ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ

Исрофгарчиликни танлайсизми ё «қурумсоқлик»ни?

Муаллиф: Super user Категория: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ
Чоп этилган 20 Декабр 2018 Кӯришлар: 214
Печат

 

tujУзоқ сафарга чиқишнинг ҳам ўзгача гашти бор. Ҳар дафъа турли хил кишиларни учратасиз. Одатда бундай сафарларда йўловчилар турли мавзуларда суҳбатлашиб кетишади. Уларнинг суҳбатларини тинглаган ҳолда, бунча узоқ йўлни қандай босиб ўтганингизни ҳам билмай қоласиз.

Биз ўтирган йўловчи ташиш машинаси Қабодиён-Душанбе йўналиши бўйлаб ҳаракатланаяпти. Гапдан гап чиқиб, мавзу юртимизда ўн йилдан зиёд

вақтдан буён амал қилаётган «Тожикистон Республикасида анъана, тантана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун томон бурилди. Машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган эркак ва аёл Қабодиёнга меҳмонга келишган экан. Эркак ўзи Данғара ноҳиясидан бўлиб, Қабодиёндан уйланган экан.

Тўйларда биттадан зиёд қозон қайнатилиши мумкин эмаслиги, Қабодиён ноҳиясида қонуннинг ушбу талабларига риоя этилаётгани ҳақида гап кетганида, ҳалиги аёл: «Биз томонда одамлар истаганларидек тўй қилишяпти. Уч хил таом тайёрлашаяпти. Бирон киши бировнинг мушугини «пишт» деяётгани йўқ. Қабодиёнликларнинг ўзлари - қурумсоқ. Катта тўй қилишни истамаганларидан кейин, қонунни баҳона қилишади», - деди.

Бу гапни эшитган бошқа бир йўловчи йигит гапга аралашди:

- Қонун жудаям ўринли қабул қилинди. Шу қонун қабул қилинганидан жуда хурсанд бўлдим. Чунки сиз айтаётгандек, ҳашаматли тўй қилишга ҳар кимнинг кучи етавермайди. Бундай тўйни ўзига тўқ оилаларнинг чўнтаги кўтариши мумкин. Лекин камбағалроқ одамларнинг бундай тўй қилишга кучлари етмаса-да, улардан орқада қолишни, ўзларини паст кўрсатишни исташмайди. Кейин тўй қилиш мақсадида, банклардан қарз олиш, неча йиллар мобайнида қарзларини қайтариш каби муаммоларга рўпара келишади. «Еган оғиз уялар», - деганларидек, қўшнининг маъракасида сигир гўштини еган оддий киши унга ўз маъракасида эчки гўштини едиришга номус қилади. У ҳам кучи етмаса-да, сигир сўйишга интилади. Бу қонун орадан мана шу фарқиятни кўтарди. Энди бой билан камбағал бир хил тўй қилади. Шундай экан, «Мен сендан камми?» деган гапга ҳам ўрин қолмайди.  

«Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун кўпчилик аҳоли томонидан яхши кутиб олингани ва риоя этилаётганига қарамасдан, «Шоли курмаксиз бўлмайди», деганларидек, бугунги кунда ҳам ушбу қонун талабларини бузаётган, тўй-маъракаларида икки-учтадан таом тайёрлаётган ватандошларимиз учраб туради.

Тўй қилаётган киши учун битта таомни тайёрлашнинг ўзи қанчадан-қанча харажатларни келтиради. Учта таом тайёрлаш – бу уч баравар харажат демак. Тўйга келган одамлар шу уч хил таомнинг барчасини еб кетаяпти, деб ўйлайсизми? Йўқ! Ҳар бир таомдан «чўқилаган» бўлишади, холос. Улардан қайтиб чиққан овқатлар энди ейишга яроқсиз бўлади. Бу дегани, тайёрланган таомларнинг қарийб ярми чорва молларининг охурига тўкилади. Таомлари исроф бўлишини истамаган юртдошларимиз тўй-маъракаларида бир хил таом тайёрлашлари яхши эмасми? Устига-устак, Ислом дини ҳам исрофгарчиликни қоралайди. Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”.

Шу ўринда, мотам маросимлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Аввал қўли калта одамларнинг: «Худойим ота-онамнинг умрларини узоқ қилсин. Шу кунларда уларнинг маъракаларини ўтказиш учун умуман иложим йўқ»,- деган гаплари қулоққа чалиниб турарди. Чунки яқин одамидан айрилганининг қайғуси бир томонда қолиб, унинг уч, етти, йигирма, қирқини қандай ўтказиш, чорвани қаердан олиб сўйиш ҳақида қайғуришига тўғри келарди.

Энди амалдаги қонуннинг дафн маросимлари ва азани тартибга солувчи 11-моддасига биноан, дафн ва аза маросимларининг барчаси чорва сўйилмасдан ва таом берилмасдан ўтказилиши керак. Жумладан, «уч кунлик», «қирқ» ва «йил» маросимлари чорва сўйилмасдан ва таом тарқатилмасдан ўтказилади. «Оши сари тахта», «душанбалик», «жумалик», «еттилик», «йигирмалик» ва «олти ойлик» каби бошқа тақиқланган маросимларни ўтказишда ҳам чорва сўйилиши ва таом тарқатиш тақиқланади.

…Ҳар бир қонун, шу жумладан, «Тожикистон Республикасида анъана, тантана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонун ҳам мамлакат фуқароларининг манфаати ҳисобга олинган ҳолда, ишлаб чиқилган. Буни англаб етиш учун фақат вақт талаб қилинади. Юртдошларимиз исрофгарчиликни танлашадими ёки «қурумсоқлик»ни, бу ўзларининг ҳукмига ҳавола.

 

Г.Аюпова,

«Халқ овози».

Joomla блог