ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Жиноятчилик – жамият кушандаси…

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 13 Декабр 2018 Кӯришлар: 339
Печат

 

jinoyat 2018Жиноят – ҳар қандай жамиятнинг пок нуфузига тушадиган қора доғ, унинг равнақига тўсиқ бўладиган - ёмон иллат.

Айниқса, бу қусур ёшлар, хусусан, балоғатга етмаганлар орасида кенг илдиз отса, жамоатчилик учун бундан ортиқ фожиали ҳолат бўлмаса керак.

Энг аянчлиси шундаки, вояга етмаган авлод томонидан қўл урилган жиноят, янгиси учун йўл очади. Каттароқ жиноятга чорлайди.

Пировард натижада, жиноятчилик жамиятда янада чуқур илдиз отади ва кўлами кенгайиб бораверади.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали   Раҳмон Тожик милицияси кунига бағишланган тантанали йиғилишда балоғатга етмаганлар орасида жиноятчилик ортиб бораётганига алоҳида урғу берди ва бундай номатлуб ҳолатдан ташвиш билдирди.

Зеро, жорий 2018 йилнинг тўққиз ойи бадалида балоғатга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 734тага етган. Бу кўрсаткич ўтган 2017 йилда 690тани ташкил этган. Бу, албатта, Ватаннинг содиқ, ор-номусли фуқаросиман, деган ҳар бир шахснинг оромини бузиб: - Нега шундай бўлаяпти?!.- деб қаттиқ ўйга толишга мажбур қилади.

Шундай бўпти-я, дея фикрловчи кимсалардан фарқли ўлароқ.

Чиндан ҳам, бундай ачинарли вазиятнинг илдизи қаерга бориб тақалади? Бунга йўл қўймаслик, унинг олдини олиш учун кимлар масъул?!.

Қадимда аждодларимиз бежизга: -Бир бола тарбияси учун етти маҳалла жавобгар,- дейишмаган. Чунки улар ҳақиқий тўғри тарбия жамиятнинг ҳаёт-мамоти эканлигини юрак-юракдан ҳис қилишган, англаб етишган.

Масалага виждон нуқтаи назаридан ёндашилса, ўз бурчининг уддасидан чиқмаётган масъуллар силсиласи пайдо бўлади.

Булар: оила, умумтаълим муассасалари, жамоатчилик, ҳуқуқ муҳофазаси идоралари…

Ширин ёлғондан, аччиқ ҳақиқатни айтган маъқул, деган ақидага амал қилиб ёзадиган бўлсак, ҳозир оила бошлиғи ёхуд ҳам отаси, ҳам онаси меҳнат муҳожирлигига кетган оилаларни хоҳлаганча топиш мумкин. Уларнинг фарзандлари тарбияси учун ким қайғуради!?. Гўдакларни энага сифатида олиб қолганларни эса, ота-она томонидан юбориладиган пул қизиқтиради, холос. Қолгани етти ухлаб тушларига кирмайди.

Қарийбки, қаровсиз қолган болалар тарбиясининг муаммоси жамоатчиликнинг хаёлига ҳам келмайди, парвойи фалак: оч қорним – тинч қулоғим.

Демак, тарбиянинг энг муҳим асосларидан бири – оила ва жамоатчилик ўртасидаги муносабат мутлақо қониқарсиздир.

Таълим муассасаси ва оила ўртасидаги алоқаларга «дарз» кетганига анча бўлди.

Ота-оналарни умумтаълим муассасаларига фарзандлари қандай билим олаётганига бўлган қизиқиш эмас, ўқувчига нисбатан қаттиққўллик қилган: талаба учун мумкин бўлмаган телефон ёки тилла тақинчоғини олиб қўйган, яхши ўқишини астойдил талаб қиладиган ўқитувчи билан ўтказилиши шарт: обу ҳаводек зарур бўлган «разбор» жараёни бошлаб боради.

Яна шуни ҳам эслатсак, туҳмат бўлиб чиқмас дейман: ҳозирги ёш ўқитувчиларнинг бола тарбиясига бўлган жонкуярликлари Шўролар даври устозларига қараганда «бошқачароқ». Тўғри ва ҳалол тарбия учун қилинадиган меҳнатнинг машаққати ҳам, залвори ҳам жуда оғир.

Умумтаълим муассасаларида ўтказиладиган тарбиявий соатларга деярли ҳуқуқ ҳимояси идоралари ходимлари таклиф қилинмайдилар.

Мазкур ходимлар томонидан ёшлар ўртасидаги жиноят ва унинг оқибатларига бағишланган ташвиқот учрашувларини ўтказишнинг аҳволи ҳам ўлда-жўлда.

Буларнинг барчаси жойларда Тожикистон Республикасининг «Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида»ги қонунини ҳаётга татбиқ этиш масаласига ҳалигача панжа орасидан қараб келинаётганидан гувоҳлик беради: сен менга тегма, мен сенга тегмайман…

Киши кўнглини хуфтон қиладиган воқеликлардан бири шуки, дунёнинг айрим давлатларида, хусусан, тинчлигу осойишталиги, хавфсизлиги беқарор бўлган минтақаларда жинояти билан фахрланадиган ёшлар тоифаси пайдо бўлган.

Яратган ана шундай «ғурурли», қўл урган разилликка қоришиқ жиноятини «кўз-кўз» қилиб, ўзидан «қаҳрамон» ясайдиган ёшлардан паноҳида асрасин!!!

Аммо халқда бир нақл бор: - Ёмондан яхши чиқди, деб суюнма, яхшидан ёмон чиқди, деб куюнма.

Нафсиламрини айтганда, ёшларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам тўғри йўлдан адашмасликка сидқи дилдан ҳидоят қилиш фурсати етди.

Фурсатни қўлдан бой беришнинг оқибати эса, «вой» бўлиб қолиши ҳеч гап эмас…

Ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Афсуски, тарбияси издан чиққан ҳар қандай балоғатга етмаган гўдак зинама-зина «иқтидорли» жиноятчи бўлиб етишмаслигига кафолат берадиган одамнинг ўзи топилмаса керак.

Шунинг учун, кимки жиноятнинг олдини олиш имкониятига эга бўла туриб, бу амалдан юз ўгирса, халқнинг ҳам, Ватаннинг ҳам тузини еб, тузлиғига тупурган кўрнамакдир, ундан-да хатарлироқ душман йўқ.

У миллатнинг ҳам, давлатнинг ҳам хоини…

 

Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ.

Joomla блог