Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МАОРИФ

Муаллиф: Super user Категория: МАОРИФ
Чоп этилган 14 Сентябр 2019 Кӯришлар: 80
Печат

 

ёхуд «Муносабат»нинг ҳам озгина мантиққа мос келгани яхши

kuz 2019Кечагидек эсимда. Болалигимизда бошланғич синфда сабоқ берадиган ўқитувчимиз Янги йил байрами арафасида қайсидир болалар шоирининг: - Яна қиш, яна январ, яна келди Янги йил,- деб бошланувчи шеърини онгимизга қўрғошиндек қуйиб, хор билан айттирарди.

Шу хотирадан таъсирланиб, мен ҳам мақолага "Яна куз, яна сентябр, яна келди Билимлар байрами" деб, сарлавҳа қўйишга қарор қилдим. Бироқ хор билан

айттириш фикридан йироқман.

Дарҳақиқат, болажонлар қалбига олам-олам қувонч бағишлаб, янги ўқув йили бошланди. Кимдир соғиниб, синфдошлари дийдорига ошиқса, бошқаси ҳаяжонлар уммонига ғарқ бўлиб, биринчи синф остонасига қадам қўйди.

Хуллас, таълим муассасаларида билим бериш, тарбиялаш жараёни старт олди…

Маориф ва илм вазирлиги мутасаддиларининг айтишларича, соҳада "оламшумул" ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Айниқса, вақт бюджетидан фойдаланиш бобида. Ўтган 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, ўқув йили 1 сентябрдан 14 июнгача давом этадиган бўлди. Бу 34 ҳафта ёки 204 кун дегани.

Тожикистон Республикаси Маориф ва илм вазирлигининг яқинда, аниқроғи, июн ойининг охирларида эълон қилган "Ўқув йили давомийлигининг узайиши, "Камолот қўнғироғи", "Хайр боғча" ва "Хайр Алифбе" тадбирларининг тақиқланишига муносабати" материалида бу жараён мамлакат Ҳукумати ва вазирликларнинг бир қатор қарор ҳамда фармойишлари асосида ҳаётга татбиқ этилаётгани айтилади.

Бу томонга заррача эътирозимиз йўқ. Давлатнинг маориф соҳасида юритаётган сиёсати…

Аммо… Маориф ва илм вазирлиги "Турли касб эгалари, ўқитувчи, ота-оналар, ўқувчи-ю талаба, оммавий ахборот воситалари, умуман, фуқаролик жамиятидан вазирликнинг бу қарори юзасидан ёлғон ҳангома чиқармасликларини сўрайди".

Лекин биз ҳангоматалаб эмасмиз, ҳақиқатни айтадиган бўлсак:

-Бўйнида иллати борнинг тиззаси қалтирайди,- деганлари шумикин!?.

Қизиғи шундаки, соҳа мутасаддилари ана шу "ёлғон ҳангомалар"дан халос бўлиш учун ишни ўқитувчини камситишдан бошлашади: "…Фақат уқувсиз ўқитувчилар агар синф журналида байрам кунларини қайд қилишган бўлса, бундай хатоликка дуч келиб, ўқув материаллари етишмай қолган бўлиши мумкин…"

Важ-карсонни қаранг. Мантиқ қани!?. Наҳотки, беш йил ўқиган, олий маълумотли ўқитувчи байрам кунини журналга қайд этса?!. Ақлга сиғмайди.

Бизнинг фикримизча, ҳар бир кадр хоҳ уқувли, хоҳ уқувсиз бўлсин, у ёки бу соҳанинг олтин фонди ҳисобланади. Ёхуд Маориф ва илм вазирлигида мутахассис кадрлар тўлиб-тошиб ётибдими!?. Олтин фондга эҳтиёж йўқми?!. Бўлмаса, ўқитувчини қоралашдан мақсад нима!?.

Қолаверса, ўша "уқувсиз ўқитувчи"ни ким тайёрлаган?.. Техника олийгоҳими ёки Аграр университети!!!

Ё Маориф ва илм вазирлигининг педагогика дорилфунуними?

"Муносабат"да Тожикистонда ўқув йилининг 204 кун қилиб белгилангани ва бу "… ўқувчи, ота-она, ўқитувчи ва умуман, жамият манфаатига хизмат қилади…" дея таъкидланади.

Шуниси диққатга сазоворки, ўқув йилининг икки ҳафтага узайтирилиши, "…ўқувчиларга таълим муассасасини битиргандан сўнг, хориж мамлакатлари олийгоҳларига кириш учун бир йиллик тайёрлов курслари(подкурс)да ўқимаслик имконини беради".

Во ажаб!!! Таълим соҳасининг қайси "даҳоси" ўн тўрт кунда тайёрлов курси берадиган бир йиллик билимни ўқувчи онгига жойлай олади!?. Мўъжиза-ку - бу.

Ривожланган давлатларда ўқув йилини имкон қадар қисқартириш ҳисобига сифатли ва самарали, яъни жаҳон стандартлари даражасидаги билим бериш йўллари изланади. Бизда эса, аксинча…

Масалан, Америка Қўшма Штатлари ва Хитойда ўқув йилининг вақт бюджети 180, Францияда 170 кунга тенг.

Нима?!. Уларда ўқувчиларга бизга нисбатан 24 ёки 34 кун кам бериладиган билим жаҳон стандартларига жавоб бермайди, деб ўйлайсизми!?. Барча битирувчилар чет эл олийгоҳларига кириш учун албатта, тайёрлов курсларида таълим олишадими?..

Ҳайрат ёқасини тутиб, тош қотасиз. Ҳам куядиган, ҳам куладиган ҳолатлар.

Умумий таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида ўтказган сўровларимиз натижаси шуни кўрсатдики, ўн нафар муаллимдан саккиз нафари ўқув йили муддатининг узайтирилишини ёқламади, икки нафари бетараф. Менга фарқи йўқ, жавобини берди.

Ҳужжатда ота-оналарга меҳрибонларча "ғамхўрлик" қилинган нуқталар ҳам учрайди: "… тадбиркорлар бу кунларда байрамлардаги сингари маҳсулотлари нархини бир неча бараварга оширишарди ҳамда мажбурлигидан фарзанди учун "Камолот қўнғироғи" тадбирига нарса олаётган оналарнинг кўз ёшини "тушунмай", хурсандчилик қилишарди."

Наҳотки, Маориф ва илм вазирлиги мутасаддилари фақат "Камолот қўнғироғи" кунлари бозор айланишган бўлса!..

Йилнинг хоҳлаган кунида бозорга чиқинг, дарсликлар, ўқув қуроллари ва бошқа предметларга қўйилган "чақиб олувчи" нархларни кўриб, "оғзингиз очилиб" қолади.

Нарх-наво еттинчи осмонда - отасининг нархи… Рус тилида таълим оладиган биринчи синфларга мўлжалланган битта дарслик 65-70, оддий сумка 75 сомоний. Ўн икки варақли дафтар 60 дирам…

Кундалик дафтари эса, бир йил олдин ўқувчи зиммасига юклатилиб, сотиб (6 сомоний) қўйилган.

Баъзи оилаларнинг тўрт-беш нафар фарзанди ўқувчи. Бу ёғининг ҳисобини топинг-у олинг.

Ота-оналарни йил бўйи қийнайдиган бундай ҳолатлар ҳеч кимни қизиқтирмайди. Кўриб, кўрмасликка олинади…

Маориф соҳасида қанча ислоҳотлар ўтказилмасин, замонавий таълим бинолари қурилиб, ўқитишнинг энг янги илғор усуллари таълим жараёнига татбиқ этилмасин, бир нарса - таълим- тарбия механизмини ҳаракатга келтирувчи асосий куч - ўқитувчи сиймосига эътибор ўзгармас экан, соҳада олға силжишлар бўлмайди ёхуд жуда қийин кечади.

Биринчи навбатда, ўқитувчининг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси жиддий кўриб чиқилиши керак.

Иккинчидан, муаллим турли шанбаликларда кўча супурувчилик, мажлисларда зал тўлдирувчи ва бошқа жамоатчилик "вазифалари"дан тўлиқ озод этилиб, ўз бурчидаги иш жараёнига қайтарилиши шарт.

Унинг қимматли вақтини беҳуда "емирадиган" ҳужжат юритиш қоидаларини соддалаштириш лозим.

Бир сўз билан айтганда, ўқитувчининг ихтиёрини ўзига қайтариб бериб, иш талаб қилиш фурсати етди.

Қўйинг, ўқитувчи кўз очиб кўрган касби - ўқитувчилигини қилсин…

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ўзининг Олий Мажлисга йўллаган Паёмларида, соҳавий байрамлардаги чиқишларида, хусусан, 1 сентябр - Билимлар куни муносабати билан ирод қилган нутқида ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнатларининг қадрига етиш, қадр-қимматини жойига қўйиш ҳақида кўп марталаб жўяли кўрсатмалар беради. Миллат ҳақиқий ўқитувчилари билан чинакамига фахрланиши лозимлигини бот-бот таъкидлайди.

Зотан, ўқитувчи миллатнинг эртанги куни бунёдкорлари бўлган ёшларни порлоқ келажакнинг ойдин йўллари сари бошловчи йўлчи юлдуздир.

 

Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,

"Халқ овози"нинг

махсус мухбири.

КАЛЕНДАР

« Октябр 2019 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
  1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31      

МАҚОЛАЛАР

ТУБИ ЙЎҚ ЖАРЛИККА БОРМА, ҚУЛАЙСАН…

 

Баҳриддин Алиқулов, Панжакент ноҳияси, нафақадаги ўқитувчи:

- Жамиятда пайдо бўлаётган ҳар бир номақбул амал, маданиятимизга ёт бўлган одатлар олдини олиш ҳар бир кишининг вазифаси бўлмоғи лозим. Бу борада эса, оммавий ахборот воситалари вакиллари-журналистларнинг мажбурияти бир мунча кўпроқ эканлиги яққол кўзга ташланади, менимча.

Муфассал...

Меҳрибонлик уйларидан

 

ФАРЗАНД МЕҲРИ

Суғд вилояти Хўжанд шаҳридаги кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатиш минтақавий марказида 53 нафар қарияга доимий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шулардан 20 нафари эркак, 33 нафари аёл бўлиб,  уларга барча яшаш шароитлари яратилган.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
810
Мақолаларни кӯрганлар сони
512343

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

2356514
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1582
2104
3686
2334650
50351
62133
2356514

Сизнинг IPнгиз: 18.210.22.132
Бугун: 22-10-2019 14:51:33

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015