НАСР

Она фарзандини қалби билан тинглайди

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 20 Феврал 2019 Кӯришлар: 499
Печат

 

ona 2019Ишдан қайтсангиз, салом-аликдан сўнг, фарзандларингиз: -Дада, шакалат опкелдингизми?”- дейишади сабрсизлик билан. Шоколадни олишади-ю кўнгиллари жойига тушади. Аёлингиз: -“Рўзғорнинг камчиликларини олиб келдингизми, дадаси?”- дея қўлингизга қарайди. Селлофан халталарни рафиқангизга узатасиз. Унинг ҳам кўнгли жойига тушади. Онангиз эса: -“Яхши бориб келдингми, болам?!

Ишлар билан ҳорма энди. Тушликни вақтида қилдингми?”- дейди меҳри жўшиб. Остонадан соғ-саломат кириб келганингизни кўрган муштипар онанинг ҳам кўнгли жойига тушади.

***

Онангиз кимгадир ютуқларингиз ҳақида тўлиб-тошиб гапираётганини эшитиб қоласиз. Бу ҳол сизга эриш туюлади. -Бўлди-да энди, она. Ҳадеб мақтайверасизми!? Бошқа гап йўқми сизга? Шу тарзда онангизга ўз норозилигингизни билдирасиз.

Азиз дўстим, у мақтовларни табиий ҳол, деб қабул қилинг, шунчаки оналик меҳрига йўйинг. Шуни унутмангки, эртага онангиздан кейин, шон-шуҳратингиз дунёни тутса ҳам ҳеч ким сиз билан бунчалик фахрланмайди, ҳеч бир инсон сизни онангизчалик мақтаб, кўкларга кўтармайди.

***

Онамнинг қулоқлари оғирроқ. Баландроқ гапирмасангиз эшитмайди. Лекин баъзида оҳистагина “уҳ” тортгудек бўлсам: -Ҳа болам, тинчликми? - дея хавотир олади... Ўйланиб қоламан ва шундай қарорга келаман: “демак, Она фарзандини қалби билан тинглар экан-да!”

***

Ҳаётимнинг турли даврларида олинган суратларни эринмасдан бирма-бир кўздан кечиряпман: синфдошлар, курсдошлар, узоқ-яқин дўстлар ва ҳамкасблар даврасида савлат тўкиб турибман. Ғурурланиб кетдим ўзимдан...

Ажабо! Мингга яқин суратлар орасидан онам билан тушган биттагина расмни тополмадим.

***

“Юлдуз”лар билан селфи олишга эмас, балки ёнингизда балқиб турган “қуёш” билан суратга тушишга ошиқинг.

***

Бир бадавлат дўстимнинг иқрори:

-Оилам билан энг тансиқ таомлар пишириладиган бренд ошхонага тез-тез бориб турамиз. Шу гал борганимда овқатланиб бўлгач, деворда осиғлиқ турган ёзувга кўзим тушди: “Хуш келибсиз! Ошхонамизга бирон марта онангизни ҳам олиб келганмисиз?” Савол мени эсанкиратиб қўйди. Ўша тобда қорним тўйганини, бироқ қалбим очқаганини ҳис этдим.

***

Бугун онангиз ҳолидан хабар олишга имкон топинг. Уйга кирасолиб, унинг мўъжизакор қўлларини қайта-қайта ўпиб, кўзингизга суртинг. “Эртага бориб кўраман-да», деманг. Эртага кеч бўлиши мумкин... У пайтда совуқ жасадни ҳар қанча қучиб, юзингизни қўлларига боссангиз ҳам оналик тафтини туёлмайсиз.

Нозимжон ЭРГАШЕВ.

Joomla блог