Душанбе дунёнинг гўзал шаҳридир,
Онажон халқимнинг кўрки, фахридир.
Минг йиллик чинорлар саботин сўзлар,
Гоҳ тотли, гоҳ ғамгин ҳаётин сўзлар.
Ойдин кечалари мафтункор, гўзал,
Қорақош қизлари - бетакрор ғазал.
Талпинар шаҳарга қанча меҳмонлар,
Шодликка тўлади бахтиёр онлар.
Гул шаҳрим, гулларинг очилиб турсин,
Бағрингда бўз боланг шеър ёзиб юрсин.
Ҳеч завол билмасин кўркам дарахтинг,
Дунёларга кўз-кўз қилайин бахтинг.
Тоғлардек матонат сенга ёр бўлсин,
Очиққўл мезбонинг доим бор бўлсин.
ЛОИҚ ШЕРАЛИ ҚАБРИ УСТИДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ
Шоядки, дунёни тушуна олсам,
Аслида бир уюм тупроқлигини.
Сезаман ҳаётда қоқилиб қолсам,
Энг яқин дўстимнинг гумроҳлигини.
Бир лаҳза тин олмай яшайин дердим,
Ғараз, ҳасад бирла, ёлғондан қочиб.
Кимки нон сўраса, жонимни бердим,
Умид йўлларига меҳримни сочиб.
Ҳаловат билмадим ҳайрат ичида,
Одамлар ичра бир оқилин излаб.
Не тонгки, яшайман ҳасрат ичида,
Сиздайин ҳақпараст суҳбатдош истаб.
ИСМОИЛ СОМОНИЙ ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА
Ифтихор дилимдан жўшиб кетганда,
Жон халқим бахтиёр кунга етганда,
Бир ғариб шоири шеърлар битганда.
Руҳимни кўтарган, қўллаган ўзинг,
Ёруғ манзилларга йўллаган ўзинг.
Тарих ўз сўзини айтди охири,
Даҳшатли кунларнинг ўтди оғири.
Юзимиз ювмоқда қувонч ёмғири,
Орзулар рўёбин кўзлаган ўзинг,
Миллат деб, юракдан сўзлаган ўзинг.
Собит қадам билан бормоқда ёшлар,
Ҳаётда ўз ўрнин топмоқда ёшлар,
Она-юрт ишқида ёнмоқда ёшлар,
Ватанни севишни ўргатган ўзинг,
Мудом тўғри йўлни кўрсатган ўзинг.
Юрагим тубидан тўкилган ашъор,
Унда муҳаббатим изҳорлари бор,
Покиза қалбларга инмасин ғубор,
Ёш авлод тақдирин ўйлаган ўзинг,
Тоғлардек юксакка бўйлаган ўзинг.
Садриддин Айний уй музейида
Зинҳор эшик қоқма, олдин ўйлагин,
Ким чиқар ҳовлига сенга интизор.
Шундай бир савол-ла ўзни қийнагин,
Бу ерда… Бу ерда яна кимлар бор…
Балки Турсунзода илк машқларини,
Устоз қаршисида ўқиётгандир.
Ёинки аритиб дил ғашларини,
Янги мисраларни тўқиётгандир.
Ўйлама, дўстгинам бу хонадонга,
Судхўрлар йўламас, тортмас базмига.
Очиқ бу эшиклар чин қадрдонга,
Қулфи ҳам берилган Ҳақнинг измига.
Илҳақ кўнглимизга таскин улашиб,
Зиёрат айладик, қолмади армон.
Ҳамон тўғри йўлдан борсак курашиб,
Устоз ҳикматидан топамиз дармон.
Миллат пешвоси
----------------- ФАХРИЯ -----------------
Хўжаи Хизрдек кароматли зот,
Нигоҳи ўтли-ю ҳароратли зот,
Ҳар ишда моҳиру маҳоратли зот,
Сўзлари ҳикматли, заковатли зот.
Бу ёруғ кунларнинг ўчмас зиёси –
Миллат пешвоси.
Халқини бирлигу бахтга етаклаб,
Етмиш йил йўқотган номини тиклаб,
Истиқлол сўзини ҳар он таъкидлаб,
Шодон кун кекса-ю ёшларни қутлаб.
Кимларга тенг этай, йўқдир қиёси –
Миллат пешвоси.
Орзулар рўёби кўрсатди жамол,
Эртамиз эгаси – ёшлар баркамол,
Раҳбари оқилу деҳқони ҳалол,
Тангрим асрасин, кўрмасин завол.
Қуёшга тенгдир нурли сиймоси –
Миллат пешвоси.
Қадамда гуллайди нозик ниҳоллар,
Ҳаётбахш чашмадир тошган анҳорлар,
Тинчлигин куйлайди булбул наҳорлар,
Қалбида мудом ёз, кетмас баҳорлар.
Ҳар лаҳза қўллайди халқнинг дуоси –
Миллат пешвоси.
Мадҳини куйламоқ - фарзандлик бурчим,
Курашгум бу йўлда етганча кучим,
Дўстларим сизлардан ёлғиз ўтинчим:
Ул зотга гард инса, бузилар тинчим.
Шу ғариб шоирнинг мангу ниёзи –
Миллат пешвоси.
Бундан ҳам бахтиёр кунлар бўлажак,
Жаннатга ўхшайди нурли келажак,
Кўнглимиз бир олам завққа тўлажак,
Биз агар…биз агар жонни тўшасак.
Онажон халқимнинг ҳақгўй даҳоси –
Миллат пешвоси.
Алишер ДЎСТМАТОВ,
Спитамен ноҳияси, Лангар қишлоғи.
МУАЛЛИМА
Яқинда сизни учратиб қолдим. Ўқувчиларингиз орасида ёшариб кетгандайсиз. Сизни кўрдим-у болалигим ёдимга тушди. Дарсни:
-Болажонларим, деб бошлардингиз. Ўйинқароқ эдик, сизни кўпинча койитиб қўйсак-да, кенг феъл, меҳрибон нигоҳ билан бизга сабоқ беришни давом эттирардингиз. Мулойим овозингиз ҳали-ҳануз қалбимда акс-адо бериб турибди. Биринчи ўқитувчимга, деб олиб борган даста гулларим кўз ўнгимда.
Кейин йиллар ўтди. Сўнгги қўнғироқнинг жарангдор садоси юрагимизга жо бўлди. Беғубор болалик, ўсмирлик даври ортда қолди. Сиз каби устозлар дуоси билан мустақил ҳаётга дадил қадамлар қўйдик, муаллима.
Мана кеча сизни учратиб қолдим. Ширинтой болажонларингиз атрофингизда парвона.
...Мен шу лаҳза ўз болалигим билан учрашгандай бўлдим.
ШАМОЛ ВА МУСИЧА
Шамолнинг қаҳри – қаттиқ. Бунча ҳам қаттиқ эсмасанг, деб ёлборарди мусича, ахир инимни бузиб, полапонларимни…
Мусичанинг илтижолари зое кетди. У бузилган уяси атрофида бир-икки айланди-да, ерга қўнди. Ўлиб ётган полапонларига боқаркан, яна гир айланди. Шамол ҳамон қутурар, хас-чўпларни турли томонларга учирарди.
Орадан вақт ўтиб, мусича яна жўжа очди. Шамол эсарди. Энди мусича унга парво қилмайди – шамолдан панада полапонларига меҳр билан емиш улашади. Шамол қанча ғазаб отига минмасин, мусича хотиржам болаларига андармон бўлади. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларкан, мусича: -Бир вақтлар сизлардай полапонларим, акаларинг бор эди, бу шамол…- деб қўяди ғу-ғулаб. Ва панароқда ин қурганидан хурсанд бўлади.
Раҳмат БЕК.
24 феврал куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хатлон вилоятининг Данғара ноҳиясида табиатнинг уйғониши арафасида эзгу анъана сифатида мевали дарахтлар кўчатларини ўтқазиш билан кўчат ўтқазиш ва баҳорги экиш ишлари маъракасини бошлаб берди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015