МАДАНИЯТ

Китоб - маърифат пойдевори ва нажот қалъаси

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 07 Июл 2020 Кӯришлар: 230
Печат

 

kitob 2020Биз фарзанд, унинг тарбияси ҳақида кўп гапирамиз-у, аммо уларнинг шахсиятига деярли эътибор бермаймиз, нималарга қодир эканликлари билан кўпда ҳисоблашмаймиз. Бу бизнинг тўғри тарбияни йўлга қўймаганлигимиздан далолатдир. Президентимиз муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари ҳам бежизга ёшлар келажаги ҳақида бунчалик кўп қайғурмайди.

Шу боис, фарзандлар насибасининг бутун ва тўла бўлиши учун ота-

оналарнинг ўзлари ҳам чин дилдан интилишлари, зурриётини соғлом муҳитда тарбиялаши катта аҳамиятга эга эканини унутмаслигимиз зарур. Тўғри, бугун фарзандларимизнинг фахрлансак арзийдиган ютуқлари кўп. Ўқиш, кашфиётлар қилиш, тил ўрганиш, яратиш завқи уларнинг ҳам турмуш тарзига айланиб бормоқда.

Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам шундай, деб айтишга ҳали эрта. Қанчалик оғир бўлмасин, бир ҳақиқатни - лоқайд, бепарво, фақат ўзинигина ўйлайдиган тоифага мансуб инсонларнинг ёшларга таъсири сезиларли тарзда кучайиб бораётганини тан олмай иложимиз йўқ. Дунёга теран назар ташласак, ана шундай кимсаларнинг пайдо бўлиши, нафақат, ўзгаларга ишониб, балки ўз-ўзини алдаб яшаётган кимсаларнинг кўпайишига асосий сабаб: маънавий-руҳий тарбиямизнинг бўшлигидир. Бу эса, ўз-ўзидан турли иллатлар - ёлғончилик, бадбинлик, андишасизлик, кибр, манманлик, ҳаддан ошиш, шуҳратпарастлик каби ғайриинсоний одатлар урчишига сабаб бўлади. Бундай қусурлар ҳеч қачон инсонга кўрк бўлмаган, аксинча, уни залолатга, гуноҳ ва таназзулга бошлаган. Бу иллатларнинг инсон қалбида ниш отиши иймон сустлиги, илмсизлик, ўзини ва Яратганни англамаслик, фаросатсизлик ёки осон қўлга киритилган мол-дунёга ҳирс қўйишдан келиб чиқади.

Ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида, аввало, шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга комил инсонлар этиб вояга етказиш - таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим.

Буюк педагогларимиз сўзларига кўра, инсонни комилликка элтувчи асосий нарса ахлоқдир. Модомики, ахлоқ бирламчи экан, унда биз фарзандларимизга нафсни енгиш, қалбни поклаш, руҳ тарбиясини сингдиришимиз керак. Агар инсоннинг ўзи шунга эҳтиёж сезмаса, фақат тили сўйлаб, дилида бошқа нарса бўлса, у комилликка эришмайди. Комил ахлоқнинг асосий ўзаги илм, эътиқод, хулқ, шафқат, меҳр, адолат, қаноат, орият ва ҳоказолар экан, фарзандларимиз қалбига, аввало, шу туйғуларни жо қилишимиз лозим.

Дунёдаги жамики залолат, иллатлардан фарзандларимизни асрашнинг ягона йўли маърифатдир. Маърифат - китоб ўқиш, ундаги ғояларга амал қилишдан иборат, деган киши хато қилади. Маърифат бу ўқиган, англаган нарсасини қалб билан мушоҳада қилишдир. Шунинг учун ҳам, улуғларимиз китобни маърифат пойдевори ва нажот қалъаси, деб атаганлар.

Халқимиз азал-азалдан ориятли бўлиб келган. Унга хос бўлган хоксорлигу сокинликни жунбишга келтирадиган туйғу - орият, номус эканлигини яхши биламиз. Аммо ҳаётда XXI аср вабоси - СПИД, гиёҳвандликка чалиниб, ўз инсоний қиёфасини йўқотганлар ёки динни ниқоб қилиб экстремизм, терроризм балосига ўзини-ўзи қурбон қилаётганлар борлиги, бугун ўз танини сотиб кун кечираётганлар кўпаяётганлиги нега барчамизнинг ориятимизни жунбишга келтирмаяпти?

Ота-онага қўл кўтариб, уларни мададга муҳтож пайтларида йўқламай, ҳаётининг мазмунини кийиниш, турли ғайриинсоний йўллар билан мўмай даромадлар орттириб, нафсини жиловлаёлмай, умрнинг лаззати шу, деб билганлар нега бизнинг ғуруримизни қўзғамайди? Ёки бугун телевизор экранларидаги менталитетимизга тўғри келмайдиган турли рекламалару беҳаё клипларга нега бефарқмиз?

Ҳа, шундай. Модомики, ҳаётда юз бераётган ҳар бир салбий масалага бефарқ бўлар эканмиз, бунинг оқибати ҳамиша аччиқ бўлиб қолаверади. Шу боис, ҳар бир шахс мустақил фикр юритиб, ҳар бир қалб ўз нуридан мунаввар бўлмаса, Ватанда оламшумул юксалиш ҳам, ўзгариш ҳам бўлмайди. Ватан илмсизлик балосидан қутулсагина келажаги порлоқ, юртимизнинг ҳар бир гўшаси маърифат ва маънавият, тафаккур ва ҳақиқат нурига бурканади. Зеро, миллатнинг улуғ саодати ҳам маърифатдадир.

 

Башорат РАЗЗОҚОВА,

Жаббор Расулов ноҳияси, Ғўлакандоз қишлоғи.

Joomla блог