Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

ИҚТИСОД

Муаллиф: Super user Категория: ИҚТИСОД
Чоп этилган 19 Январ 2018 Кӯришлар: 556
Печат

 

sayyohlar 2018Саёҳат ва сайёҳлар,  дунёнинг кўп мамлакатларида бу соҳа ортидан топилаётган даромадлар, бу борада Тожикистонда мақтанишга арзигулик ишлар амалга оширилмагани тўғрисида нимадир ёзишни анчадан бери режалаштириб юргандим. Янги йилнинг биринчи кунларида ижтимоий тармоқларда чоп этилган бир хабар қароримни қатъийлаштирди.

Британиядаги  «British Backpacker Society» ташкилоти 2018 йилги

саёҳат учун энг яхши 20 мамлакат тўғрисидаги саволга жавоб излабди. Бу нуфузли ташкилотнинг тавсиясига кўра, 2018 йили  томоша қилишга арзигулик  энг яхши мамлакатлардан бири бизнинг Тожикистондир. «British Backpacker Society» ташкилоти тузган рўйхатда Тожикистон 20 мамлакат орасида еттинчи ўринни эгаллаган. Тожикистондан олдин фақат Покистон, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Қирғизистон ва Ливан турибди. Ҳатто, Хитой, Миср, Жазоир каби мамлакатлар ҳам  рўйхатда Тожикистондан кейинги жойларда.

Ўрни келганда,  инглизча «backpacker» сўзи маъносига юзлансак. «Backpacker» сафар халтасини  кўтариб, сайёҳлик ташкилотлари ёрдами ёки йўл-йўриқларига таянмасдан, дунё кезишни хуш кўрадиган жаҳонгаштадир. Бизда эса, саёҳатнинг, айни, шу турини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Мен Тожикистоннинг турли минтақаларида мустақил саёҳат қилиб юрган жуда кўп кишиларни кўрганман. Лекин бу ҳақда кейинроқ, батафсилроқ фикр юритаман. Ҳозирча эса:

Сафар халта кўтарган сайёҳлар

sayyohlar 2018 1Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари эди, адашмасам. Вилоят газетасида ишлардим. Хизмат вазифаси билан Панжакент шаҳрига бордим. Жойлашмоқчи бўлиб, саёҳатчилар учун мўлжалланган меҳмонхонага йўл олдим. Ходимлар афсус билан жой йўқлигини, устига-устак, хоналар олдиндан банд этиб қўйилганини айтишди. Мен бошқа манзил топиш учун меҳмонхонадан чиқар эканман, ҳовлида шошиб бораётган одамларни учратдим. Деярли ҳар бир меҳмон елкасига сафар халта боғичларини ўтказиб олган. Улардан кўпчилигининг кўриниши европалик, лекин японларни ҳам кўриш мумкин эди. Саёҳатчилар сафар учун қулай кийимлар кийишган, пойафзаллари ҳам тоғу тошда юришга мос эди. Беихтиёр айрим саёҳатчиларнинг суҳбатларини эшитдим.

- Саразмни кўрдингизми? Камида беш минг йиллик тарихи бор экан-а? Қадимий хумдонни қара. Панжакентликлар қадим замонларданоқ ҳунарманд бўлишган экан-да…

- Кетгунимча, Саразмга олимларнинг эътиборини қаратган отахонни кўриб кетмоқчиман. Оддий бир қария ўзи топиб олган буюмларнинг қадимийлигини, мамлакати тарихи учун хизмат қилишини билибди-я, - қирқ ёшдан ўтган киши рус тилини бузиброқ гапирарди. – Биласизми, агар Саразмда очиқ музей ташкил этилса, қанча пул ишлаш мумкин?

- Сиз, немислар ҳамма нарсани пулга чақасизлар-а? - кулди шериги.

- Ҳа, нима, бутун дунёда сайёҳлик энг катта даромад келтирадиган соҳалардан бири саналади. Нечта мамлакат фақат саёҳат ҳисобига бойлик орттиради.

 - Ҳа, майли, тортишмайлик, мен саёҳат қилишимни биламан, бўлди. Биз эртага шеригим билан Фондарё томонга борамиз. Бултур у ерда бўлган дўстим роса таърифлаганди. Табиатнинг бундай жозибали асарини камдан-кам кўрасан, деганди, оғзидан суви оқиб, - соф русча гапираётган киши бир зум жим қолди-да,  деди: - Истасангиз, биз билан юринг. Мен шеригим  билан, сиз шеригингиз билан тўртовлон сайр қиламиз. Искандаркўл томонга ўтамиз.

- Раҳмат. Лекин биз сафар харитасини, аллақачон, тузиб олганмиз. Эртага қадимий Панжакент шаҳри харобаларига борамиз. Индинга Еттикўл томон кетамиз. У ерда уч кун қоламиз. Кейинги ҳафта Фондарёга, Искандаркўлга боришни режалаштириб қўйганмиз, - деди германиялик саёҳатчи жилмайганча…

Мен Панжакентдаги бошқа, оддийроқ меҳмонхонадан зўрға жой топдим. Жойлашиб олгач, ҳалиги икки саёҳатчи суҳбатини эслаб, олдинги сафар Панжакентга келганимда танишганим Ашурбой ака Тойлоновни эсладим.

У маҳаллий олимлардан бирига олиб бориб берган бронза болға Саразмда қазиш-ўрганиш ишларини бошлаб юборганди. Қадимий Панжакентни ўрганаётган машҳур археолог олим Вадим Массон, дунёнинг тўрт томонидан келган саёҳатчилар, шаҳар музейида сақланаётган қадимий деворсуратлар, бу санъат асарларининг нобуд бўлишидан ташвишланиб, зарур ҳароратни сақлаш учун куйинаётган музей ходимлари кўз ўнгимдан ўтди.

Зарафшон водийсидаги қадимий ёдгорликлар билан бирга такрорланмас табиат манзараларини томоша қилиш учун олис-олислардан келаётган саёҳатчилар кўз олдимдан ўтар экан, уларнинг сони янада кўпайиши мумкинлигини, фақат бунинг учун қулай шароитлар яратиш зарурлигини ўйлардим.

… Орадан йиллар ўтди. Тожикистон мустақил бўлганидан кейин, ҳамма бойлик ўзимизда қоладиган бўлди. Лекин, минг афсус, қайси бир ғаламислар томонидан бошланган маънисиз уруш тараққиётни ортга суриб юборди. Жумладан, саёҳат-туризм тизими ҳам ишдан чиқди. Янги меҳмонхоналар қурилиши ўрнига, борлари ҳам қаровсиз аҳволга туша бошлади. Аста-аста хорижлик саёҳатчиларнинг қадамлари узила бошлади…

                            

«Помирда бўлмаслик алам қилади…»

2010 йилнинг ёзи. Мен ўзим неча йиллардан буён орзу қилиб юрган осмонўпар тоғлари билан жаҳонга машҳур Помир – Тоғли Бадахшон мухтор вилояти томон йўл олдим. Тўғриси, Тожикистонда туғилиб, яшаб туриб, Помирда бўлмаслик одамга алам қилади. Бу гапни мен анчагина одамдан эшитганман. Помирда бўлган биринчи кунимизнинг ўзидаёқ эса, Бадахшонга бориш имконияти туғилгани учун шукр қилдим. Қалъаихумда, Ғунд дарёси соҳилидаги чойхонада пастда шарқираб оқаётган  мовий тусли, зилол сувга тикилиб ўтирар эканман, бутун олам кўзимга яшнаб кетди. Кейинроқ, Хоруғ, Поршнев, Роштқалъа, Рўшон, Мурғоб, Ишкошим… Помирнинг қаерида бўлмайин, гўё гўзал бир афсона ичра юргандайин эдим. Залворли тоғлар, шарқираб оқаётган Панж, кўллар, қайнар булоқлар, осма кўприклар, шундайгина қорли тоғ ёнбағридаги ўтовлар…

Хоруғда меҳмонхонадан чиқиб, дарёнинг ўнг тарафидаги гўзал манзарани томоша қилиб тургандик, икки велосипедчи келиб тўхтади – бир йигит ва бир қиз. Улар велосипедларини бир четга қўйиб, биз кўз узмай турган манзарага тикилишди. Бизга яқинлашиб, нимадир дейишди. Ҳамроҳларимдан бири: «Инглизча биласизларми?»- деб сўради. Йигит инглизчалаб: «Қаранг, қанчалар чиройли, сизларнинг ҳам биринчи марта келишларингми?»- деб сўради. «Ҳа», жавобини эшитиб, бизнинг қаердан келганлигимизни сўради. «Тожикистонликмиз», - дедик. Шунда йигитга қўшилиб, қиз ҳам ҳайратга тушди. «Шу мамлакатдан бўлиб, бу афсонавий ерларга биринчи марта келишларингми?»- деди йигит. Мени хижолат тери босиб кетди.

Велосипедли саёҳатчилар аслида тўрт нафар экан. Йигит ва қиз орқароқда қолиб кетган шерикларини кутиб туриш учун тўхташган экан. Танишиб олдик. Бу саёҳатчилар Германиядан келишибди. Ўтган йили  Помирда бўлган танишлари Тожикистонга қилган саёҳатларини сўзлаб беришгач, ёз келишини интизорлик билан кутишибди.

- Биз велосипедда бутун Помир бўйлаб саёҳат қилмоқчимиз. Эртага Сарез кўли томон йўлга чиқамиз, - деди ўзини Волф, деб таништирган йигит.

… Помирда чет эллик саёҳатчиларни кўп кўрдим. Кимдир машинада, кимдир яёв, кимдир велосипедда саёҳат қиларди. Мурғобга бораётганимизда Жилонди кўли ёнида италиялик сайёҳлар билан кўришдик. Тўрт киши машинада саёҳат қилаётган экан. Сайёҳлардан бири – олтмиш ёшга бориб қолган, новча кишининг бир оёғи йўқ, қўлтиқтаёғи билан кўл атрофида айланарди…

Помирда мен кўрган саёҳатчилар кўпроқ иккита-иккитадан бўлиб ё тўрт киши сафарга чиқишганди. Беихтиёр 1985 йили Мисрга қилган сафарим эсимга тушиб кетди. Биз ўттиз кишилик гуруҳ эдик. Сафар олдидан минг чиғириқдан ўтказилиб, Мисрга борганимиздан кейин гуруҳдан ажралмаслик уқтирилган интизомли саёҳатчилар эдик. Миср эҳромлари,  қадимий Фива - Луксор ёдгорликлари, Фиръавнлар қабрлари… ёнида минглаб саёҳатчиларни кўрдик. Япония, Франция, Англия…бошқа мамлакатлардан. Лекин биз сингари уюшган ҳолда, гуруҳ бўлиб саёҳатга келганларни кўрмадик. Бошқалар кўпроқ икки киши – эр-хотин ё икки дўст саёҳат қиларди. Лекин мен у пайтда «backpacker» деган сўзни умуман эшитмагандим. Кейинчалик бошқа мамлакатларда бўлганимда, чет элликлар, айниқса, европаликлар, америкаликлар, японлар ўз ҳолларича, ўз билганларича саёҳат қилишни ёқтиришларини билдим. Бизнинг Тожикистонимизда айнан шу тоифадаги саёҳатчиларни ҳозиргидан юз карра, балки бундан ҳам кўпроқдир, кўпайтириш имкониятлари мавжуд. Лекин бунинг учун «backpackerлар» учун қулай шарт-шароитлар, имконият яратиш зарур.

Ана шундай имкониятлардан бири – меҳмонхоналардир. Тўғри, Душанбе, Хўжанд каби катта шаҳарларимизда замонавий меҳмонхоналар кўпайди. Лекин якка тартибдаги саёҳатчилар кўпроқ  кичик, саёҳат қилинаётган жойга яқин меҳмонхоналарда қолишни афзал билишади. Чунки масалан, Фондарё, тоғларга саёҳат қилаётган сайёҳнинг меҳмонхонада тунаш учун ҳар куни Панжакентга  бориб-келиши вақтни олади-да...

                                 

Тоғдаги меҳмонхоналар

Биз Мурғобда бўлганимизда хусусий меҳмонхоналардан бирига жойлашдик. Озода, ётиш учун шароит яратилган, қўтос сути,  истасангиз, иссиқ овқат пишириб бериладиган кичик меҳмонхона. Ҳақи ҳам қиммат эмас.

Худди шундай кичик меҳмонхоналар Панжакент ва Айний ноҳияси қишлоқларида сайёҳларга эшик очганди. Уйларидаги бўш хоналарини меҳмонхонага айлантирган одамлар сайёҳларга қулайлик яратиш билан бирга, ўзлари ҳам қўшимча пул топа бошлашди. 

- Биз Панжакентнинг Шинг ва Айний ноҳиясининг Фондарё қишлоқ жамоатларида, Ҳафткўл, Искандаркўл ва Яғноб томонда аҳоли уйларида меҳмонхоналар очишга кўмаклашганмиз, - дейди «Нов» тараққиёт жараёнларини қўллаб-қувватлаш агентлиги ходими Ботир Ҳамзаев. - Бу  меҳмонхоналар, айниқса, ёз ойлари сайёҳлар билан тўла бўлмоқда. Масалан, Шингдаги меҳмонхоналар Ҳафткўлни томоша қилиш ва унинг атрофида дам олиш учун келган меҳмонлар учун жуда қулайдир.

- Сайёҳлар учун мўлжалланган хусусий меҳмонхоналарни мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳам очиш ҳар икки томонлама наф беради, - дейди Зарафшон туризм тараққиёти уюшмасининг бошқарувчиси Жамшид Юсупов. - Тожикистонга келаётган сайёҳлар сони кўпаяди ва қишлоқ аҳолиси учун янги иш ўринлари, қўшимча даромад пайдо бўлади.

Мазкур уюшма томонидан очилган меҳмонхоналарнинг фойдасини кўрган Зарафшон водийсида яшаётган бошқа кишилар ҳам бу ишга қўл уришмоқда. Жумладан, Искандаркўл атрофида бешта янги хусусий меҳмонхона пайдо бўлди.

Бу меҳмонхоналарни миллий услубда безатиш ҳам сайёҳлар эътиборини тортади. Айни бир пайтда мазкур меҳмонхоналарда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиш ҳам мумкин. Бадахшонда бўлганимда, чет эллик сайёҳларнинг Помирнинг гулдор, қалин жун пайпоқлари, бош кийимларини иштиёқ билан сотиб олишаётганини кўрдим. Ҳар бир сайёҳ ўзи бўлган ердан эсдалик учун буюмларни олиб кетишини исташи ҳисобга олинса, сайёҳлик билан биргаликда халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш ҳам тақозо этилади. Хорижий сайёҳлар, асосан, қўлда ясалган, тўқилган буюмларга эга бўлишни хуш кўришади.

- Биз туризм билан бирга халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш борасида янги лойиҳа бошлаганмиз, - дейди Жамшид Юсупов. – Зарафшон водийсига саёҳат қилиб, хусусий меҳмонхоналарга жойлашаётган сайёҳларга маҳаллий аҳоли томонидан тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари таклиф этилади. Ҳозирда Айний ноҳиясидаги энг йирик Урметан қишлоғида гилам, сўзана тўқиш каби  халқ ҳунармандчилигини ривожлантиришга ёрдамлашяпмиз.

Агар мамлакатимизнинг сайёҳлар учун жуда қизиқарли, мафтункор, алланечук бир сеҳрли жойлари ва айни бир пайтда қўли гул ҳунармандлар кўплиги ҳисобга олинса ва ўз билганича, якка тартибда саёҳатга чиқадиганлар учун қулай имкониятлар яратиб берилса, «British Backpacker Society» ташкилоти тузган рўйхатда Тожикистон биринчи рўйхатга чиқиб олиши ҳеч гап эмас.

Мамлакатимиз Президенти томонидан  2018 йил – Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилинди. Халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш эса, шубҳасиз, сайёҳлар оқими кўпайишига хизмат қиладиган омиллардан биридир.

 

Ўринбой УСМОН.

Иқтисодиётимиз учун Роғун ГЭСининг аҳамияти?

КАЛЕНДАР

« Декабр 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31            

МАҚОЛАЛАР

ДЎСТДИРМИЗ

 

Битта аҳду битта паймон,

Икки мулку икки давлат.

Ҳам қариндил, ҳам қаринжон,

Икки халқу икки миллат.

Икки дона – бир мағиз, бир пўстдирмиз,

Муфассал...

Ҳар гўшада байрам, тантана…

 

Болажоним, мана олти ойдирки, Мустақил ватаннинг бир гўшаси - киндик қонинг тўкилган Деваштичдан салкам беш юз километр узоқда йигитлик бурчингни ўтамоқдасан. Ахир, бу сенинг орзуйинг эди. Муҳожиратдан қайтдинг-у тўғри ҳарбий комиссариат эшигини қоқдинг, ҳарбий хизматга йўлланмани ўзинг сўраб олдинг. Ҳеч ким «повестка» билан сени йўқлаб келган йўқ эди. Раҳмат, болажоним. Эсингдами, ноҳияда бўладиган янгиликлардан мен ўзим хабардор

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
645
Мақолаларни кӯрганлар сони
316645

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1790052
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1432
3164
13784
1759842
35695
61802
1790052

Сизнинг IPнгиз: 34.228.41.66
Бугун: 15-12-2018 12:41:10

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015