имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йилнинг 1 сентябридан бюджет соҳаси ходимлари ойлик маошлари оширилади.

Жумладан, ҳокимият ва давлат бошқаруви органлари ходимлари, маориф, илм, маданият, спорт, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя соҳаси муассасалари ва бюджетнинг бошқа ташкилоту муассасалари ходимларининг ойлик маошлари 15 фоиз, чунончи, ҳуқуқни ҳимоялаш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ойлик маошлари 10 фоизга оширилади.

Ёш бўйича нафақалар минимал ва максимал ҳажми, асосли нафақалар ҳамда фуқаролар иш нафақалари ўрта ҳисобда 15 фоиз, студентлар стипендиялари ва стипендияларнинг бошқа турлари 15 фоизга оширилади.

Бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, унинг харажати шаффофлигини назорат этиш ва таъминлаш йўлида мамлакатда давлат молиясини бошқариш ислоҳоти амалга оширилаяпти.

Бу ислоҳот татбиқи учун биз шундай бюджетни йўлга қўямизки, у мамлакат тараққиётига йўналтирилгандир.

Тараққиёт бюджети давлатнинг ўсиб бораётган ижтимоий мажбуриятлари ижроси бараварида, инновацион, сармоя ўтказиш фаолиятини кенгайтириш, соҳавий дастурларнинг сифатли татбиқи ва инфратузилма иншоотлари бунёдига ҳам ҳисса қўшади.

Молиявий захиралардан самарали фойдаланишни юксалтириш, уларни мақсадли тақсимлаш ва фойдаланиш учун лойиҳалаштирилган дастурлар асосида бюджетни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш йўналишида ишларни мустаҳкамлаш зарурати юзага чиқади.

Бу жараёнда, тараққиётнинг қабул қилинган стратегия ва дастурларини баҳолашнинг замонавий усулларига жиддий эътибор бериб, дастурий маблағлаштириш бундан кейин унинг натижаси ва самаралилиги юзасидан татбиқ этилсин.

Бюджет маблағлари асосий тақсимловчилари тартибига доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолияти самарадорлиги яхшилаб, давлат маблағларидан шаффоф ҳолда фойдаланиш ҳамда соҳавий дастурлар татбиқи таъминланишига имкон беради.

Бундай тадбирлар жойларда маблағ ўтказиш жараёни такомиллашувига ҳам ҳисса қўшади.

Қайд қилиш жоизки, маҳаллий бюджетлар ҳажми 2017 йилда 5,3 миллиард сомонийга етиб, унда республика бюджетидан қўллаб-қувватланиш ҳиссаси 16,7 фоизни ташкил қилди.

Шунга қарамасдан, шаҳру ноҳиялар бюджет ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастури ижроси сифати таҳлилининг кўрсатишича, минтақаларнинг воқеий имкониятлари назарга олинмайди.

Шу сабабли, давлат ҳокимияти вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар ижроия органлари бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини юксалтириш ва шаффофлигини таъминлаш, чунончи, маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларини шакллантириш йўлида аниқ тадбирлар қабул қилишсин.

Солиқ тўлаш жараёнини янада содда, енгил ва шаффоф қилиш мақсадида мамлакат Ҳукумати солиқни маъмурийлаштириш тартибини такомиллаштириш борасида чора излаши зарурдир.

Шунинг бараварида, статистик ҳисобот тақдим этиш шакллари ва маълумот йиғиш механизми мукаммал қилиниши керак.

Мамлакат пул ва қарз тизими ҳолати, хусусан, миллий валютага қурбнинг босими, банк сармояси устувор эмаслиги, миллий иқтисодиётга қарз бериш ва сармоя жалб этиш сатҳининг етарли эмаслиги бизни бу йўналишда кечиктирилмас тадбирлар қабул қилишга ундайди.

Жорий йилда банклар томонидан  қарз бериш ҳажми 2016 йилга нисбатан 4 фоизга камайган.

Бундай вазият бир қатор тижорат банклари, жумладан, "Агроинвестбанк" ва "Тожиксодиротбанк" раҳбарлари-ю масъулларининг суст фаолияти ва ишга енгил-елпи қарашлари натижасида юзага келди.

Давлат томонидан икки банк сармоялаштирилганидан кейин улар молиявий ҳолатини яхшилаш ва мижозлар жамғармаларини тўлаш йўлида бир қатор ишлар охирига етказилди.

Бироқ бажарилган ишлар бу икки банк молиявий аҳволини тўлиқ соғломлаштириш учун кифоя қилмайди.

Шу сабабдан, мамлакат Ҳукумати "Тожиксодиротбанк" ва "Агроинвестбанк" ҳиссадорлик жамиятларини қайта тиклашу соғломлаштириш режасини энг қисқа муддатларда ишлаб чиқиши ва амалга ошириши зарур.

Қарз ташкилотларининг жамғармалари 2017 йилнинг 30 ноябр санаси бўйича қарийб 9 миллиард сомонийни ташкил қилиб, 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 464 миллион сомоний ёки 5 фоизга камайган.

2017 йилнинг 11 ойида ажратилган қарз таркиби таҳлилининг кўрсатишича, унинг ишлаб чиқариш тадбиркорлигига ҳажми атиги 4 фоиз ва хизмат кўрсатиш соҳаларига 43 фоизга кўпайган.

Бундай ҳолат иқтисодиёт воқеий соҳалари тараққиёти суръати ва хусусан, мамлакатни саноатлаштириш жараёнига салбий таъсир кўрсатади.

Шу билан боғлиқ ҳолда, Миллий банк пул ва қарз зарурий ислоҳотини ўтказиш, миллий пул қурби сатҳи, нарх-наво, банклар фаолиятини мўътадил сақлаш, банк қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш ва уни такомиллаштириш, хавфлар сатҳини камайтириш ва корпоратив бошқариш усулларини жорий этиш йўлида аниқ чоралар қабул қилиши зарур.

Тўлов соҳасида хизмат кўрсатишни тартибга солиш, амалиётни осон ва шаффоф қилиш, муомалада нақд пулдан фойдаланишни камайтириш ва мамлакатда нақд бўлмаган ҳисобни тенглаштириш ишларини кенгайтириш мақсадида зарурий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу йўналишда зарурий инфратузилмалар халқаро тажрибаларни назарда тутган ҳолда шакллантирилиши керак.

Аммо таҳлилларнинг кўрсатишича, ўтган йил мобайнида мамлакатда тўлов карталаридан фойдаланувчилар сони 5,5 фоизга ошиб, 1,7 миллион нафарни ташкил қилган бўлишига қарамасдан, бироқ шу вақтгача карта амалиётининг 95 фоизи нақд пул олиш билан боғлиқдир.

Шу билан боғлиқ ҳолда, Миллий банк мамлакат Тўлов тизими тараққиёти стратегияси татбиқи назоратини кучайтириб, тўлов терминаллари ўрнатиш ва карталардан кенг фойдаланиш йўлида чора излаши керак.

Шу билан бирга, банк хизмат кўрсатиш бозорида соғлом рақобатни таъминлаш ва аҳолининг молиявий воситалардан фойдаланишларини осонлаштириш, чунончи, бу соҳага кўпроқ сармоя жалб этиш мақсадида янги таъсис этилган банкларнинг айни пайтда 80 миллион сомонийни ташкил қилувчи энг минимал низомномавий сармоя ҳажми 50 миллион сомоний қилиб белгилансин.

Сўнгги икки йил мобайнида миллий иқтисодиётга сармоя ўтказиш барча манбалари ҳисобидан 22 миллиард сомонийдан зиёд маблағ йўналтирилган ва ўзлаштирилган бўлиб, шундан 6 миллиард сомонийсини давлат сармоявий лойиҳалари маблағи ташкил қилади.

Бу даврда энергетик инфратузилмалар, транспорт ва ижтимоий тараққиёт учун 26та лойиҳани амалга ошириш йўлида 7 миллиард сомонийлик маблағга 40та қарз ва грант келишувлари имзоланган бўлиб, амалга татбиқ этилаяпти.

Шу билан боғлиқ ҳолда, Сармоялар ва давлат мол-мулкини бошқариш давлат комитети лойиҳаларнинг сифатли, шаффоф ва ўз вақтида татбиқ этилиши йўналишида жиддий назоратни йўлга қўйиши керак.

Программавий ҳужжатларга биноан, умумий сармоя ўтказишда хусусий сектор ҳиссаси 2020 йилгача икки бараварга оширилади.

Бундай мақсад бизни минтақаларда тадбиркорлигу сармоя ўтказиш фаолияти учун қулай иқлимни яратиш, уларни рағбатлантириш усулларини жорий этиш масаласига биринчи даражали эътибор беришга вазифадор этади.

Ҳар бир минтақанинг ўзига хос хусусиятлари, табиий ва инсоний захиралари, иқлими ва уларнинг жойлашиш шароитлари таҳлил қилиниб, турли сармоя ўтказиш лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда татбиқ этилиши йўлга қўйилиши керак.

Шу сабабли, мамлакат Ҳукумати давлат ҳокимияти вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар ижроия органлари фаолиятини тадбиркорлик учун қулай иқлим яратиш, янги иш жойлари ташкил этиш ва хусусий сармоя ўтказишни фаоллаштиришдаги ҳиссалари асосида йўлга қўйиши керак.

Сармоялар ва давлат мол-мулкини бошқариш давлат комитети давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари билан биргаликда тадбиркорлару тижоратчилар ҳуқуқий ва молиявий маърифати, улар касбий даражаси ва малакаларини ошириш марказлари ва курслари ташкил этиш учун аниқ чоралар қабул қилиши зарур.

Шунингдек, озод иқтисодий минтақаларнинг сармоялар жалб этиш ва инфратузилмалар ташкил этишга доир фаолияти кучайтирилиши керак.

Мамлакат Ҳукумати озод иқтисодий минтақаларда мавжуд бўлган мушкулликларни ҳар томонлама ўрганиб, улар фаолиятини кучайтириш ва мамлакат ҳудудида бошқа озод иқтисодий минтақалар ташкил этиш учун қўшимча тадбирлар қабул қилиши керак.

Жорий йилнинг 14 октябрида тадбиркорлар ва сармоядорлар билан бўлиб ўтган мулоқотда соҳанинг ютуқ ва камчиликлари батафсил таҳлил қилиниб, тадбиркорларнинг барча таклифлари ўрганиб чиқилди ва эндиликда чора-тадбирлар режаси амалга оширилаяпти.

Давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишга қарамасдан, баъзи тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунчиликка риоя этмаслик ҳолатлари ҳам кўзга ташланишини яна бир марта таъкидлайман.

2016-2017 йилларда ўтказилган  текширувлар натижасида хўжалик субъектлари томонидан яшириб қолинган солиқ маблағи 1,6 миллиард  сомонийни ташкил қилгани маълум бўлди.

Мамлакат Ҳукуматининг 2017 йил 27 майдаги қарори асосида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тўртта хизмат ва тузилмаси ҳисобидан  - Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Озиқ-овқат хавфсизлиги комитети ҳамда Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг учта хизмати замирида -Аҳоли саломатлигини ҳимоялаш давлат хизмати таъсис этилсин.

Номлари келтирилган тузилмаларнинг таъсис этилиши бир-бирига ўхшаш вазифаларни камайтириш, текширувларни мувофиқлаштириш, бюджет маблағларини тежаш ва тадбиркорлик фаолияти учун тўсиқларни камайтиришга ҳисса қўшади.

Амалдаги қонунларга мувофиқ, айни пайтда хўжалик субъектлари фаолиятини 78та текшируву назорат, ижозат берувчи ва ижозатнома берувчи органлар, чунончи, ҳуқуқ  муҳофазаси органлари текширувдан ўтказади.

Текширувлар, асосан, ҳуқуқий шахсларга нисбатан татбиқ этилишини ҳисобга олган ҳолда, 2017 йилнинг тўққиз ойи мобайнида фаолият юритувчи ҳар бир ҳуқуқий шахсга 5тадан текширув тўғри келади.

Шу сабабли, асоссиз ва такрор текширувларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик учун қулай иқлимни вужудга келтириш мақсадида кейинги икки йил давомида солиқ органларининг режадаги текширувлари, Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлиги ҳамда Миллий банкдан ташқари, ишлаб чиқариш тадбиркорлари фаолиятининг ҳар қандай текширувларига мораторий эълон қилинсин.

Ҳурматли вакиллар!

Дунё бозорлари вазияти ва талаботининг ўзгариши ҳамда устувор иқтисодий тараққиётни таъминлашни назарда тутган ҳолда, саноат соҳасини ривожлантириш ва унинг маҳсулотини якуний босқичгача қайта ишлаш энг муҳим вазифалар сирасига киради.

Мамлакатнинг келгусидаги истиқболи индустриал ва инновацион шаклда назарда тутилган бўлиб, бу мақсадни татбиқ этиш йўлида замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали қайта ишлаш саноати самарадорлиги ва маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини юксалтириш жуда муҳим эканлигини эслатиб ўтаман.

Шунинг учун, Саноат ва янги технологиялар вазирлиги давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари билан биргаликда минтақалар иқтидору имкониятлари таҳлили ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг устун йўналишларини аниқлаш асосида хом ашёни якуний маҳсулот даражасигача қайта ишлаш борасида соҳавий дастурларни фаол татбиқ этишга вазифадордир.

Саноат корхоналари фаолиятини кучайтириш ва уларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш учун ўрта ва олий касбий таълим муассасаларининг саноат корхоналари билан техник ва технологик мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлаш йўналишидаги ҳамкорликлари кенгайтирилиши зарур.

2017 йили мамлакатда 3 мингта иш жойи таъсис этиш билан 150та саноат корхонаси бунёд этилди ва фойдаланишга топширилди.

Бу даврда пахта ипи ишлаб чиқариш 2,8 баравар, гилам ва унинг маҳсулоти 1,6 баравар ва газлама 42 фоизга ошган бўлиб, бу мамлакат Ҳукуматининг маҳаллий маҳсулотларни якуний босқичгача қайта ишлаш йўналишидаги тадбирлари натижаси ҳисобланади.

Шу билан боғлиқ ҳолда, мамлакат тўқимачилик цехларини маҳаллий хом ашё билан таъминлаш ва пахта хом ашёсини якуний маҳсулот даражасигача қайта ишлаш учун қўшимча тадбирлар қабул қилиб, мамлакатда пахта ишлаб чиқариш ҳажми мунтазам ошириб борилиши зарур.

Саноат маҳсулоти таркиби таҳлилининг кўрсатишича, мамлакатда кўмир ишлаб чиқариш ҳажми бир маромда ошиб бораётган бўлиб, жорий йил мустақиллик даври давомида илк бор 1,7 миллион тоннага етказилди.

2017 йилда саноат тараққиёти 21 фоизга таъминланганига қарамасдан, 36 хил маҳсулот ишлаб чиқарилиши камайган.

Бундай ҳолат экспорт ва импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳисса қўшиш давлат дастури ижросини мушкуллаштиради.

Таҳлилларга биноан, мамлакат экспорт иқтидори ривожланиши, асосан, сўнгги йилларда бунёд этилган саноат корхоналари ҳисобидан таъминланаяпти.

Биргина 2016-2017 йиллар мобайнида маъдан маҳсулотлари экспорти икки ярим баравар ошиб, унинг ҳиссаси 45 фоиздан зиёдни ташкил қилган.

Яъни экспорт хилма-хиллиги ҳали ҳам зарурий даражада таъминланмаган бўлиб, бу мамлакатнинг ташқи омилларга қарамлигини оширади.

Шунинг учун, мамлакат Ҳукумати экспорт соҳаларининг қўшимча юқори нархдаги тараққиёти имкониятлари таҳлилини ўтказиш ва  импорт ўрнини босувчи моллар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш борасида чора излаб, Тожикистон Республикасининг "Экспортни қўллаб-қувватлаш ва рақобатбардошликни юксалтириш тўғрисида"ги қонуни лойиҳасини тайёрлаши керак.

Ҳурматли иштирокчилар!

Тожикистон халқаро майдонда "яшил иқтисодиёт"ни татбиқ этувчи мамлакатлардан бири ҳисобланиб, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш борасида сайёранинг олтита етакчи давлати қаторида турибди. Зеро, энергиянинг 98 фоизи гидроэлектростанциялар воситасида ишлаб чиқарилади.

Гидроэлектростанциялар янги иншоотлари бунёд этилиши бараварида бугун мамлакатда амал қилувчи гидроэлектростанцияларни қайта тиклаш зарурати юзага келган бўлиб, бу кўп сармоя ўтказишни тақозо қилади.

"Норак" гидроэлектростанциясини қайта тиклаш лойиҳаси 6 миллиард сомоний маблағ жалб этиш орқали икки босқичда амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, унинг биринчи босқичи бошланди.

"Сарбанд" гидроэлектростанциясини қайта тиклаш лойиҳасини татбиқ этиш йўналишида ишлар 1,1 миллиард сомоний маблағ билан бошланган бўлиб, унинг биринчи агрегати 2018 йили ишга туширилади.

"Қайроққум" гидроэлектростанцияси энг эски электростанциялардан бири бўлиб, 1957 йилдан буён фойдаланилиб келинмоқда.

Бу электростанцияни қайта тиклаш учун 600 миллион сомоний жалб этилиб, ишлар лойиҳа бўйича келгуси йили бошланади.

Умуман олганда, мамлакатда амал қилаётган электростанцияларни қайта тиклаш учун 8 миллиард сомонийдан зиёд маблағ йўналтирилади.

"Роғун" гидроэлектростанцияси бунёди учун 2017 йилда барча манбалар ҳисобидан 4 миллиард 700 миллион сомоний маблағ сарфланди ва 2018 йили бу мақсадга қарийб 5 миллиард сомоний назарда тутилган.

Шунга қўшимча тарзда, ҳозир мамлакат энергетик тизимларини қайта қуриш ва уни экспорт қилиш зарурий инфратузилмалари бунёди учун 8,1 миллиард сомоний маблағга 7та давлат сармоявий лойиҳаси татбиқи давом этаётган бўлиб, умуман, соҳа тараққиёти учун 21 миллиард сомоний (яъни 2 миллиард 400 миллион Америка доллари)дан зиёд маблағ йўналтирилган.

Мамлакат Ҳукуматининг бу йўналишдаги тадбирлари йўлга қўйилиши билан мустақиллик даврида биринчи марта мамлакат аҳолиси ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни кузги-қишки мавсумда электр энергияси билан ҳеч қандай чекловларсиз таъминлашнинг уддасидан чиқдик.

Шунинг бараварида, истеъмолчилар ва мамлакат барча фуқаролари электр энергияси исроф бўлишини камайтириш ва ундан тежамкорлик билан фойдаланиш, жумладан, энергияни тежовчи технологиялардан кенг фойдаланишга ҳаракат қилишлари зарурдир.

Бу тарзда биз келгуси уч йилда тўлиқ энергетик мустақилликка эришишимиз мумкин.

Шунинг учун, мамлакат Ҳукумати энергия билан таъминлашни ташкил этиш ва бошқариш тизимларини такомиллаштириш, жумладан, "Барқи Тожик" компанияси тузилмасини янгилаш, ҳисобга олиш, электр энергияси техник исрофгарчилигини камайтириш ва аҳолининг энергиядан оқилона фойдаланиш йўлидаги маърифатини юксалтириш борасида зарурий тадбирлар қабул қилишга вазифадор этилади.

Аҳолига бериладиган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соати учун нархлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар, жумладан, Қозоғистонда 30 дирам, Россия - 38-40, Белорус - 44-45, Ўзбекистон 53-55, Арманистон - 80 дирам бўлиб, Европа, жумладан, Дания, Германия, Белгия ва ҳатто бошқаларида 1,8-3 сомонийни ташкил этади. Тожикистонда бир киловатт-соат электр энергияси нархи бор-йўғи 17 дирамни ташкил этади.

Ҳурматли вакиллар!

Мамлакат Ҳукумати то 2030 йилгача Тожикистонни транзит мамлакатга айлантириш йўлидаги мақсадларига эришиш учун мустақиллик даврида 12 миллиард сомонийдан зиёд маблағ жалб этиш орқали давлат сармоявий лойиҳаларини амалга оширди.

Бугунги кунда бўлса, Душанбе-Қўрғонтепа, Хўжанд-Исфара, Кўлоб-Шамсиддин Шоҳин, Шкев-Қалъаихумб, Темурмалик-Балжувон-Ховалинг ва бошқа участкалар йўлларини қайта тиклашга доир давлат сармоявий лойиҳалари татбиқи 7,7 миллиард сомоний маблағ билан давом эттирилмоқда.

Обигарм-Нуробод (86 километр), Қалъаихумб-Ванж (93 километр), Хўжанд-Исфара йўлининг Хўжанд-Конибодом участкаси (130 километр), Қўрғонтепа-Данғара-Кўлоб (155 километр) ва умуман, 500 километр йўлни қайта тиклаш ва бунёд этиш лойиҳалари ўрганиб чиқиш ва лойиҳалаштириш босқичида турибди.

Халқаро иқтисодий форум рейтингига мувофиқ, халқаро рақобат қобилияти кўрсаткичлари доирасида Тожикистон йўллар сифати ва инфратузилмалар ривожланиши бўйича яхши мавқени эгаллаган бўлиб, бу соҳада минтақада етакчи мамлакат сифатида баҳоланди.

Бироқ шунга қарамасдан, биз йўллар бунёд этиш ва уларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш йўналишида яна кўпгина ишларни охирига етказишимиз керак.

Ўтган йилги Паёмимда айтиб ўтганимдек, ўрта муддат даврида 2000 километрдан зиёд транспорт йўлларининг замонавий меъёрларга мувофиқ тарзда қайта тикланиши ва қайта қурилиши назарда тутилган.

Шунингдек, шаҳар ичкариси, ноҳиялар, шаҳарчалар ва қишлоқлараро йўлларнинг таъмири, қайта тикланиши ва яхши ҳолатда сақланиши давлат ҳокимияти вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар ижроия органларининг вазифаси ҳисобланиб, бу йўналишдаги ишлар кучайтирилиши зарурлигини яна бир марта таъкидлайман.

Шундан келиб чиқиб, Транспорт вазирлиги тегишли тузилмалару органлар билан биргаликда чегараолди терминаллари ва логистик марказлари, транспорт коридорлари ташкил этиш, хизмат кўрсатишни халқаро меъёрларга жавоб берадиган даражага етказишга доир тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиб, ички ва ташқи сармояларни жалб этиш орқали амалга оширсин.

Аҳолини халқ саломатлигининг асосий шарти бўлган яхши сифатли маҳсулот билан таъминлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Бироқ тадбиркорлар томонидан турли йўл ва воситалар орқали мамлакат истеъмолчилик бозорига паст сифатли маҳсулот киритиш ҳолатлари назарга ташланиб, бу республика фуқаролари саломатлиги учун зарарлидир.

Мамлакат Ҳукуматига давлат санитария, фитосанитария, стандартизация, сертификация идоралари ва ветеринария назорати тизимларини мукаммаллаштириш учун зарурий тузилмаларда ўзгаришларни амалга ошириш борасида топшириқ берилади.

Паст сифатли ва стандартга тўғри келмайдиган молу маҳсулот киритилиши олдини олиш йўлида ваколатли органлар Тожикистон Республикасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси тўғрисида"ги қонунига қатъий риоя этиш масаласида кечиктирилмас чоралар қабул қилишлари ва бу йўналишда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги программасини тайёрлаб, амалга оширишлари зарур.

Бош прокуратура маълумотига биноан, ишчи гуруҳининг 196та савдо ширкатида экспорт маҳсулотлари сифати текширилишига доир фаолияти мамлакатда ҳар йили 500-600 тонна турли хил ўйинчоқлар дунёнинг 20 давлатидан келтирилиши, шундан 90 фоизи сифат юзасидан хавфсизлик талаботига мувофиқ эмаслиги ва болалар саломатлигига зарар етказишини кўрсатди.

Мамлакатда паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва истеъмолчилик бозорини маҳаллий яхши сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида солиққа доир рағбатлантириш ва имтиёз чора-тадбирларини жорий этиш зарурдир.

Шу билан боғлиқ ҳолда, паррандачилик соҳаси озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга доир муҳим йўналишлардан бири сифатида эълон этилиб, соҳа таъминоти учун технология, ускуналар ва материаллар киритилиши барча солиқ ҳамда тўловлардан озод этилсин.

Шу билан бирга, гўшт маҳсулотларини сақлаш технологияси зарур даражада ва қабул қилинган меъёрларга биноан таъминланмаган бўлиб, тадбиркорлар бу йўналишда ҳам чора излашлари зарурдир.

Сўнгги йилларда мева ва сабзавот етиштириш ҳажми ошиб бораяпти, бироқ жорий йилнинг 11 ойи мобайнида унинг экспорти 23 фоизга камайган.

Бундан келиб чиқадики, мамлакатимизнинг асосий савдо шерикларининг экологик тоза мева ва сабзавотларимизга талаботи катта бўлишига қарамасдан, уларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш йўналишидаги мавжуд имкониятлардан зарур даражада фойдаланилмаган ҳамда тегишли тузилмалару органлар ушбу масала ўз ечимини топиши учун мунтазам чора излашлари керак.

Мамлакат Ҳукумати республика аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан воқеий талаботини назарга олиш ва аҳолининг яхши сифатли озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланишларини осонлаштириш учун давлат озиқ-овқат хавфсизлик янги дастурини ишлаб чиқиш ва татбиқ этишга вазифадор қилинади.

Янги технологияларни киритмасдан ва экинлар агротехник парваришининг замонавий қоидаларига риоя этмасдан туриб сув ва ердан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконсиздир.

Сўнгги беш йилда 570 миллион сомоний маблағга 10 мингдан зиёд қишлоқ хўжалиги техника ва ускуналари келтирилиб, бунинг учун 200 миллион сомонийдан зиёд ҳажмда имтиёзлар татбиқ этилди.

Шунга боғлиқ ҳолда, мамлакат Ҳукумати, Саноат ва янги технологиялар вазирлиги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришга доир қўшма корхоналарни мамлакат ичкарисида таъсис этиш йўналишида ишларни йўлга қўйишга вазифадор этиладилар.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер бошқаруви ва геодезия давлат комитети, Мелиорация ва ирригация агентлиги, давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари маҳаллий ҳамда хорижий тадбиркорларни жалб этиш орқали ерлар мелиоратив ҳолатларини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши интенсив усулларини йўлга қўйиш, лалми ерларни тўлиқ қишлоқ хўжалиги оборотига қайтариш, хусусан, ердан фойдаланиш маданиятини юксалтириш йўлида чора излашлари зарур.

Шунингдек, боғу токзорлар майдонини кенгайтириш ва шу орқали экологик жиҳатдан тоза, жаҳон стандартларига мувофиқ ва экспортга мўлжалланган мевалар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш йўналишида тадбирлар қабул қилинсин.

Бу борада ички ва ташқи сармояларни жалб этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, логистик марказлар ва музлатиш хоналари бунёд этиш, чунончи, маркетинг ишларини яхшилаш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради.

Ҳурматли иштирокчилар!

Сайёҳлик меҳнат лаёқатига эга бўлган аҳолини иш билан таъминлаш, халқ яшаш даражаси ва сифатини юксалтириш, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларини ривожлантириш, чунончи, тариху маданият, табиат ва миллий анъаналарни зарур даражада кўрсатиб беришда муҳим соҳалардан бири ҳисобланади.

Бу соҳа тараққиёти учун мамлакатда барча зарурий меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, шунга қўшимча тарзда, рағбатлантиришнинг бир қатор чоралари ҳам татбиқ этилмоқда.

Жумладан, сайёҳлик иншоотлари учун ускуналар ва қурилиш материаллари киритилиши солиқ ва божхона тўловларидан, сайёҳлик ширкатлари фаолиятлари аввалги беш йил мобайнида даромаддан олинадиган солиқдан озод этилган.

Зикр этиш жоизки, сўнгги йилларда Тожикистонда дунёнинг 80 давлати фуқаролари учун виза беришнинг соддалаштирилган тартиби, ягона электрон тармоғи ишга туширилган.

Халқаро нуфузли ташкилотларнинг баҳолашларича, ҳозир Тожикистон сайёҳлик учун виза олишнинг содда тизими бўйича дунёнинг бешта етакчи давлати рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.

Аммо сайёҳлик соҳасини ривожлантириш йўналишида ишлар ижроси даражаси, жумладан, сайёҳлик иншоотлари бунёди ва хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш ҳалигача яхшилашни талаб этади.

Тожикистоннинг қулай табиий шароити ва иқлими сайёҳлик соҳасида замонавий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш ва мамлакатнинг турли минтақаларида унинг турли йўналишини ривожлантириш учун энг яхши шароитлар яратган.

Фақат замонавий инфратузилмалар бунёд этилиши ва сайёҳлару меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифати зарурий даражада йўлга қўйилиши зарур.

Айни пайтда мамлакат қонунчилиги Тожикистон Республикаси билан виза тартибига эга бўлган давлатлар фуқароларининг қайддан ўтиш муҳлатини 3 кунгача этиб белгилаган.

Тажриба ва ўрганиб чиқишларнинг кўрсатишича, зикр этилган муҳлат хорижий фуқаролар учун етарли эмас.

Шу сабабли, мамлакат Ҳукумати ички ишлар органларида қайдга олиш муддатини 10 иш кунигача узайтириш масаласига доир тегишли қарор қабул қилсин.

Мамлакатнинг давлат чегарасида тегишли инфратузилма таъсис этилмай туриб визалар бериш жараёни имконсиздир.

Шунинг учун, Тожикистон Республикасининг барча чегара ўтиш нуқталари ягона тармоққа уланиб, бошқаришнинг ягона  тартиби такомиллаштирилсин.

Мамлакат Ҳукумати мазкур масалани икки ой мобайнида ҳал этишга вазифадор қилинади.

Сайёҳликни ривожлантириш комитетига сайёҳликнинг турли йўналишлари, зарур инфратузилмаларни таъсис этиш, ахборот материаллари ва мамлакат турли мавзеларида янги йўналишларни тайёрлаш, чунончи, соҳа фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш учун зарурий чоралар қабул қилиб, 2030 йилгача давр учун сайёҳликни ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш ва мамлакат Ҳукуматига кўриб чиқиш учун тавсия қилиш топшириғи берилади.

 "Тожик Эйр" давлат авиакомпанияси ва "Тожикистон темир йўллари" давлат унитар корхонаси томонидан хизмат кўрсатиш ҳамда мусофир ташиш даражаси ва сифатини юксалтириш мамлакатда сайёҳликни ривожлантириш учун ҳалталаб масалалардан бири ҳисобланади.

Техник паркнинг эски ва яроқсиз ҳолатга келгани, бошқарув тизимларининг мукаммал эмаслиги ва молиявий оғир ҳолат зикр этилган соҳалар тараққиётига тўсиқ бўлмоқда.

Компания ва мазкур корхонанинг техник ҳолатини янгилаш ҳамда шу йўл орқали самолётлар, локомотивлар ва пассажир ташувчи замонавий вагонлардан фойдаланувчи пассажирларга хизмат кўрсатиш сатҳу сифатини юксалтириш божхона тўлови ва қўшимча қиймат солиғидан тўлиқ озод этилишини зарур ҳисоблайман.

Шу билан бир вақтда, мамлакат Ҳукуматига "Тожик Эйр" давлат компанияси рақобатбардошлигини ошириш учун унинг махсус давлат қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида топшириқ берилади.

Сайёҳлик соҳасини ривожлантириш, мамлакат сайёҳлик имкониятлари ва миллий маданиятни халқаро майдонда муносиб намойиш этиш, чунончи, сайёҳлик инфратузилмасига сармоя жалб этиш мақсадида 2018 йилни мамлакатда Сайёҳлик ва халқ ҳунарларини ривожлантириш йили, деб эълон қилинсин.

Бу йўналишда мамлакат Ҳукумати халқ ҳунарларини ривожлантириш учун тадбиркорлар ва ҳунармандларга Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш фонди воситасида имтиёзли қарзлар ажратишни кенг йўлга қўйиши зарурдир.

Шунингдек, уйда халқ эҳтиёжидаги молларни ишлаб чиқариш ва халқ ҳунарларини ривожлантириш йўлида аҳолини рағбатлантириш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан бундай молу ашёлар (буюмлар) савдоси солиқнинг ҳар қандай тўловларидан озод этилсин.

Давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва сифатли хизмат кўрсатишни таклиф қилиш иқтисодий ислоҳотнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланишини эслатиб ўтаман.

Мамлакатнинг бундан кейинги тараққиёти масалаларини муваффақиятли ҳал этиш, энг аввало, бошқарув тизими самарали фаолияти, давлат хизматчилари масъулиятини юксалтириш, сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва давлат органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш билан боғлиқдир.

Шу сабабдан, мамлакат Ҳукумати давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш йўналишидаги ишларни аста-секинлик билан давом эттириб, марказий ва маҳаллий бошқарув сатҳида стратегик режалаштириш асосларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши керак.

Ҳурматли вакиллар!

Инсон қудрати тараққиёти кўрсаткичлари уч асосий йўналиш - таълим олишни осонлаштириш, саломатлигу узоқ умр ва муносиб турмуш даражасидан иборат.

Ҳукумат мазкур бўлимлар ҳолатини яхшилаш учун давлат дастурлари ва қўшимча тадбирларни амалга ошириб, сўнгги икки йилда кўзга кўринарли ютуқларга эришди.

Хусусан, илм ва маориф соҳасида жиддий ташаббусларни йўлга қўйиб, ислоҳот ва янгилик киритишни тез суръатда олиб бораяпмиз.

2017 йили барча манбалар ҳисобидан таълим муассасалари қурилиши ва қайта тикланиши йўлида 40 миллион сомоний сарфланиб, 24 минг ўқувчи ўрни яратилди.

2018 йили бу жараён давом эттирилиб, давлат бюджети маблағлари ва сармоявий лойиҳалар бу соҳага йўналтирилади.

Шунингдек, мамлакат Ҳукумати қарори билан "2018-2020 йиллар учун республика умумий таълим муассасаларини фан кабинетлари ва жиҳозланган таълим лабораториялари билан таъминлаш давлат дастури" қабул қилинди.

Таълим даражаси кўрсаткичлари катта ёшли аҳоли орасида саводхонлик юксалиб, бошланғич, ўрта ва олий касбий таълим олувчи фуқаролар сони бир неча баравар ошаётганини кўрсатади.

Жаҳон нуфузли ташкилотларининг ривожланаётган мамлакатларга доир ўтказган текширувларига мувофиқ, Тожикистон 2017 йили 4та кўрсаткич: таълимдан фойдаланишнинг осонлиги, таълим сифати, инсоний сармоя ва унинг қудрат рақобати қобилияти бўйича дунёнинг 101 мамлакати орасида 54-ўринни эгаллаган.

Ушбу таҳлил бўйича Тожикистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Албатта, бу ютуқлар яхши, аммо биз бу кўрсаткичлардан қониқиб, ҳаётан муҳим бу соҳага эътиборни камайтирмаслигимиз керак.

Аксинча, янада кўпроқ заҳмат чекиб, таълиму тарбия масаласига кўпроқ эътибор берайлик, барча зиналарда таълим сатҳу сифатини яхшилайлик, сифатли таҳсил олиш учун барча имкониятлардан фойдаланиб, таълим муассасаларининг моддий-техник асосларини мустаҳкамлайлик ва улар фаолияти самарадорлигини таъминлайлик.

Бунинг учун, таълимнинг барча зиналарида сифатли таъминлаш кўрсаткичларини жаҳон стандартларига яқинлаштирайлик, ўрта ва олий касбий таълим муассасаларининг меҳнат бозори субъектлари билан ҳамкорликларини кенгайтирайлик, миллий инновация тизими тараққиёти даражаси ва ахбороту коммуникацион технологияларни ўзлаштириш кўрсаткичларини яхшилайлик.

Зеро, келажак мутахассисларини тайёрлаш сифати ушбу омиллар билан боғлиқ бўлиб, маориф соҳасида янада кўпроқ натижаларга эришишимизга имкон беради.

Шу билан боғлиқ ҳолда, Маориф ва илм вазирлиги ўқувчилару студентлар билим даражаси ва сифатини юксалтириш, замонавий илмлар ва хорижий тилларни ўрганишлари борасида қўшимча тадбирлар қабул қилиб, мамлакат ёш авлодини миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик, ўз ватанидан фахрланиш ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашга биринчи даражали эътибор берсин.

Инсон сармояси кучли ҳаракатлантирувчи сифатида инновация ва янги технологиялар ривожланишига ҳисса қўшади. Шунинг учун, мамлакат замонавий илми ёшларни кўпроқ илм ўрганиш, инновацион лойиҳаларни татбиқ этиш ва рақамли иқтисод масалаларини тадқиқ қилишга сафарбар этсин.

Хусусан, ихтирочилик жараёнини кенгайтириш, инновацион технологияларни ўзлаштириш ва уларни юртимиз ишлаб чиқариш соҳасига жорий этиш мамлакат олимларининг биринчи даражали вазифаси ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда қайдга олинган 14 минг музликдан сўнгги 40 йил мобайнида иқлим исиши сабабли мингта музлик эриб кетган ва бу жараён сўнгги йилларда тез суръатда давом этаяпти.

Бундай ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Фанлар академияси шу соҳага оид тизимларда Музликларни ўрганиш марказини таъсис этиб, музликлар ва мамлакат бошқа сув манбаларининг доимий мониторингини жиддий йўлга қўйсин.

Шу билан бирга, Академиянинг илмий муассасалари биологик хилма-хиллик, табиий ва ерости бойликлари, геологик қидирув, археологик ишлар ва тожик миллати тариху маданиятини ўрганишга доир тадқиқотни давом эттиришлари зарур.

Илм ва технология космик тезликда ривожланаётган бугунги шароитда мамлакат олимлари юртимиз илмий рақобат қобилиятини юксалтириш йўлида тадқиқот ва технологик ишларни кенгайтиришлари зарурдир.

Маданият глобализацияси тамойили ХХI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб, бу борада инсон ижтимоий, маданий фаолияти, маънавияти, тожик миллати мустақиллик даврида янги жамият бунёд этишнинг катта вазифалари зиммаларига юкланган насллар тарбияси ва шаклланиши даражаси-ю сифатига нисбатан талабот борган сайин ошмоқда.

Бу муҳим босқичда маданиятнинг мақсад ва вазифалари кўпроқ маънавиятни шакллантириш масалалари, тожик халқининг ўтмишдаги ва замонавий тариху маданиятини чуқур ўрганиш, миллий ифтихор ва ватанпарварлигу ватансеварлик туйғуларини юксалтириш, чунончи, халқ, хусусан, ўсмирлару ёшлар тафаккурида миллий қадриятлар ҳамда давлат рамзларига эҳтиром туйғуларини оширишга йўналтирилади.

Мамлакат Ҳукумати томонидан сўнгги ўн йилда Миллий кутубхона, Миллий музей бунёд этилиб, мамлакатда аксар касбий театрлар ва маданият муассасалари бинолари, жумладан, Душанбе шаҳрида иккита академик театр асосий таъмирдан чиқарилиб, мамлакатнинг турли шаҳру ноҳияларида 20дан зиёд замонавий ва жиҳозланган театрлар, маданият саройлари-ю марказлари қурилди ва фойдаланишга топширилди.

Маданият соҳаси кадрларини тайёрлаш учун иккита олий касбий таълим муассасаси - Миллий консерватория ва Давлат тасвирий санъат ва дизайн институти таъсис этилиб, Мирзо Турсунзода номидаги Давлат маданият ва санъат институти тўлиқ асосий таъмирдан чиқарилди ҳамда илк бор 120 нафардан иборат давлат симфоник оркестри ташкил этилди.

Шу билан бирга, мамлакат ташқарисида маданият соҳасининг юзлаб нафар мутахассислари тарбияланиб, уларнинг бир қисми, аллақачон, касбий театрлар ва маданият муассасаларида фаолият юритишяпти.

Шунга қарамасдан, ҳали ҳам маданият соҳасида юқори малакали кадрлар етишмаслиги кўзга ташланади.

Шу сабабли, Маданият вазирлиги "2018-2022 йиллар учун маданият, санъат ва нашриёт соҳаси мутахассисларини тайёрлаш давлат дастури" татбиқи доирасида мавжуд мушкулликларни бартараф этишга вазифадордир.

Шунингдек, санъату ҳунар таълим муассасалари, музейлару кутубхоналар, театрлар ва маданият марказлари фаолиятини яхшилашимиз, жамоатчиликни бу муассасаларга кўпроқ жалб этишимиз ва шу йўл билан жамият аҳли, хусусан, ўсмирлару ёшлар, яъни миллатнинг келажагини яратувчи ва миллий маданиятни ривожлантирувчи авлод маърифату маънавият даражасини юксалтиришга жиддий туртки беришимиз зарур.

Ҳурматли вакиллар!

Мамлакат Ҳукумати халқ саломатлиги давлатни ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан бири эканлигини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ масалалар ҳал этилишига биринчи даражали эътибор беради.

26 йил давомида мамлакатда аҳоли ва ижтимоий соҳаларни саломатликни ҳимоялашнинг асосий омилларидан бўлган тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш учун давлат ва ташқи ёрдамларнинг қарийб 1 миллиард сомоний маблағига сармоявий лойиҳалар амалга оширилиб, бу йўналишда яна 1,2 миллиард сомонийлик лойиҳалар татбиқи давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш соҳасида ислоҳот бир маромда давом этаётган бўлиб, маблағ ўтказиш мунтазам ошириб борилиши натижасида сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш соҳасининг замонавий тиббий ускуналарга эга бўлган юзлаб янги муассасалари фойдаланишга топширилди ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифати яхшиланмоқда.

Олға силжишларга қарамасдан, ҳали ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида ўз вақтида тузатишни талаб қилувчи бир қатор мушкулликлар мавжудлигини қайд қилиш жоиз.

Тожикистонимиз бебаҳо табиий неъматлар - даволовчи сувлар ва шифобахш гиёҳларга эга бўлиб, мамлакатимиз муҳити ва табиати дорисозлик соҳасини ривожлантириш ҳамда шифобахш сувлар мавзесида истироҳат масканлари бунёд этиш учун жуда қулайдир.

Бироқ бу имкониятлардан фойдаланиш ва табобату соғломлаштиришнинг замонавий инфратузилмаларини ташкил этиш ҳалигача қониқарли эмас.

Ўтган йилги Паёмда дори-дармон воситалари сифатининг пастлиги ва дорисозлик саноатининг ривожланмаётгани борасида ташвиш билдиргандим.

Бироқ бу йўналишда вазият ҳалигача яхшиланмаган.

Ҳозир мамлакатда соҳанинг 32та кичик корхонаси фаолият юритяпти, бироқ улар ҳаммаси бўлиб 240 хил дори-дармон ва тиббий маҳсулот ишлаб чиқаради.

Яъни дори-дармон воситалари етишмаслиги, улар аксарининг сифати паст эканлиги ва мамлакатда дорисозлик саноати ривожланмагани ташвишланарли масалалардан бирига айланган.

Гап шундаки, мамлакатимизда 3500 хилдан зиёд шифобахш гиёҳлар ва даволовчи юзлаб иссиқ сув манбалари мавжуд.

Вужудга келган вазиятни бартараф этиш мақсадида 2018 йилдан дорисозлик корхоналари учун энг янги технологиялар ва ташхису табобатнинг ҳозирги замон ускуналари келтирилиши қўшимча қийматдан солиқ ва божхона тўловидан озод этилишини таклиф қиламан.

Биз ногиронларни соғломлаштириш жараёни, аҳолининг заиф қатлами, жумладан, етим ва қаровчисиз қолган болалар, камтаъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланишларига ўзига хос эътибор бериб, бу йўналишда ўз вақтидаги тадбирларни амалга оширмоқдамиз.

Масалан, етимлар, ногиронлар ва қариялар интернат-уйларига маблағ ўтказиш уларнинг ҳар бирига бир йилда 21 минг сомоний ва болалар уйига ҳар бир болага йилига 15 минг сомонийдан тўғри келади. Бу эса, 2010 йилга нисбатан мутаносибан тўрт ва икки бараварга кўпайган.

Мамлакат маориф тизими мактаб-интернатлари учун эса, ҳар бир ўқувчига бир йилда давлат бюджетидан ўртача ҳисобда 7500 сомоний маблағ сарфланади. Унинг ўсиши охирги етти йилда уч бараварни ташкил этган.

Бироқ ижтимоий ҳимоялаш соҳаси кадрларини тайёрлаш, ижтимоий ишнинг инновацион шаклларини жорий этиш ва ногиронлар учун қулай муҳитни таъминлаш масалалари яхшилашни тақозо этмоқда.

Шу сабабли, Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, Меҳнат, муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш, Маориф ва илм вазирликларига мавжуд мушкулликларни ҳал этишга доир зарур чораларни қабул қилиб, мавжуд камчиликларни тузатиш топшириғи берилади.

Мамлакат Ҳукумати аҳоли бандлиги ва янги иш жойлари таъсис этиш масаласига алоҳида диққат қаратиб, бу йўналишда бир нечта давлат дастурларини амалга ошираяпти.

2017 йили 135 минг доимий, вақтинча ва мавсумий иш жойлари ташкил этилган бўлиб, бу миқдор мамлакатда иш жойлари етишмаслиги муаммосини ҳал эта олмайди.

Шу сабабли, биз юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорликда ҳамда ички ва ташқи, жумладан, тўғридан-тўғри сармояларни имкон қадар кўпроқ жалб этиш воситасида кичигу ўрта корхоналар қурилиши ва мамлакатда янги иш жойлари яратиш омили бўлган янги ерларни ўзлаштиришни жиддий йўлга қўйишимиз керак.

Шу билан боғлиқ ҳолда, Ҳукумат ўрта ва кичик корхоналар таъсис этиш йўлида кечиктирилмас тадбирлар қабул қилиш ҳамда 2018 йил давомида, хусусан, аёллар ва ёшлар учун 110 мингта доимий иш жойлари яратишга вазифадордир.

Шу билан бир вақтда, Меҳнат, муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш, Саноат ва янги технологиялар, Маориф ва илм вазирликлари, Ёшлар ва спорт, Хотин-қизлар ва оила, Сайёҳликни ривожлантириш комитетлари, давлат ҳокимияти вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар ижроия органлари мамлакат ҳар бир оиласи аъзолари иш билан машғуллиги масаласини таҳлил қилиб, уларни қишлоқ хўжалиги, уй ишлари, косиблик, халқ ҳунарлари, чунончи, мавсумий ва хизмат кўрсатиш ишларига жалб этилишларини таъминлашлари зарур.

Шунинг бараварида, катта ёшлиларнинг касб ўрганишларини йўлга қўйиб, умумий, бошланғич, ўрта ва олий касбий таълим муассасалари замирида касб ўрганиш марказлари ташкил қилинсин.

Ёшларнинг бунёдкорлик ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатда 2017 йилни Ёшлар йили, деб эълон қилдик.

Бу ташаббус давлатнинг ёшларни қўллаб-қувватлашга доир сиёсати татбиқ этилишида сезиларли рол ўйнади.

Мазкур ташаббус, шунингдек, ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, давлат хавфсизлигини ҳимоялаш, ёшларнинг миллий ифтихор ва ўзликни англаш масалаларига оид тафаккури шаклланишига жиддий туртки бағишлади.

Ор-номусли ва иродали ёшларимиз яратувчан куч сифатида давлат ва жамиятнинг муҳим маъракаларида фаол иштирок этишиб, ободончилик ва бунёдкорлик ишларига муносиб ҳиссаларини қўшаётганликлари қаноатмандлигимиз боисидир.

Бу жараёнда бундан кейин ёшларимиз мамлакатда яратувчанлик амалларининг ташаббусчилари бўлишлари, ўзларининг илмий ва ижодий ютуқларини ўз вақтида кўрсатишлари, номатлуб ҳодисаларга қарши кураш олиб боришлари, сиёсий зийракликни қўлдан бермасдан, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоялашга тайёр бўлишлари, халқимизнинг тариху маданиятига эҳтиром кўрсатишлари ва севимли Ватанимизнинг келгусидаги ободлиги-ю тараққиёти йўлида саъй-ҳаракат қилишлари зарурдир.

Ҳукуматнинг ёшларга нисбатан ғамхўрлиги фақат Ёшлар йили билангина чегараланмайди. Аксинча, ўсмирлар ва ёшлар билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бундан кейин ҳам энг муҳим фаолиятимиз бўлиб қолади.

Биз спортни оммавийлаштириш, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиш ва мамлакатда спортнинг узлуксиз тараққиётига кўпроқ эътибор беришимиз керак.

Спорт тинчлик элчиси сифатида давлату миллатни халқаро майдонда танитишнинг энг яхши воситаси саналади. Бу йил тожик спортчилари бир қатор минтақавий ва халқаро мусобақаларда иштирок этиб, азиз Ватанимизнинг шаъну шарафини баланд кўтаришди. Уларнинг бу ютуқлари Ёшлар йилига муносиб совғадир.

Гарчанд мамлакат шаҳру ноҳияларида 2011 йилдан 2016 йилгача спорт соҳасининг 1400дан зиёд янги иншоотлари бунёд этилиб, қарийб 1100 иншоот таъмирлангани ва қайта тикланганига қарамасдан, бироқ биз келажакда ҳам спорт майдонлари, иншооту заллари бунёди ва спорт соҳаси инфратузилмалари келгусидаги тараққиётига жиддий диққат беришимиз керак.

Жорий йилда фақат Душанбе шаҳрида спортнинг 75та катта-ю кичик майдон ва марказлари бунёд этилиб, гулзорлар, фароғату истироҳат боғларнинг аксариятида машқу машғулотлар учун алоҳида жойлар қурилди. Буларнинг барчаси ўсмирлару ёшлар орасида спортни оммавийлаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга ҳисса қўшади.

Шунга қўшимча тарзда, Душанбе шаҳри раҳбарияти 2018 йили мамлакат пойтахтида ўсмирлар ва ёшлар учун яна 90та спорт майдонлари-ю, янги боғлар қуриб, мустақиллик байрамигача фойдаланишга топширишни режалаштирган.

Ушбу ташаббус доирасида Тоғли Бадахшон мухтор вилояти, Суғду Хатлон вилоятлари раҳбарлари ва республика бўйсунишидаги ноҳиялар раисларига чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳолда, мустақилликнинг 30 йиллиги байрамигача спортни оммавийлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва спортни ривожлантириш йўлида барча имкониятларни сафарбар этиш топшириғи берилади.

Вилоятлар марказлари, шаҳарча-ю қишлоқлар, аҳоли яшаш нуқталари ва қишлоқларда тадбиркорлару тижоратчилар ва бошқа саховатли шахслар билан биргаликда боғу чаманзорлар, истироҳату фароғат марказлари, спорт майдонлари-ю заллари  бунёди ва бошқа ободончилик ишлари ҳамжиҳатликда давом эттирилсин.

Ҳурматли иштирокчилар!

Мамлакатимиз ҳуқуқбунёд жамият қуриш йўлини танлаган бўлиб, унинг асосий ғояларидан бири қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва озодликларини ҳимоялашдан иборатдир.

Мазкур принцип барча соҳаларда жамият муносабатлари ахлоқ, адолат ва инсонпарварлик меъёрларига жавоб берувчи қонунлар воситасида тартибга солинишини тақозо этади.

Бу йўналишда муҳим ташаббуслардан бири Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонуни билан биргаликда олтита қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишу қўшимчалар киритилиши ҳисобланиб, мамлакат аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланди.

Жамиятда ҳуқуқий муҳитни яратиш ҳуқуқбунёд давлатнинг биринчи даражали вазифаси ҳисобланиши шубҳасиздир.

Бу мақсадни амалга ошириш учун, энг аввало, хавфсизлик ҳимояси ва ҳуқуқий тартибот зарурдир. Зеро, хавфсизлик ва барқарорлик давлат тараққиётининг асосий пойдевори ҳисобланади.

Ҳозир жаҳон ҳамжамиятида хавфсизликни таъминлаш куннинг муҳим масалалари қаторида тургани шу сабаблидир.

Ўтаётган йилда биз Осиё, Африка ва Европа-ю Америкада мудҳиш террорчилик амаллари содир этилишининг гувоҳи бўлдик. Дунёнинг у ёки бу минтақаси аҳолиси террорчилар жиноятларининг қурбони бўлмаган кун қарийбки, йўқ.

Шундай вазиятга қарамасдан, халқаро майдонда ҳалигача "терроризм" ва "террорчи" тушунчаларининг ягона таърифи мавжуд бўлмай, бу ҳолат икки томонлама меъёрлардан фойдаланиш, икки хил маъно ва тушунмовчиликлар келиб чиқишига ҳисса қўшмоқда.

Биз терроризм ва террорчини ўзингники ва бегона, ашаддий ва ислоҳотчи ё яхши-ю ёмонга ажратиб бўлмаслигини ҳамиша эсда тутишимиз керак. Аксинча, неча марта таъкидлаб ўтганимдек, террорчининг Ватани, дини, мазҳаби ва миллати йўқ.

Терроризм ҳодисасининг ер курраси барқарорлиги ва хавфсизлигига хавфу хатари бениҳоят каттадир.

Ҳозирги замон таҳдидлари, Ўрта Шарқда, хусусан, қўшни Афғонистондаги вазият бизни хавфсизликни таъминлаш масаласига биринчи даражали диққат беришга вазифадор этади.

Хусусан, бу мамлакат ҳудудида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг баъзи фуқаролари ҳам аъзо бўлган "Ислом давлати" террорчиларнинг пайдо бўлиши қўшни давлатлар ташвишига сабаб бўлаётир.

Афғонистон билан энг узун чегарага эга бўлган Тожикистон бу масалага бефарқ тура олмайди.

Афғонистон билан чегаранинг бугунги ҳолати ҳам бизни бу масалага кўпроқ эътибор қаратишга вазифадор қилади.

Афғонистон вазияти билан боғлиқ бўлган бошқа муаммолардан бири наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласидир.

Наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласи халқаро терроризмни молиялаштириш ва дунёдаги нотинчликларнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланиши барчага маълум.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий маълумотига биноан, жорий йилда бу экинлар майдони 63 фоизга кўпайтирилиб, 328 минг гектарга етган ҳамда наркотик моддалар ишлаб чиқарилиши афюн кўринишида тўққиз минг тоннани ташкил қилиши ва бу маҳсулотнинг аниқ бир қисми мамлакатимиз орқали олиб ўтилишига ҳаракат қилиниши назарда тутилган.

1994 йилдан буён ҳуқуқни ҳимоялаш органлари ва мамлакат қудратли тузилмалари томонидан 121 тоннадан зиёд наркотик моддалар, жумладан, 34 тоннадан зиёд героин мусодара этилганки, бу миқдор қарийб 53 миллион кишини гиёҳвандлик балосига гирифтор этиши ва шунча оилани бахтсиз қилиши мумкин эди.

Шунга қарамасдан, Наркотикларни назорат қилиш агентлиги ва бошқа тузилмалару органлар томонидан наркотик моддаларга қарши кураш янада кучайтирилиб, бу йўналишда қўшимча тадбирлар қабул қилиниши зарурдир.

Бугун дунёдаги мушкул ва мураккаб вазиятда Қуролли кучлар ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни ҳимоялаш органлари ходимлари мустақил давлатимиз чегарасини ҳимоялаш, сиёсий барқарорлик ва қонунчилигу ҳуқуқий тартиботни сақлаш учун доим тайёр туришга вазифадордирлар.

Биз халқимизнинг жасуру қўрқмас фарзандлари - севимли Ватанимиз ҳимоячиларига ишонамиз ва улар билан фахрланамиз.

Шунингдек, мамлакат Ҳукуматига дунёнинг бугунги вазиятини ҳисобга олган ҳолда, ҳарбийлар яшашлари ва ишлашлари учун қулай шароит яратиш, Чегара қўшинлари моддий-техник асосларини мустаҳкамлаш, чегарани ҳимоялашнинг замонавий инфратузилмасини бунёд этиш, зикр этилган тузилмалару органларни юқори малакали ҳарбий кадрлар билан таъминлаш йўлида зарур  чоралар кўриш борасида топшириқ берилади.

Биз давлат тузилма-ю органлари ва жамият аҳли диққатини коррупцияга қарши курашни кучайтиришга мунтазам жалб этамиз. Зеро, Ҳукуматнинг бу йўналишда ўтказилаётган тадбирларига қарамасдан, ҳалигача мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва ваколат чегарасидан чиқиш, порахўрлик, мол-мулкни ўзлаштириб олиш ва бошқа коррупцион амаллар кам эмас.

2017 йили баъзи давлат хизматчилари, ҳуқуқни ҳимоялаш органлари ва қудратли тузилмалар ходимлари томонидан коррупцион хусусиятга эга бўлган жиноятлар содир этилиши 2016 йилга нисбатан кўпайган.

Жумладан, Маориф ва илм, Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, Меҳнат, муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш вазирликлари, Ер бошқаруви ва геодезия давлат комитети, Солиқ, Ёшлар ва спорт комитетлари, суд ва банклар ходимлари томонидан бундай жиноятлар содир этилиши кўпроқ қайдга олинган.

Давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органларида ҳам коррупцион жиноятлар содир этилиши кўпайиш тенденциясига эга бўлиб, 2016 йилга нисбатан 25 фоизга ошган.

Шу сабабдан, вазирликлару идоралар, хусусан, ҳуқуқни ҳимоялаш органлари, давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари ва шаҳарча-ю қишлоқлар ўз-ўзини бошқариш органлари раҳбарлари кадрларни танлаш ва жойлаштиришни фақат конкурс асосида йўлга қўйиб, органлар сафини тасодифий шахслардан тозалаш, давлат хизматчисининг Одоб кодексига қатъий риоя этилиши ва ички назоратнинг таъсирли усулларини татбиқ этиш учун чора излашлари зарур.

Ердан фойдаланиш соҳасида коррупцион омиллар олдини олиш доимий диққатимиз марказида туриши зарур бўлган бошқа жиддий масалалардан бири ҳисобланади.

Аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида мустақиллик даврида 130 минг гектар, жумладан, 27 минг гектар суғориладиган экин ерлари фуқароларга ҳовлиолди участкаси сифатида берилди.

Лекин ҳали ҳам ерларнинг ноқонуний тақсимланиши, олди-сотдиси ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатлари орадан кўтарилмаган.

Фақат охирги 10 йилда ер билан боғлиқ қарийб 1300та коррупцион хусусиятга эга жиноят содир этилган.

Шунинг учун, Бош прокуратура, Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлиги, Ер бошқаруви ва геодезия давлат комитетига давлатнинг бошқа органлари билан ҳамкорликда ер билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, хусусан, коррупцион жиноятларни ўз вақтида ошкор этиш ва олдини олиш йўлида қатъий тадбирлар қабул қилиш борасида топшириқ берилади.

Ҳурматли Миллий мажлис аъзолари ва Намояндалар мажлиси вакиллари!

Азиз ватандошлар!

Мустақил Тожикистон бугун маърифатли ва маданиятпарвар халқининг заҳмати шарофати билан тараққиётнинг янги босқичига ўтди.

Тинчлигу осойишталик, сиёсий барқарорлик ва шарафли тожик халқининг миллий бирлиги-ю жипслиги миллий иқтисодиётимиз тараққиёти ўзанини бутунлай ўзгартиришимиз, давлат янги дастурларини қабул қилишимиз, асосини ижтимоий адолат принципи ташкил қилувчи давлатчилигимиз тузумини мустаҳкамлашимиз, ишлаб чиқаришнинг янги иқтидорларини ишга солишимиз, мамлакат аҳолисини йилнинг барча фаслларида электр энергияси билан таъминлашимиз ва мамлакат ҳаётан муҳим соҳаларининг келгусидаги тараққиёти учун шароит ва қулай замин яратишимизга имкон берди.

Бу ютуқларга мамлакат ҳар бир фуқароси, жумладан, деҳқонлару ишчилар, мутахассислару муҳандислар, ўқитувчилару зиёлилар, фуқаролик жамияти ва давлат барча тузилмалари раҳбарлари-ю масъулларининг саъй-ҳаракати билан эришилган бўлиб, бу муқаддас ва севимли Тожикистонимизнинг барча фуқаролари мустаҳкам ирода, заҳматкаш ва юксак ватанпарварлик туйғусига эга эканликларидан яна бир бор дарак беради.

Бироқ барча ютуқлару олға силжишларга қарамасдан, сизу бизнинг олдимизда ҳалигача ҳалталаб мушкулликлар ва масалалар кўплигини алоҳида таъкидлашни истайман.

Халқ вакиллари, Ҳукумат аъзолари, барча ташкилотлар, идоралару муассасалар, вилоятлар ва шаҳру ноҳиялар раҳбарлари, давлатнинг барча хизматчилари, ёшлару аёллар, зиё аҳли ва умуман, мамлакатнинг катта-ю кичигининг вазифаси бундан кейин ҳам ўзларининг саъй-ҳаракатини, биринчи навбатда, азиз мамлакатимизда тинчлигу осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллий бирликни ҳимоялаш йўлига сафарбар этишдан иборатдир. 

Яъни биз янада кўпроқ заҳмат чекиб, миллий стратегик мақсадларимиз - энергетик мустақилликни таъминлаш ва электр энергиясидан самарали фойдаланиш, Тожикистонни коммуникацион боши берк кўчадан чиқариш ва транзит мамлакатга айлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини ҳимоялаш ва мамлакат аҳолисининг яхши сифатли маҳсулотлардан фойдаланишларини осонлаштиришга эришиш, диёримизни энг узоқ минтақаларигача ободу гўзал қилиш, янги корхона ва цехлар бунёд этиш, мамлакат аҳолиси учун иш жойлари яратиш ва халқимиз ҳаёт даражаси-ю сифатини бугунги кундан кўра юксалтиришга вазифадормиз.

Зеро, Тожикистоннинг шарафли халқи муносиб турмуш шароитида яшашга маънавий ҳуқуқи бор.

Фақат сабру бардош, мустаҳкам ирода, бирлигу ҳамжиҳатлик, аҳил саъй-ҳаракат, содиқлик ва софдиллик билан заҳмат чекиш, юксак масъулият ва яратувчан ташаббуслар билан олдимизда турган мақсадларга эришишимиз ҳамда қабул қилган режа-ю дастурларимизни амалга оширишимиз мумкин.

Бир неча кун илгари Тожикистон Республикаси Президентининг Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги байрамини нишонлашга доир фармони имзоланиб, Ҳукуматга чора-тадбирлар қарор ва режаларини ушбу бахтиёрлик санасига боғлиқ ҳолда тайёрлаш борасида кўрсатма бердим.

Шу билан боғлиқ ҳолда, Ҳукумат ва давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органларига Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва чора-тадбирлар режасига масъулият ва ватанпарварлик юксак туйғуси билан муносабатда бўлиб, маориф, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа ижтимоий муассасалар, йўллар, корхона-ю ишлаб чиқариш цехлари бунёд этилиши масаласи, хусусан, яшаш жойлари, хиёбонлар, гулзорлару майдонларни ободу кўркамлаштириш ва бошқа яратувчанлик ишларига биринчи даражали эътибор қаратиш топшириғи берилади.

Шунингдек, истиқлолият ва озодлик, ватану давлатдорлик ва миллий эзгу қадриятлар моҳиятини кенг тарғиб этиш учун мамлакат барча зиёлилари, олимлару донишмандлар, ёшлару аёллар, илмий ва маданий муассасалар раҳбарлари, жумладан, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Телевидение ва радио комитети ҳам ҳисса қўшиб, бу миллий муқаддас қадриятларни кенг тарзда инъикос этишсин, мамлакатнинг ҳар бир аҳолиси, хусусан, ўсмирлару ёшлар тафаккурига мустақиллик ва озодликнинг мазмун-моҳиятини имкон қадар кўпроқ жойлаштирсинлар.

Мен азиз халқимнинг бунёдкорлик қудратига ишонаман ва биз аҳилликдаги заҳмату фаолиятимиз билан яқин келажакда жамият ва давлатимиз ҳаётида мавжуд бўлган мушкулликларни бартараф этишимиз ҳамда халқимиз учун ҳаётнинг янада яхши ва муносиб шароитини яратишимизни комил ишонч билан айта оламан.

Сизнинг ҳар бирингиз - халқ вакиллари, ҳурматли иштирокчилар ва Тожикистоннинг бутун шарафли халқига саломатлик, бахту саодат, обод хонадон ва ишингизга муваффақиятлар тилайман!

Ҳамиша саодатли ва саломат бўлинг, азиз ватандошлар!

 "Ховар" ТМАА.

Украинанинг келажаги кандай?

КАЛЕНДАР

« Апрел 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
            1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30            

МАҚОЛАЛАР

СУПУРГИ ЕТИШТИРИШ ОСОНМИ?

 

Ёки бир экиндан икки ҳосил олиш тўғрисида

Деҳқончилик борасида гап кетганда, супурги етиштирувчиларнинг меҳнати, дарҳақиқат, машаққатли эканлигини таъкидлаш ўринли бўлади. Супурги етиштириш, унинг нозикликлари ва машаққатлари хусусида, нафақат, Хатлон вилояти, балки мамлакатимиз пойтахти бозорларини ҳам хушбичим, чиройли ва бежирим боғланган супургилар билан таъминлаб келаётган Хуросон ноҳиясининг Уяли қишлоқ жамоатидаги Қайтмас қишлоғида яшовчи Султонали ака Тўхтаев

Муфассал...

Денгиз бўйида ўтирсанг ҳам…

 

Улуғ Ватан уруши ветеранининг «Барқи Тожик» очиқ ҳиссадорлик холдинг компаниясининг мурожаатномасидан кейинги фикрлари  

Тақдир экан, Улуғ Ватан урушида иштирок этиб, Ватанга соғ-омон қайтганларданман. Фашистлар босқинчиларига қарши курашни Украинадан бошлаб, Прага, Чехословакияда давом эттирдим. Берлин остонасида Буюк Ғалаба нашидасини сурган инсонман.

Ўшанда биз истиқомат қилаётган ҳозирги Рўдакий ноҳиясининг Россия қишлоқ жамоатидан жўда кўплаб йигитлар фронтга бориб, ғалаба билан

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
606
Мақолаларни кӯрганлар сони
188295

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1249851
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
334
496
4913
1234812
22765
66366
1249851

Сизнинг IPнгиз: 54.156.37.174
Бугун: 22-04-2018 15:33:32

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015