Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МИНТАҚАЛАР

Муаллиф: Super user Категория: МИНТАҚАЛАР
Чоп этилган 19 Март 2015 Кӯришлар: 2195
Печат

 

senga qulluqЎрта мактабни битираётганимда раҳматлик отам «Деҳқончилик ҳалол касб, деҳқон бўл», дедилар. Кейин қўшиб қўйдилар:  - «Майли, тракторчи бўлсанг ҳам, буям яхши касб, деҳқоннинг оғирини енгил қилади». Ўзлари ҳам бир умр деҳқончилик қилиб, тўғрироғи, колхозда сувчилик қилиб нафақага чиққандилар. Урушни Берлинда ғалаба билан тамомлаб уйга қайтгач, колхоз текширув комиссияси раислигига сайлашади.

Лекин узоқ ишламайди, бир йил ўтмай, ўзи ариза ёзиб ишдан бўшайди ва колхозчиликни афзал кўради. Ақлимни танигач, буни эшитиб, сабабини сўраганимда: «Бировнинг ишини битирсанг, хурсанд бўлади. Бошқасининг истагини бажаролмасанг, хафа бўлади. Бу ўткинчи дунёда ҳеч кимни хафа қилмай, кимсадан таъма қилмай, ҳалол яшайин»,- деганди.

Менимча, шу шиорига умрининг охиригача содиқ қолди. (Отам деҳқон бўлганлиги учун ҳам ҳазрати деҳқонга мадҳ айтгим келади).

Аммо мен: «Ўртоқларим ўқимоқчи, мен ҳам ўқийман», деб туриб олдим. Отамнинг розилигини олиб ўқидим, яхши ишларда ишладим. Мустақиллигимиз шарофати билан деҳқон хўжаликлари ташкил қилина бошлагач, мен ҳам беш гектар ер олдим. Кеч бўлса-да, отамнинг орзуси амалга ошди: фермер - деҳқон бўлдим.

Фермер бўлганлигимни эшитган бир танишим шундай деди:  - «Менинг ҳам ўн гектар ерим бор. Деҳқончиликдан топган даромад тирикчиликка етаркан-у, лекин бойлик орттириб бўлмас экан. Каттароқ фойда кўриш учун тижоратга  ўтиш керак».

Шундан бироз кейин қўшни қишлоққа борганимда Исмоил ҳожи бобога дуч келдим. Ўша пайтда у кишининг бир ўғли ноҳия ун комбинатида директор, яна бири Қабодиёнда ноҳия раиси бўлиб ишларди. Егани олдида, емагани ортида, бирон камчилиги йўқ. Етмиш беш ёшдаги қария, елкасида кетмон, далада экинларга сув тараб юрарди. Кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, менинг ҳайрон қолганимни сезган Ҳожи бобо: «Шу майдонни фермер хўжалиги қилиб олганман,-дея изоҳ берди. -Ўзимнинг ҳалол меҳнатим билан етиштирилган неъматларни ейишга қизиқаман».

Бу гапларни эшитгач, ўйладим:  - Тижоратнинг ҳам, деҳқончиликнинг ҳам фақат ўзига хос гашти, мазмун-моҳияти бор экан, шекилли.

Ёшлигимда Данғаранинг Саргазон қишлоғида яшовчи опамникига борганимда раҳматлик Шермат поччам дастурхондаги қора нонни бўлаклаб олдимга қўяркан, деганди: - «Ўзимиз етиштирган қизил буғдойнинг нонини бир еб кўр-чи, шунчалар ширинки, оғзингга солиб қанча чайнасанг, шунча мазаси кўп чиқаверади. Сенлар ейдиган оқ ундан тайёрланадиган нондан бунинг ер билан осмонча фарқи бор».

Бироқ, мен унчалик фарқига бормагандим, қайтага оқ нон яхши, деб ўйлагандим. Бунчалар мақташидан ҳайратлангандим. Энди билсам, у нонлар поччамнинг тер тўкиб қилган меҳнатининг маҳсули экан, шунинг учун уларга бағоят мазали, қадрли, азиз экан.

Худога шукр, менга ҳам ўз меҳнатим эвазига етиштирилган маҳсулотнинг таъмини тотиб кўриш насиб айлади. Авваллари пишиқчилик пайтида ёру дўстлар уйимизга гоҳида қовун-тарвуз олиб келиб туришарди. Энди ўзим озми-кўпми ҳадя қиладиган бўлдим. Аллоҳ таъоло наздида бирон нарсани олмоқдан бермоқнинг афзаллиги,  савоби кўплигини билдим.

Ҳосил пишиб етишган вақтда деҳқоннинг кўнгли ёришади, ўзини бардам ҳис қилади, асаблари ором олади, йил бўйи қилган меҳнати чарчоқларини унутади. Мисол учун эртачи ҳандалак пишди дейлик. Сиз жўяк оралаб кўм-кўк палакларга қараб кетяпсиз,  ана биринчи сап-сариқ ҳандалакни кўриб қолдингиз.  Юрагингиз қинидан чиққудай бўлиб  ҳапқириб кетади, қувончдан кўзингиз яшнайди, узиб оласиз ва яна кетяпсиз палак оралаб… Бу хурсандчиликни таърифлашнинг уддасидан чиқолмасам керак. Хуллас, деҳқоннинг айни дамдаги шодлигининг беқиёслигини туйиш учун деҳқон бўлиш керак, палак оралаш керак.

Бозорларни уюм-уюм қовун-тарвузга, дўконлар расталарини ширин-шакар мева-чевага ва бошқа маҳсулотларга тўлдирган ҳазрати деҳқонга мадҳ айтгим келади.

Деҳқоннинг дам олиш куни йўқ. Саҳардан кечгача, баъзан кечаси ҳам ишлайди. «Кўз зироат учун дори», - деб бежизга айтмаганлар. Уларни ҳар куни кўриб туриш керак; қайси экинга сув керак, қайсисига озуқа… Меҳр эса, ҳаммасига керак.

Деҳқон изғиринли совуқда ҳам, жазирама иссиқда ҳам очиқ далада ишлайди. Машаққатли меҳнатлари туфайли уларнинг аксариятини «Қаҳрамон» унвони билан тақдирласа арзийди, деган фикргаям бораман гоҳида.

Эсимда, қайси бир йили қишлоғимиз юқорисидан оқадиган каналдаги сув қирғоғини ўпириб кетганидан хабар топиб, беш-олти киши югуриб бордик. Сув тўғрига - ўзанига оқмасдан ён тарафга бир ярим метр жарлик ҳосил қилиб, майдондаги энди гуллай бошлаган ғўзаларни томир-помири билан юлиб-янчиб шовуллаб оқмоқда. Ўт-ўланларни, қамиш-қиёқларни кетмон билан чопиб, жарликка ташлаймиз, тупроқ, кесак отамиз. Қаёқда дейсиз, ўзанини бузган асов сув ҳаммасини шириллатиб пастга оқизиб кетади. Шунда ўша пайтда бригадир бўлиб ишлаётган раҳматли тоғам Норбўтаев Абдулаҳад кийимлариниям ечмасдан ўзини жарликка ташлаб, қулочини ёзиб икки томондан ушлаб,  гавдаси билан оқимни тўсиб олди. То булдозер келгунча, тахминан бир соатдан ортиқроқ совуқ сувда шундай турди. Тоғамга юрагимиз ачирди, лекин қўлимиздан ҳеч нима келмасди.

Қачон шу воқеани эсласам, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Александр Матросовнинг уруш пайтида душман ДЗОТининг оғзини - отилаётган ўқларни кўкраги билан бекитгани ёдимга тушади. Аммо тоғанинг бирон марта бу ҳақда гапириб мақтанганини эшитганим йўқ. Ҳа, деҳқон қилган ишини таърифламайди, у пировард  натижада, етиштириладиган ҳосилни ўйлайди.

Мен космонавтга, олимга, қаҳрамонга қойил қолмайман. Улар ўз соҳаларида янгилик яратгандир, қаҳрамонлик кўрсатгандир. Мумкин деҳқоннинг ҳам оғирини енгил қилиш учун бирон нарса ўйлаб топгандир. Бироқ, асосий ишни деҳқон бажаради, маҳсулотни деҳқон етиштиради, ерга бевосита ишловни деҳқон амалга оширади ва ниҳоят ерга меҳрни деҳқон беради. Ахир, Аллоҳ таъоло ҳам одамни ердан  тупроқдан яратган ва биз яна шу ерга  тупроққа қайтамиз. Шунинг учун ҳам мен меҳнати  фақат ер билан бўлган Ҳазрати деҳқонни ҳаммадан устун қўяман ва унга таъзим бажо қилгим келади.

Деҳқон она  заминни авайлаб-асрайди, яшнатади, гуллатади. Ва бизни едиради, ичиради, кийинтиради.

Деҳқон бировга муте эмас, ҳеч кимдан таъма қилмайди, пора умид қилмайди. Унинг тер тўкиб қилган меҳнати билан етиштирилган маҳсулотга кўз тикканлар беҳисоб. Завод-фабрикалар қачон хом ашё келар экан, деб «оғзини очиб» туради.

Деҳқоннинг меҳнатидан нафақат одамлар, балки ҳайвонлар, парранда-дарранда, қурт-қумурсқа ва жами жонзотлар фойдаланади. Улар ҳам Аллоҳ таъолонинг изми билан деҳқонга ҳамду сона айтсалар, не ажаб. Ҳазрати деҳқон мана шундай одам, энди ўзингиз айтинг унга таҳсин айтмай бўладими?!

Сенга қуллуқ қилурмен, Ҳазрати деҳқон!

 

Жума Жабборов,

Ж. Румий ноҳияси.

КАЛЕНДАР

« Октябр 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
      1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31  

МАҚОЛАЛАР

Хазонрез йўлакларда…

 

Кузни севаман. Булутлар увада пахта каби осмонга сочилиб ётган кузни. Намхуш хазонлари шаҳар йўлакларига паришон сочилиб кетган кузни севаман. Шивирлаб ёғаётган ёмғирлар қўйнида янада сеҳрли бўлиб кетган куз тунларини севаман. Уч ой минг турфарангда жилва қиладиган кузни севаман.

Мезон ойида қишлоғим осмонида мезон иплари осмонга ҳайинчак солган кузни севаман.

Муфассал...

Қалб сукут сақлабми турар индамай, доо-о-д, десам кўкларга етади бўзим...

 

Салим Халил - Ҳисор водийсида вояга етган шоир. Унинг шеърларидаги қуйма сатрлардан шеъриятга хос лиризм уфуриб туради. Ҳозирча битта - «Қалб манзаралари» шеърий тўплами чиққан шоирнинг битикларида Она-юрт мадҳи, ота-она олдидаги бурч, миллий қадриятларга бўлган эҳтиром, муҳаббат ва садоқат мавзулари ўзгача бир пафос ва нозик бир дунёқараш билан қаламга олинади. Қуйида шоирнинг янги шеърларини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2559732

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

10118993
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3308
5837
36401
10039118
16086
138877
10118993

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.232
Бугун: 04-10-2026 20:47:40

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015