ХАБАРЛАР

Шерхон САЛИМЗОДА: - Наркотик контрабандалари йўналишлари ўзгармоқда

Муаллиф: Super user Категория: ХАБАРЛАР
Чоп этилган 09 Феврал 2017 Кӯришлар: 600
Печат

 

sh salimzoda 2017- Ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб 62та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, - деди яқинда бўлиб ўтган матбуот конференциясида Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги Наркотикларни назорат қилиш агентлиги бошлиғи Шерхон Салимзода. - Жумладан, 4та уюшган жиноий гуруҳ ошкор қилинди.

Агентлик бошлиғи берган маълумотларга кўра, 2015 йил 60та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганди. Шунингдек, ўтган йили халқаро қидирувда бўлган 14 нафар шахс қўлга олинган.

Ҳисобот даврида Наркотикларни назорат қилиш агентлиги ходимлари бошқа ҳуқуқ ҳимояси органлари билан ҳамкорликда 13та, хорижий кучга эга тизимлар билан биргаликда 11та амалиёт ўтказиб, натижада 319 килограмм наркотик моддалар ноқонуний муомаладан мусодара қилинган.

Шунингдек, агентлик ходимлари томонидан ноқонуний муомалада бўлган 3 дона ўт очиш қуроли ва 152 дона жанговар ўқ-дорилар мусодара этилган.

Агентлик бошлиғининг айтишига кўра, Тожикистон-Афғонистон чегарасида назорат кучайтирилгач, наркотик моддалар ноқонуний савдоси билан шуғулланувчилар йўналишларини ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда.

- Мисол учун, ўтган йили мамлакатимиз фуқароси Озарбайжон-Эрон чегарасида 137,2 килограмм героин билан қўлга олинди, - деди Шерхон Салимзода. - Жиноятчи - республикамизнинг фуқароси. Шунинг учун, наркотиклар контрабандаси йўналишларини жуда яхши билади. У эски йўналишлар билан қўлга тушишдан чўчиб, контрабанда йўналишини ўзгартиришга қарор қилганга ўхшайди.

Агентлик бошлиғининг айтишича, наркотик моддалар ноқонуний муомаласини ошкор этиш ҳажми камайганлигининг асосий сабабларидан бири - контрабандачилар йўналишларини ўзгартираётганликларида бўлса керак.

- Ўтган йили мамлакатимизда 7 минг 67 нафар наркотик моддаси истеъмолига ўрганиб қолганлар расмий тарзда қайдга олинган, - деди Ш. Салимзода. - 2015 йили бу кўрсаткич 7 минг 313 нафарни ташкил этарди. Албатта, биз жамиятимиз доғига айланган мазкур муаммога қарши барча имкониятлардан фойдаланиб, аёвсиз курашамиз.

Шунингдек, матбуот конференцияси жараёнида ёшлар ўртасида синтетик наркотик моддалар истеъмолига ружу қўйиш ҳолатлари кўпаяётганлиги ва уларга қарши кураш усуллари ҳақида журналистларга кенг маълумот берилди.

 

 И.Маҳмадалиев,

"Халқ овози".  

Joomla блог