ИҚТИСОД

Қоракўл қўйларини оширишнинг асосий омили

Муаллиф: Super user Категория: ИҚТИСОД
Чоп этилган 10 Апрел 2020 Кӯришлар: 247
Печат

 

quy 2020Баҳор чорвадорлар учун масъулият фасли ҳисобланади. Республикамиз чорвадорлари қарамоқларидаги 5 миллион 781 минг бош қўй-эчкиларни қиш фаслидан талафотсиз чиқариб, қўзилатиш мавсумини яхши ўтказишди. Айни пайтда республикамиздаги мавжуд қўй-эчкиларнинг 491 минг 385 боши ёки 8,5 фоизини қоракўл қўйлари ташкил этади.

Республикада қоракўлчиликни янада ривожлантиришнинг асосий омили

бўлган қўй туёғини кўпайтиришда кўплаб соғлом қўзи олиш, қулай шароит яратиш асосида янги туғилган қўзиларни тўла сақлаб қолиш ва парваришлаш ҳамда вояга етказиш мутахассислар – зоотехник, ветеринар ва чўпон-чўлиқларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Қоракўлчиликда ўстириш учун қўзи қолдириш даври узоғи билан 20-25 кун давом этади. Шу вақт ичида она совлиқларнинг 85-90 фоизи қўзилаб бўлади. Ана шу кунларда ўстириш учун қолдирилган қўзилар қўзи айириш вақтигача яхши ривожланади ва ҳар қайсисининг тирик вазни 25-35 килограммгача етади. Бундай қўзилар маҳсулдор, соғлом совлиқлар бўлиб етишади. Тўл олиш мавсумининг охирларига бориб қолдирилган қўзилар яйловда майин ўтлар қовжираб қуриб қолиши ҳамда об-ҳавонинг исиб кетиши оқибатида ривожланмайди. Натижада, бундай қўзилар яхши ривожланмай қолади ва уларни парваришлаш учун келгусида катта эътибор қаратиш лозим бўлади. Қолаверса, қулай шароит бўлмаганда ёки қиш қаттиқ келганда, бундай совлиқлар кўп нобуд бўлади.

Қўзилатиш мавсумининг қисқа вақт ичида ўтишини назарда тутиб, мутахассислар соғлом ва бақувват урғочи қўзиларни ўстириш учун қолдиришга алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Чунки қоракўл қўйлар сонининг кўпайиши, биринчи навбатда, она совлиқлар сонига боғлиқ бўлади.

Ҳар бир ферма ва отарда она совлиқларнинг сони отардаги умумий қўй бошининг 74-75 фоизини ташкил этмоғи лозим. Қўйлар сонини оширишнинг асосий омили бўлган урғочи қўзиларни ўстириш учун қолдириш режасининг бажарилиши эса, аввало, ҳар бир хўжаликда қўзилатиш кампанияси олдидан бажарилган ташкилий ишлар ва кўрилган чора-тадбирларга боғлиқдир. Ферма, бригада ва отарларни янги туғилган қўзилар сақланадиган иссиқ хоналар, йирик қўзили совлиқларни об-ҳаво ёмонлашганда сақлайдиган қўралар, етарли миқдорда ем-хашак, керакли инвентарлар билан таъминлаш бу ишда муҳим аҳамият касб этади.

Янги туғилган қўзилар бонитировкаси(баҳолаши)ни ўтказадиган алоҳида қўтан бўлиши керак, албатта. Ҳар бир қўзилатиш пунктида кечалари навбатчилик уюштирилиб, қўзилаган она совлиқларни қўзилари билан иссиқ қўраларга ўтказиш тадбирини яхши йўлга қўйиш самара беради.

Қўзиси келажакда ўстиришга қолдириладиган ҳар бир она совлиқнинг синчиклаб танланиши – унинг соғломлиги, қари ё ёшлиги ва сутининг бор-йўқлиги аниқланиши зарур. Қўзи боқадиган совлиқлар елинининг атрофи жунлардан тозаланиб, қўзи эмиши учун гигиеник ҳолат яхшиланиши талаб қилинади.

Янги туққан совлиқ сутининг таркибида «пролактин» витамини бўлади. Бундай сутни тўйиб эмган қўзи тезда вояга етади. Қўзи бир кунда бир неча марта онасини эмиши учун шароит яратиш лозим.

Айни пайтда, республикамизнинг 8та зотчилик қоракўл қўйлари хўжаликларида 110 минг 250 бош қоракўл қўйлари парваришланмоқда. «Қабодиён», «Панж», «Данғара» ва Гагарин номли хўжаликларда 1958 йилдан 1990 йилгача раҳбарлар, мутахассислар, ферма мудирлари ва чўпонлар қоракўл қўйларни кўпайтириш учун она совлиқларга катта эътибор қаратишиб, ҳар бир хўжалик, ферма ва отарда совлиқларнинг бош сонини 74-75 фоизга етказишган. Уларнинг самарали фаолияти туфайли, бир пайтлар ҳар 100 бош совлиқдан 135-145 бошгача соғлом қўзи олишга муваффақ бўлинган. Шу билан бирга, улар кўпроқ урғочи қўзилар парваришига эътибор қаратишган. Ҳар 100 бош совлиқдан 55-65 фоизгача урғочи қўзи олинганлиги муваффақият омилига айланган.

Ҳа, қоракўл қўйлар сонини оширишнинг муҳим омилларидан бири қўзилатиш кампанияси даврида урғочи қўзиларга алоҳида эътибор қаратиш саналади. Республикамиз чорвадорлари ана шу муҳим жиҳатга эътибор қаратган ҳолда, қўзилатиш кампаниясига атрофлича тайёргарлик кўришди.

 

Тошбой КЎГАНОВ,

Чорвачилик илмий-текшириш институтининг катта илмий ходими, қишлоқ хўжалиги

фанлари номзоди.

Нодиршоҳ ДАВЛАТШОЕВ,

катта илмий ходим.

Чори ТАҒАЙНАЗАРОВ, кичик илмий ходим.      

Joomla блог