Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

СИЁСАТ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 11 Октябр 2018 Кӯришлар: 70
Печат

 

n qosim 2018Шу йилнинг 7-8 август кунлари Тошкентда «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари» бўйича Ўзбекистон ёзувчилар иттифоқининг биринчи конференцияси бўлиб ўтди. Унда Тожикистон ёзувчилар иттифоқи раиси Низом Қосим қатнашиб нутқ сўзлади. Қуйида ана шу нутқнинг қисқартирилган вариантини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Тожиклар ва ўзбекларнинг дўстлик анъаналари ва адабий алоқалари тўғрисида сўз кетар экан, даставвал Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мавлоно Алишер Навоий номини тилга олишади ва бу чиндан ҳам ўринлидир. Ҳақиқатан ҳам шундай. Бу икки буюк сиймо ёрқин ва ўчмас йўлчи юлдузлар каби олис замонлардан халқларимиз ва ўлкаларимизни мангу ҳамдиллик ва ҳамбасталикка ҳидоят этиб туради. Лекин шуни айтиш керакки, бу икки улуғ сиймо муомала ва муносабати фақатгина тожикларнинг ўзбеклар билан яқинлигини эмас, балки минтақадаги бошқа туркзабон халқлар билан ҳам қадимдан яқин эканлигини ифодалайди. Агар шундай бўлмаганда, бу қадар улуғлик кашф этмаган бўлур эди.

Тожиклар ва ўзбеклар ва бошқа туркзабонлар адабий алоқалари, халқларимизнинг муносабати, муомала ва яқин дўстлиги илдизлари чуқур ва тадқиқотчилардан уни ҳар томонлама ўрганиш, нуқтаи назарларини баён этиш тақозо этилади. Шунга қарамасдан, Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мавлоно Алишер Навоий ўртасида қарор топган дўстлик, яқинлик, устозу шогирдлик тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги рамзига айланиб кетгани ҳақиқат ва юқорида таъкидлаганимиздай ҳар вақт дўстлик ҳақида сўз кетганда, беихтиёр адабиётимизнинг ана шу икки шоҳсутуни ёдга олинади.

Бу икки улуғвор шахс - устоду шогирд дўстлиги шу қадар зич ва мустаҳкам бўлганки, мана орадан беш асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса ҳам самимият, инсоний муҳаббат, адиблик тимсоли бўлиб келмоқда. Улар учун миллат, тилнинг аҳамияти бўлмаган, маънавий яқинлик муҳим, кўнгил ва ниятларнинг бирлиги юқори бўлган, холос.

Навоий улуғ устозини содиқ фарзандидай эъзозлар, ҳурмат қилар ва кўплаб самимий сатрларни унга бағишлаган эди. Жумладан, Шом сафаридан қайтган Мавлоно Жомийни икки маънога эга бўлган «шом» сўзига нисбат бериб, жаҳонгард ойга ўхшатади ва «жаҳонгард ой»ни «фалакнинг жаҳонтоб қуёши»дан афзал, деб билади.

Инсоф бидеҳ, эй

                 фалаки минофом,

То з-ин ду кадом

             хубтар кард хиром -

Хуршеди љаҳонтоби ту

                       аз љониби субҳ,

Ё моҳи љаҳонгарди ман

                     аз љониби Шом?

Мазмуни:

Инсоф билан айт, эй кул

               ранг фалак-осмон,

Сен учун қай бири ёқимли,

                 хушрўй, хиромон -

Тонг чоғи кўринган Жаҳон-

                 тоб офтобмикан ё

Шомдан келаётган жаҳон-

           гард моҳтобмикин ё?    

Дунё тожикзабонлари адабиётида кўнгилларни ўртовчи марсиялар кўп, лекин Мавлоно Навоийнинг устоди вафотига бағишлаб ёзган марсия каби дилсўз   марсия камдан-кам учрайди.

З-ин азо дар ҳама олам на                  

               гадо монду на шоҳ,

Ки кашиданд ба сўги

             ту дусад нолаву оҳ.

Шаҳриёрони љаҳон чок

                 зада љома ба тан,

Пеши тобути ту пўянда

                   ба аҳволи табоҳ.

Мазмуни:

Бу оламда аза тутмаган

     на гадо қолдию, на шоҳ,

Сени сўроқлаб ғамга ботди,    

     чекди фарёд, нола э воҳ.

Жаҳон шоҳлари яқо чок

   этиб йиғлади беун, бесас,

Тобутинг қошида оғир

         сукутга чўкибон илло.

Бу анъана кейинчалик кўплаб адибларимиз шахсияти ва ижодиётида давом этиб, ўзаро дўстлик, ижодий яқинлик ва икки тилда асарлар ёзиш орқали ривож топди. Дарвоқе, икки тил-тожик ва ўзбек тилида ижод қилиш ҳам Навоийдан бошланган. Чунончи, ушбу масаланинг мумтоз танқидчиси Абдулғани Мирзоевнинг таъкидлашича, Хожа Ҳофизнинг Мавлоно Навоийга таъсири шу даражада кучли бўлганки, ғазал жанрини ўзбек адабиётида устувор жанр сифатида шаклланиши учун замин яратган ва Навоий тожик-форс девони орқали ғазалсаро шоирлар қаторидан ўрин олган. Таниқли академикнинг фикрича «Алишер Навоий буюк адабиёт вакили сифатидагина эмас, балки адабиёт ва санъат аҳлининг ҳимоячиси ва 15 асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эрон халқлари фани, адабиёти ва санъатининг ривожланишига муносиб замин тайёрлашга катта ҳисса қўшган, Абдураҳмон Жомийдан кейин, форс-тожик ғазалнавислари орасида энг пешқадамлардан бири сифатида адабиётимиз тарихига кирган шахслардан биридир». Бошқа халқ адабиётига кириш эса, албатта, Мавлоно Навоийнинг юксак истеъдоди, фаросати, ақл-заковати, шеър тилига эътиқоди, чинакам сўз санъаткори, ҳамдилликни ҳамзабонликдан юқори қўйишидан дарак беради.

«Ўзбек ва тожик адаб аҳлининг дўстлиги улуғ устозларимиз - Жомий ва Навоий дўстлиги каби ҳақиқий ва самимийдир. Бу дўстликни яна ҳам равнақ топтириш менинг орзумдир», - деб ёзган эди машҳур ўзбек адиби Ғафур Ғулом. Ширинзабон шоирнинг бу орзуси амалий бўлаётгани, халқларимиз адиблари орасидаги самимий дўстлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, адабий алоқаларимиз илдиз отиб бораётганлиги кишини қувонтиради, албатта.

Шуниси диққатга сазоворки, устоз-шогирдликни икки томонлама мушоҳада қилиш мумкин. Масалан, машҳур тожик носири ва драматурги, Тожикистон халқ ёзувчиси, республика Фанлар академияси аъзоси Сотим Улуғзода шундай ёзади: «Қалбимни забт этган ва завқ бағишлаган шоирлар тўғрисида сўз борар экан, Ҳамзани эсламасдан иложим йўқ. Менинг ўсмирлигим ва ёшлигим Ўзбекистонда ўтди ва Ҳамза биринчилардан бўлиб менга мусиқа ва театрни севишга ўргатди. Шунинг учун ҳам, унинг номи мен учун қадрли ва тожик ёшларининг унинг шеъри ва саҳна асарларига меҳр қўйганлиги мени хурсанд қилади».

Бизнинг фикримизча, Тожикистонда туғилиб, ўзбек халқининг номдор кишиларига айланган   Ўзбекистон халқ ёзувчилари Абдулла Қаҳҳор ва Пиримқул Қодиров, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева, шоир Назармат Эгамназаров, насрнавислар Зайниддин Дўстматов ва Шойим Бўтаевлар ҳам тожик адабиёти ва унинг устодлари тўғрисида шундай фикрларни баён этишлари мумкин.

Бу икки дўст ва биродар фақатгина икки халқ, икки ўлканинг адабий алоқаларини давом эттирибгина қолмасдан, балки уни халқаро миқёсга кўтаришга ҳам муваффақ бўлдилар. Чунончи, 1958 йилнинг октябр ойида Тошкент шаҳрида Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг биринчи Конференцияси бўлиб ўтди. Бу муҳим тадбир муносабати билан Шароф Рашидов дўсти Мирзо Турсунзоданинг фаолиятига юксак баҳо бериб ёзган эди: «Мен ана шу комитетга раислик қилишдек шарафли вазифага муяссар бўлдим. Мирзо Турсунзода комитетнинг ғоятда фаол аъзоларидан бири эди. Унинг Африка ва Осиё тараққийпарвар ёзувчилари билан ижодий алоқаси ва шахсий муносабати ишимизни кўп жиҳатдан енгиллаштирди. Мирзо Турсунзоданинг жўшқин фаолияти ва юксак обрў-эътибори конференция қатнашчилари ўртасида ҳамфикрлилик ва дўстлик вазияти пайдо бўлишига замин бўлди».

Тожик сўз санъаткорларининг асарларини ўзбек тилига ва ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарларини тожик тилига таржима қилиш ва нашр этиш анъанаси бугунги кунда ҳам давом этяпти. Икки дўст, икки давлат сарварларининг оқилона сиёсати туфайли бу иш яна авж олди. Икки халқ дурдона адабиёти намуналарини кўпроқ таржима қилиб, ҳамдиёрларимизга пешкаш этиш галдаги вазифамиздир.

Тожикистон ёзувчилар иттифоқида тожик ва ўзбек адиблари ҳамиша ёнма-ён туриб ижод қилганлигини кўришингиз мумкин. Бугунги кунда ўзбек шоир ва ёзувчилари бизнинг ижодий ташкилотимизда 20 нафардан кўпроқ бўлиб, ўзбек бўлими Тожикистон ёзувчилар иттифоқининг энг фаол бўлимларидан бири саналади.

Икки йил илгари мамлакат Президентининг бевосита қўллаб-қувватлаши билан ёзувчилар иттифоқи қошида бадиий таржима Маркази ташкил этилди ва унинг фаол ва сермаҳсул бўлимларидан бири ўзбек бўлимидир. Шу кунгача кўплаб назм ва наср тўпламлари, жумладан, бугунги тожик ҳикоя ва шеъри икки китоби ўзбек тилида таржима қилиниб, чопга ҳозирланди. Ўтган йили моҳир таржимонлардан бири Омон Жуманов энг яхши тожик насрий асарлари таржимаси учун Садриддин Айний номидаги адабий мукофотга сазовор бўлди. Бир қатор ёш ўзбек адиблари   Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзолигига қабул қилинди.

Биз бир-биримиз билан фақат энг яқин қўшни сифатида боғланганимиз йўқ, балки бир-биримиз билан қариндош-уруғлик ришталари билан ҳам мустаҳкам боғланганмиз. Аждодларимиз асрлар давомида бирга яшаб, бир дастурхон атрофида гурунг қилганлар, бир дарёдан сув ичиб, бир заминда экин-тикин қилганлар. Биргаликда қишлоқ ва шаҳарларни обод қилиб, бир-бири билан қуда-қудағай бўлиб кетганлар. Бир-бирларидан қиз олиб, қиз узатганлар, оила қурганлар. Бу анъана ҳозир ҳам давом этяпти. Кўплаб оилаларда икки тиллилик мавжудлиги ҳам буни тасдиқлаб туради. Шунинг учун ҳам, бизни икки тилда сўзлашувчи битта халқ, деб аташади ва бу атамада ҳеч қандай муболаға йўқ. Бугунги кунда икки халқ адабиёт ва санъат арбоблари номи қўйилган кўча ва хиёбонлар, театр, боғу майдон, бекатлар ва станциялар Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам борлиги ҳеч кимни ҳайратлантирмайди. Чунончи, Душанбе шаҳридаги энг катта кўчалардан бирига Алишер Навоий номи берилганлиги, Спитамен ноҳияси халқ театри Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳонов номи билан аталиши ва шу ноҳия марказидаги боғ тожикистонлик ўзбек шоири Аширмат Назаров номини олганлиги, Тошкентдаги янги метро станцияларидан бирига Мирзо Турсунзода номи берилганлиги, икки халқнинг дўстлиги рамзи сифатида Самарқандда Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилганлиги, шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг фармони билан Душанбе шаҳрида Мир Алишер Навоий боғи ташкил этилиб, у ерда икки буюк сиймо - Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкали бунёд этилиб, яқинда Ўзбекистон Президенти муҳтарам Ш.Мирзиёев иштирокида очилганлиги бунга ёрқин мисолдир. Бундан кейин ҳам, бу анъана давом этишига шак-шубҳа йўқ, албатта.

Икки давлат сарварларининг оқилона сиёсати шарофати билан тожик ва ўзбек халқлари орасидаги дўстлик иплари яна ҳам мустаҳкамланди, қўшничилик муносабатларида янги давр бошланди.  

Яқинлик ва дўстликнинг кўнгилочар бундай саҳифалари яна ҳам кўпаяверсин, халқларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, самимият, адабий алоқалар, шоир ва адибларимизнинг ижодий ҳамкорлиги кундан-кунга равнақ топаверсин.

 

Низом Қосим,

Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси.

Украинанинг келажаги кандай?

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2018 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30    

МАҚОЛАЛАР

Миллий тест маркази: - Синов ишлари қисқа, мазмунли ва тўғри ёзилиши керак

 

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон топшириғига биноан, 2018 йилдан республика ўрта ва олий касбий таълим муассасаларига марказлаштирилган кириш имтиҳонлари тизимида давлат тили фанидан эссе (ёзма иш) ёзилиши жорий қилинади. Шу билан боғлиқ ҳолда, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий тест маркази чора-тадбирлар

Муфассал...

Қатралар… БАЛО ВА ДУО

Бола эдик…Томорқамизда каттакон гилос дарахти бўларди…

Эрта баҳор эди. Ёғин-сочиннинг охири кўринмай қолди. Устига-устак, қишлоғимизда: - «Катта тошқин қўпармиш, сел келиб, ҳамма ёқни ювиб кетармиш!» - деган ваҳима тарқалди.

Онам шўрлик биз, болаларини атрофига йиғиб: - «Агар сел босгудек бўлса, ҳаммангиз гилос дарахтининг шохига чиқиб оласизлар! - деб тайинладилар.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
611
Мақолаларни кӯрганлар сони
297409

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

1733540
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
619
2117
5415
1711651
40985
66766
1733540

Сизнинг IPнгиз: 54.196.190.32
Бугун: 21-11-2018 04:24:11

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015